Национальная база данных законодательства Республики Узбекистан
ONLINE TRANSLATE
Эр ва хотиннинг умумий мулки

23-модда. Эр ва хотиннинг умумий мулки

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкка нисбатан эр ва хотиннинг эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунларда белгиланади. Фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалигининг мол-мулкини бўлиш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 223 ва 225-моддаларида назарда тутилган қоидалар асосида амалга оширилади.

ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ

Оила кодексининг 5-бобида эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид қоидаларни назарда тутилади. Амалдаги қонунчилик эр-хотин мол-мулкининг қонуний ва шартномавий тартибини белгилайди. Шу сабабли эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари доираси ҳамда мазмуни ана шу икки тартибдан келиб чиқиб белгиланади.

Шарҳланаётган 23-моддада эр ва хотин мол-мулкининг қонуний тартибидан келиб чиқадиган биргаликдаги умумий мулкининг ҳуқуқий мақоми ва бу борадаги асосий қоидалар ўз ифодасини топган.

1. Мазкур модданинг биринчи қисмида эр ва хотин умумий мулкининг вужудга келиш асоси ва пайти ҳамда шартига кўра аниқлаштириш қоидаси назарда тутилган. Аввало, муайян моддий неъматлар эр ва хотиннинг умумий мулки бўлиши учун улар никоҳ давомида орттирилган бўлиши зарур. Никоҳ эр ва хотин ўртасидаги қонуний алоқаларни расмийлаштирувчи асос бўлиб, унинг натижасида эр ва хотин ўртасидаги шахсий номулкий ҳуқуқлар билан бирга, мулкий ҳуқуқлар ҳам юзага келади. Шу боис қуйидаги мол-мулклар эр ва хотиннинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади:

  1. никоҳ давомида орттирилган;
  2. никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклар.

Мазкур ҳолатлар асосида мол-мулк қўлга киритилишидан ташқари, қонунчилик ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлсагина юқорида келтирилган мол-мулклар уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлади. Агар қонунчилик ёки никоҳ шартномасида эр ва хотин мол-мулкининг ҳуқуқий режимига оид ўзгача қоида назарда тутилган бўлса, биргаликдаги умумий мулкнинг ҳуқуқий режими ўзгаради.

2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига нималар кириши белгиланган. Унга кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига қуйидагилар киради:

  1. эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан орттирган даромадлари;
  2. эр ва хотин ҳар бирининг тадбиркорлик фаолиятидан орттирган даромадлари;
  3. эр ва хотин ҳар бирининг интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари,
  4. эр ва хотин томонидан олинган пенсиялар, нафақалар;
  5. 5) махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари:
  • моддий ёрдам суммаси;
  • майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар;
  1. эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар;
  2. эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган қимматли қоғозлари,
  3. эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган пайлари;
  4. эр ва хотиннинг омонатлари;
  5. кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари;
  6. эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари.

Мазкур объектлар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр, ҳам хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

  1. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида эр-хотин мол-мулкининг қонуний тартибига оид бўлган муҳим шарт назарда тутилади. Бинобарин эр ва хотин ўртасидаги уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш ва бошқа сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва даромадга эга бўлмаслик умумий мулкнинг ҳуқуқий режимини ўзгартириш учун асос ҳисобланмайди. Ушбу нормада ифодаланган «бошқа узрли сабаблар» жумласига эр ёки хотиндан бирининг касаллиги, меҳнат қилишга лаёқатсизлиги ва шу каби бошқа ҳолатларни киритиш мумкин.

Мустақил иш ҳақи ва даромадга эга бўлмаган эр ва хотиннинг умумий оилавий вазифаларни бажариш билан шуғулланаётганлиги аҳамият касб этмайди ва улардан бирининг иш ҳақи ва даромади ҳисобига олинган молмулк эр ва хотиннинг умумий мулки ҳисобланади. Бундай мол-мулкка, ҳамда иш ҳақи ва даромадга нисбатан эр ва хотин тенг ҳуқуққа эга бўлади.

  1. Оила кодексининг 23-моддаси тўртинчи қисмига биноан, фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкка нисбатан эр ва хотиннинг эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунларда белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 26 августдаги 662–II сонли янги таҳрирдаги «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддаси учинчи қисмига кўра, агар фермер хўжалигининг устав фонди шакллантирилаётганда фермер хўжалигининг бошлиғи ўз оила аъзоларининг умумий (улушли ёки биргаликдаги) мулки ҳисобланган молмулкни фермер хўжалигига топшираётган бўлса, ушбу мол-мулкнинг барча мулкдорларидан нотариал тасдиқланган розилик олиш талаб этилади.

Мазкур қоида Оила кодексининг 24-моддаси тўртинчи қисмида белгиланган қоидалар билан ҳамоҳанг ҳисобланади ва эр-хотин умумий мулкини тасарруф этишда уларнинг розилиги нотариал тасдиқланиш талабини белгилайди. Фермер хўжалигининг устав фондига эр-хотин умумий мулкининг киритилиши эса мол-мулкни тасарруф этиш шакли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 2 апрелдаги «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги 680-сонли Қонунининг 24-моддаси биринчи қисм ига мувофиқ, деҳқон хўжалигига тегишли мол-мулк, деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги фаолияти натижасида олинган маҳсулотлар ва уларни реализация қилишдан тушган даромад, агар улар ўртасидаги келишувга биноан умумий улушли мулк ташкил этиш назарда тутилган бўлмаса, уларнинг умумий биргаликдаги мулки ҳисобланади.

Деҳқон хўжалигининг мол-мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш хўжалик аъзоларининг ўзаро келишуви асосида амалга оширилади.

Эр-хотин умумий мулки асосида ташкил этилган деҳқон хўжалигининг мулки, агар муайян келишув бўлмаса, умумий мулкнинг биргаликдаги мулк режимига эга бўлади ва унга нисбатан ҳуқуқларни амалга ошириш ўзаро келишувга мувофиқ амалга оширилади.  Эр-хотиннинг умумий мулк асосида ташкил этилган деҳқон хўжалиги мулкининг режими борасида келишув асосида умумий мулкнинг улушли мулк режимини жорий этиш мумкин.

2012 йил 26 апрелда Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–327-сонли «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди ва унда оиланинг, шу жумладан, эр-хотиннинг умумий мулки асосида оилавий корхона ташкил этилиши ҳақидаги қоидалар назарда тутилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 2 майдаги ЎРҚ–328-сонли «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни 6-моддаси еттинчи қисми қуйидагича белгиланди: якка тартибдаги тадбиркорликни амалга ошириш учун эр-хотиндан бири эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мол-мулкидан фойдаланадиган ҳолларда, агар қонунда, никоҳ шартномасида ёхуд эр-хотин ўртасидаги ўзга келишувда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, эрнинг (хотиннинг) розилиги талаб қилинади. Шунингдек, мазкур Қонун 7-моддасининг учинчи хатбошисида оилавий тадбиркорликнинг амалга оширилиши, оддий ширкат ва деҳқон хўжалиги тузилиши, фаолият кўрсатиши ҳамда фаолиятининг тугатилиши билан боғлиқ муносабатлар қонунчилик билан тартибга солиниши белгиланган.

Мазкур нормадан келиб чиқиб, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонун 4-моддасининг биринчи қисмида қуйидаги қоида назарда тутилди: оилавий корхона унинг иштирокчилари томонидан товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) ва реализация қилишни амалга ошириш учун ихтиёрий асосда, оилавий корхона иштирокчиларининг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулк, шунингдек оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик субъектидир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 июлдаги 216-сон қарори билан тасдиқланган «Юридик шахс ташкил этмасдан оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 2-банди иккинчи хатбошисига кўра оилавий тадбиркорлик – эр-хотин томонидан уларга биргаликдаги умумий мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган уларнинг умумий мулки негизида амалга ошириладиган ҳамда эр-хотиннинг ва уларга ёрдам берувчи оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланган, юридик шахс бўлмаган жисмоний шахсларнинг биргаликдаги тадбиркорлик фаолиятидир. 

Эр-хотин умумий мулкининг бир кўриниши ҳисобланган фермер ва деҳқон хўжалиги мол-мулкини бўлиш Фуқаролик кодексининг 223 ва 225-моддалари асосида амалга оширилади.