Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисидаги қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини бир хилда қўллаш мақсадида «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига асосан, Олий суд Пленуми қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги «Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги 36-сонли қарорига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
2-кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2) юридик ва жисмоний шахсларни, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризалардан;»;
қуйидаги мазмундаги 61-кичик банд билан тўлдирилсин:
«61) арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги аризалардан»;
7-кичик бандидаги «судининг (арбитражининг)» деган сўзлар «судининг, арбитражнинг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
биринчи хатбошисидаги «апелляция ва кассация» деган сўзлар «апелляция, кассация ва тафтиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги «г1» кичик банд билан тўлдирилсин:
«г1) арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича ажримлар устидан»;
«д» кичик бандидаги «судининг (арбитражининг)» деган сўзлар «судининг, арбитражнинг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
10-кичик банди чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги 5.1-банд билан тўлдирилсин:
«5.1. Иш кўриш учун бир иқтисодий суддан бошқа иқтисодий судга ИПК 39-моддасига асосан ўтказилганда, аввал тўланган давлат божи ва почта харажатлари ишни кўриш якуни бўйича инобатга олиниши керак.
ИПК 152-моддасининг учинчи қисми мазмунига биноан, судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича суддан ёки маъмурий суддан даъво аризаси (ариза) ёки иш материаллари келиб тушганда давлат божи кам тўланганлиги аниқланса, судья даъво аризаси (ариза) ёки иш материаллари судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида даъвогарни (аризачини) ажрим орқали хабардор қилади ва унга бунинг учун ўн кундан ортиқ бўлмаган муддат беради.
Мазкур кўрсатма белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, судья даъво аризаси (ариза) ва унга илова қилинган ҳужжатларни ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 11-бандига асосан қайтаради»;
қуйидаги мазмундаги 6.1 — 6.6-бандлар билан тўлдирилсин:
«6.1. Судларнинг эътибори, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун 17-моддаси саккизинчи қисмининг мазмунига биноан, агар мулкий низо бўйича судга даъво аризаси берилганда, даъво қиймати чет эл валютасида белгиланса, давлат божининг миқдори даъво аризаси тақдим этилган санада Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада белгиланиши ва ундирилишига қаратилсин.
Ушбу қоида суд қарорлари устидан шикоят беришда ҳам қўлланилади.
6.2. Судларга тушунтирилсинки, даъвогар томонидан даъво талаблари камайтирилган тақдирда, давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди ҳамда тўланган давлат божи қайтарилмайди.
Неустойка миқдори иқтисодий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 326-моддасига асосан камайтирилганда, даъвогарнинг давлат божи бўйича харажатлари, неустойкани камайтирмасдан ундирилиши лозим бўлган суммадан келиб чиққан ҳолда жавобгар томонидан қопланади, агар даъвогар давлат божини тўлашдан озод этилган бўлса, давлат божи жавобгардан (агар у давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса) юқорида белгиланган миқдорда давлат даромадига ундирилади.
6.3. Иқтисодий судга мурожаат қилишда кичик тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланган бўлиб, даъво талаблари қаноатлантирилганда, агар жавобгар давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса, ишни кўриш натижаси бўйича ундан ундириладиган давлат божининг миқдори даъвогар томонидан тўлаб чиқилган сумма билан чегараланади.
Давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан кичик тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво талаблари қаноатлантирилган ёки рад этилган тақдирда давлат божи тарафлардан умумий асосларда ундирилади.
Агар иқтисодий судга мурожаат қилишда кичик тадбиркорлик субъектига давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилган бўлса, давлат божи ишни кўриш натижаси бўйича тегишли тарафдан қонунда белгиланган ставкада ундирилади.
6.4. Корпоратив низолар бўйича таъсисчини ёки бир нечта таъсисчиларни жамият иштирокчилари сафидан чиқариш тўғрисидаги даъволар бўйича давлат божи номулкий хусусиятдаги даъво аризалари учун белгиланган миқдорда битта талаб деб баҳоланган ҳолда тўланади ёки ундирилади.
6.5. Судларнинг эътибори ИПК 149-моддасининг мазмунига кўра, даъвонинг баҳоси даъво аризасида кўрсатилиши лозимлигидан келиб чиқиб, мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш, мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъво аризасига даъво (мулк)нинг қийматини баҳосини (мулкнинг қийматини) тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиниши лозимлигига қаратилсин.
Мулк ҳуқуқи, мол-мулкни талаб қилиб олиш билан боғлиқ низолар бўйича мулкнинг қиймати аниқ бўлмаган тақдирда суд ишни кўриш давомида давлат божи тўғри ундирилишини таъминлаш мақсадида мавжуд ҳужжатлар асосида мулкнинг қийматини аниқлаш чорасини кўради.
Агар мавжуд ҳужжатлар асосида мулкнинг қийматини аниқлаш имкони бўлмаса, буни аниқлаш суднинг ажримига асосан баҳоловчи ташкилот томонидан амалга оширилади ва баҳолаш харажатлари даъвогарнинг зиммасига юкланади.
Кейинчалик, бу харажатлар ИПКнинг 118-моддасига биноан тақсимланади.
Мулкнинг қиймати аниқ эмаслиги белгиланган миқдордаги давлат божини ундирмаслик учун асос бўлмайди.
6.6. Номулкий хусусиятдаги даъво аризаларидан (аризалардан), тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризалардан, шартномани тузиш, ўзгартириш ёки бекор қилишдан келиб чиқадиган низо бўйича давлат божи уни бериш кунида амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўланади.
Ушбу қоида давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органи ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан шахслар манфаатида тақдим этилган даъволар бўйича ҳам татбиқ этилади.
Ушбу тоифадаги ишлар бўйича апелляция, кассация ёки тафтиш шикоятлари билан мурожаат қилинганда давлат божи даъво аризаси (ариза) берилган кунда амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўланади.
Иқтисодий суд томонидан суд ҳужжатларининг дубликатларини ва ишдан бошқа ҳужжатларнинг нусхаларини бериш учун давлат божи уни тўлаш кунида амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўланади»;
12-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ортиқча тўланган суммаларни қайтариш суднинг ҳужжати асосида амалга оширилади»;
қуйидаги мазмундаги 16.1-банд билан тўлдирилсин:
«16.1. Шуни назарда тутиш лозимки, Олий суднинг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни ўрганиш давомида юридик аҳамиятга молик бўлган бир қатор ҳаракатларни амалга оширади.
Шунга кўра, агар, давлат божи олдиндан тўланмаган бўлса, тафтиш тартибидаги шикоят Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказиш рад этилганда давлат божи умумий асосларда ундирилиши лозим»;
17-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«17. Давлат божи тўланмаган ҳолда қабул қилинган аризалар (даъво аризалари) юзасидан давлат божи иш якуни бўйича, ариза қабул қилинган пайтда амалда бўлган давлат божи ставкаси бўйича ундирилади. Ушбу қоида суд қарорлари устидан шикоят беришда ҳам қўлланилади.
Даъвогар (аризачи) тўлашдан белгиланган тартибда озод қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган талаблар миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан давлат даромадига ундирилади.
Давлат божини тўлашдан озод этилган бир ёки бир нечта даъвогар (аризачи) томонидан бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилган даъво аризаси (ариза) тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганда, у давлат фойдасига ҳар бир жавобгардан алоҳида қаноатлантирилган талабларга мутаносиб равишда ундирилади.
Даъво аризаси (ариза) қаноатлантирилган ҳолда даъвогар (аризачи)нинг тегишли илтимосномаси мавжуд бўлгандагина, суд харажатлари унинг зиммасига юклатилиши мумкин.
Давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатида киритган даъво аризалари (аризалар)ни қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан даъво талабларининг қаноатлантириш рад этилган қисмига мутаносиб равишда, шунингдек даъво кўрмасдан қолдирилганда ёки иш юритиш тугатилганда давлат божи манфаати кўзланиб даъво киритилган даъвогарлардан ундирилади, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасида назарда тутилган даъвони кўрмасдан қолдириш ёки иш юритиш тугатиш ҳоллари бундан мустасно.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 10 октябрдаги ПҚ-3318-сонли қарори 3-банднинг тўртинчи хатбошисида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиш ҳуқуқи берилган бўлиб, бунда даъво аризасини қаноатлантириш рад этилганда манфаати кўзлаб даъво аризаси киритилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларидан давлат божи ундирилмаслиги белгиланган.
Судлар мазкур қоида даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилганда ҳам қўлланилиши лозимлигига эътибор қаратишлари лозим.
Агар даъво аризасида битимни ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса, ушбу талаб бўйича давлат божи мулкий хусусиятга эга даъво аризалари учун белгиланган ставка бўйича ундирилади»;
18-банднинг иккинчи хатбошисидаги «давлат божи жавобгардан» деган сўзлардан кейин «қаноатлантирилган талабларга мутаносиб равишда» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
18-банд қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Судларга тушунтирилсинки, даъво аризаси (аризаси) иш юритишга қабул қилинганидан кейин низо бартараф этилганлиги муносабати билан медиатив келишув тузишга йўл қўйилмаслиги сабабли бундай ҳолатда иш мазмунан кўриб чиқилиши ва натижаси бўйича давлат божи умумий асосларда ундирилиши лозим.»;
20-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
«Суд ҳужжатининг фақатгина давлат божига оид қисми шикоят қилинган тақдирда, давлат божи тўланмайди. Бунда судларнинг эътибори апелляция, кассация ва тафтиш шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича низолашилаётган суд ҳужжатининг давлат божидан ташқари қисми ўзгартирилган ёки бекор қилинганда, давлат божини ундириш масаласи ИПКда назарда тутилган умумий тартибда ҳал қилинишига қаратилсин.
Апелляция, кассация ва тафтиш шикоятлари суд ҳужжатининг бир қисмига нисбатан берилганда давлат божи суд ҳужжатининг низолашилаётган қисмидан келиб чиқиб ҳисобланади.»;
қуйидаги мазмундаги 201-банд билан тўлдирилсин:
«201. Суд ҳужжати бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун қуйи судга юборилганида, давлат божини тақсимлаш масаласи ишни янгидан кўраётган суд томонидан тўланган давлат божи ва даъво талабларининг қаноатлантирилган миқдори ҳисобга олинган ҳолда ҳал этилади.»
21-банд «апелляция, кассация» деган сўзлардан кейин «ва тафтиш» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
22-банддаги «апелляция ва кассация» деган сўзлар «апелляция, кассация ва тафтиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги 22.1, 22.2, 22.3-бандлар билан тўлдирилсин:
«22.1. ИПК 265-моддасининг иккинчи қисми, 288-моддасининг иккинчи қисми ҳамда 313-моддасининг иккинчи қисмида апелляция, кассация ва тафтиш протестига почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши назарда тутилмаган.
Судларнинг эътибори протест асосида кўрилган иш бўйича суд харажати ишни кўриш натижасига кўра, тегишли тарафдан ундирилишига қаратилсин.
22.2. Апелляция, кассация ёки тафтиш шикоятидан воз кечилган ва шикоятдан воз кечиш суд томонидан қабул қилинган ҳолда, тегишли суд инстанцияси шикоят бўйича иш юритишни тугатади ва тўланган давлат божи қайтарилмайди, тўланмаган давлат божи эса, шикоят берган шахсдан ундирилади.
Судларнинг эътибори апелляция, кассация ёки тафтиш шикояти кўрмасдан қолдирилганида тўланган давлат божи қайтарилмаслигига, тўланмаган давлат божи эса, шикоят берган шахсдан ундирилишига қаратилсин.
22.3. Қонуний кучга кирган суд ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган ва иш янгидан кўрилганда, суд инстанциялари учун давлат божини тақсимлаш масаласи ишни янгидан кўраётган иқтисодий суд томонидан тўланган давлат божи ва даъво талабларининг қаноатлантирилган миқдори ҳисобга олинган ҳолда ҳал этилади».
2. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 25 октябрдаги «Маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти ҳақида»ги 20-сонли қарорига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
Пленум қарори сарлавҳасидаги «ҳақида» сўзи «тўғрисида» сўзига алмаштирилсин;
3-бандининг иккинчи кичик бандидаги «бериладиган апелляция ва кассация шикоятларидан:» деган сўзлар «бериладиган апелляция, кассация ва тафтиш шикоятларидан:» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3-бандининг иккинчи кичик бандидаги «(бундан МСИЮтКнинг 108-моддаси 1-банди билан иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим мустасно)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
5-бандининг иккинчи хатбошисидаги «тўлов топшириқномаси» деган сўзлардан кейин «ёки электрон тўлов тизимидан олинган маълумотлар» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
51-банд билан тўлдирилсин:
«51. МСИЮтК 131-моддасининг учинчи қисми мазмунига биноан, судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича суддан ёки иқтисодий суддан ариза (шикоят) ёки иш материаллари келиб тушганда давлат божи кам тўланганлиги аниқланса, судья ариза (шикоят) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида аризачини ажрим орқали хабардор қилади ва унга бунинг учун ўн кундан ошмайдиган муддат беради.
Мазкур кўрсатма белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, судья ариза (шикоят) ва унга илова қилинган ҳужжатларни МСИЮтК 134-моддаси биринчи қисмининг 11-бандига асосан қайтаради»;
6-банди қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бунда судлар, аризада жавобгар зиммасига муайян мажбурият юклашнинг сўралиши алоҳида талаб эмас, балки ҳуқуқни тиклаш чораси ҳисобланишига эътибор қаратишлари лозим»;
9-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Шу билан бирга, агар ариза кўрмасдан қолдирилганлиги ёки қайтарилиши муносабати билан давлат божи қайтарилиши лозим бўлган, лекин қайтарилмаган бўлса, ариза кўрмасдан қолдирилган ёки қайтаришга асос бўлган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг такроран берилган ҳолда аризага, агар давлат божи бюджетга ўтказилган кундан эътиборан фуқаролик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ даъво муддати тугамаган бўлса, давлат божи тўланганлиги ҳақидаги дастлабки ҳужжат илова қилинишига йўл қўйилади («Давлат божи тўғрисида»ги Қонун 19-моддасининг тўртинчи ва йигирма биринчи қисмлари)»;
9-бандининг тўртинчи хатбошисидаги «МСИЮтКнинг 105-моддаси 4-банди» деган сўзлар «105-моддаси 1, 5-бандлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
12-бандидаги «Қонуннинг 10-моддасида» деган сўзлар «Қонуннинг 18-моддасида» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
13-банди қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«МСИЮтК 113-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар суммаси суд томонидан белгиланиши ва ишда иштирок этувчи шахслардан ишни кўриш натижаларига кўра ундирилиши лозимлигига судларнинг алоҳида эътибори қаратилсин»;
15-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. Тушунтирилсинки, гувоҳлар, экспертлар мутахассислар, таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар ва уларни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 октябрдаги 570-сонли қарори билан тасдиқланган «Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низоми билан белгиланган»;
16-банди қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Тадбиркорлик субъектлари ўзларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинганлиги, ишнинг натижаси бўйича талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи улардан талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилиши судларга тушунтирилсин («Давлат божи тўғрисида»ги Қонун 10-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ва иккинчи қисми).
Кичик тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларнинг талаблари қаноатлантирилганда давлат божи жавобгардан (давлат божи тўлашдан озод қилинмаган бўлса) қонунда аризачи учун белгиланган ставкада ундирилади»;
17-банди қуйидаги мазмундаги тўртинчи — еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Жисмоний шахслар нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувини рўйхатга олиш рад этилганлиги ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракат (ҳаракатсизлик)лари юзасидан, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаганлик устидан низолашиш тўғрисидаги ариза (шикоят) билан судга мурожаат қилишда давлат божи тўлашдан озод этилмаганлиги боис Давлат божи ставкаларига асосан БҲМнинг 1 баравари миқдорида давлат божи тўлашлари лозим.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан тақдим этилган ариза (шикоят) қаноатлантиришдан рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3318-сонли Қарорининг 3-бандига асосан манфаати кўзлаб ариза (шикоят) киритилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларидан давлат божи ундирилмайди.
Мазкур қоида ариза кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилганда ҳам қўлланилиши лозим.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси молия органлари таркибига кириши сабабли «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун 10-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига асосан барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича давлат божидан озод этилганлигига эътибор қаратилсин»;
18-банди қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Агар ишда иштирок этувчи шахслар келишув битими тузган бўлиб, унда суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлса, судлар давлат божини ушбу келишувга мувофиқ тақсимлаши, келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисида шарт мавжуд бўлмаса, бу масала келишув битимини тасдиқлаш чоғида, МСИЮтКда белгиланган умумий тартибда ҳал этилишига судларнинг эътибори қаратилиши лозим»;
21-бандидаги «(1, 9, 11, 12-бандларида кўрсатилган шахслардан ташқари)» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
21-бандидаги «апелляция, кассация» деган сўзлардан кейин «ва тафтиш» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
211-банд билан тўлдирилсин:
«211. Шуни назарда тутиш лозимки, Олий суднинг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни ўрганиш давомида юридик аҳамиятга молик бўлган бир қатор ҳаракатларни амалга оширади.
Шунга кўра, агар, давлат божи олдиндан тўланмаган бўлса-да, бироқ бунинг учун тафтиш шикояти қайтарилмаган бўлса, шикоятни Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказиш рад этилганда давлат божи умумий асосларда ундирилиши лозим».
212-банд билан тўлдирилсин:
«212. МСИЮтК 206-моддасининг биринчи қисми, 230-моддасининг биринчи қисми ҳамда 255-моддасининг биринчи қисмида апелляция, кассация ва тафтиш протестларига почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши назарда тутилмаган.
Судларнинг эътибори протест асосида кўрилган иш бўйича суд харажати ишни кўриш натижасига кўра, тегишли тарафдан ундирилишига қаратилсин.
Апелляция, кассация ёки тафтиш шикоятидан воз кечилган ва шикоятдан воз кечиш суд томонидан қабул қилиниб, шикоят бўйича иш юритиш тугатилган тақдирда тўланган давлат божи қайтарилмайди, тўланмаган давлат божи эса шикоят берган шахсдан ундирилади.
Бу қоида апелляция, кассация ёки тафтиш шикояти кўрмасдан қолдирилганида ҳам татбиқ этилади.»
22-бандидаги «апелляция, кассация» сўзларидан кейин «ва тафтиш» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б. ИСЛАМОВ
Пленум котиби, Олий суд судьяси Н. ХАКИМОВА
Тошкент ш.,
2024 йил 16 декабрь,
38-сон