Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
«ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИНИ АМАЛГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 1 апрелдаги ЎРҚ-680-сонли «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни 1998 йил 1 июлдан амалга киритилсин. Мазкур Қонуннинг амалга киритилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 18 мартдаги Фармони билан тасдиқланган «1998 — 2000 йиллардаги даврда қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш дастури»да назарда тутилган муддатлар ва тадбирларга мувофиқ равишда таъминлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳолга келтирсин;
амалдаги шахсий ёрдамчи хўжаликларни деҳқон хўжаликларига айлантириш тартибини тасдиқласин;
вазирликлар ва идоралар мазкур Қонунга зид бўлган ўз норматив ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
3. 1998 йилнинг 1 июлидан эътиборан Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатлари бутунлай ёки қисман ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлда қабул қилинган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, № 10, 403-модда);
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 3 июлда қабул қилинган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, № 10, 404-модда);
Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 30 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни IV бўлими (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 9, 241-модда).
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 30 апрель,
605-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 89-модда)