Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан Миср Араб Республикаси Ёшлар ва спорт вазирлиги ўртасида
Англашув меморандуми
Ёшлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Тошкент, 5 сентябрь 2018 йил
(Ўзбекистон Республикаси учун 2018 йил 5 сентябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Миср Араб Республикаси Ёшлар ва спорт вазирлиги, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга интилиб,
ёшлар соҳасидаги ҳамкорлик икки халқ ўртасидаги яқинлашув ва ўзаро англашувни чуқурлаштириш учун муҳим аҳамият касб этишига ишонган ҳолда,
икки давлат ёшлари ўртасида дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида ўзаро англашувга эришдилар:
1-модда
Мазкур Меморандумнинг мақсади Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси ёшлари ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, икки мамлакат ёшларининг ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш соҳасида Томонларнинг ўз ваколатлари ва мазкур Меморандум қоидалари доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантиришдан иборат.
2-модда
Томонлар мазкур Меморандум доирасида қуйидаги устувор йўналишларда ҳамкорликни амалга оширадилар:
Томонлар тарафидан ўтказиладиган халқаро ёшлар конференциялари, давра суҳбатлари, фестиваллар, кўргазмалар, оромгоҳлар ва бошқа тадбирларнинг ишида ёшлар делегацияларининг иштирокини таъминлаш;
ҳар иккала давлатлар ёшлари учун семинарлар ташкил қилган ҳолда қуйидаги соҳаларда тўғридан-тўғри ҳамкорликни янада ривожлантириш:
Ёшлар ва волонтёрлик фаолияти;
Ёшлар ва санъат;
Ёшлар туризми.
3-модда
Мазкур Меморандум доирасида ҳамкорлик бўйича амалга ошириладиган тадбирларнинг молиявий шартлари Томонларнинг ўзаро келишувига биноан, жорий йил учун назарда тутиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан белгиланади.
4-модда
Томонлар ўртасида алмашиладиган барча маълумотлар қатъий равишда махфий ҳисобланади ва бошқа Томоннинг олдиндан ёзма розилигисиз учинчи томонга ошкор этилиши мумкин эмас. Шунингдек, улардан мазкур Меморандумда назарда тутилмаган мақсадларда ҳам фойдаланилмайди.
5-модда
Томонлар ўз давлатларидаги қонун ва қоидаларга риоя қилиш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.
6-модда
1. Мазкур Меморандум имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва уч (3) йиллик муддатга тузилади ҳамда Томонлардан бири навбатдаги муддат тугашидан камида уч ой аввал Меморандум амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, ўз-ўзидан кейинги уч йиллик муддатларга узаяверади.
2. Мазкур Меморандум қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган келишмовчиликлар, келишиш учун бирон-бир миллий, халқаро ва учинчи томон судига мурожаат қилинмасдан, Томонлар ўртасида дўстона маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилинади.
3. Мазкур Меморандум Томонлар ўртасида ўзаро келишилган ҳар қандай бошқа тадбирларни ва ташрифлар алмашиш имкониятини истисно этмайди.
4. Мазкур Меморандум амал қилишининг тугатилиши мазкур Меморандум қоидалари асосида кучга кирган ҳамда унинг амал қилиши тугатилиши пайтида тугалланмаган ҳамкорлик соҳаларига дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 5 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Мазкур Меморандум қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади,
(имзолар)