Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Латвия Республикаси халқлари ўртасидаги маданият ва санъат соҳасидаги дўстона алоқаларини ва ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ниятини ифода этиб,
иккала давлат халқларининг маданий алоқа ва дўстона муносабатлари анъаналарини эътиборга олиб,
маданият ва санъат соҳасидаги алоқалар иккала мамлакат халқларининг туб манфаатларига жавоб беришига ва дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг янада ривожланишига ишонган ҳолда,
Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари ҳудудларида истиқомат қилувчи иккала давлат фуқароларининг манфаатларини эътиборга олиб,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар Ўзбекистон ва Латвия халқларининг маданий алоқаларига таянган ҳолда, уларнинг маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлигининг бундан кейин ҳам ривожланишига кўмаклашадилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўз давлатлари фуқароларини иккинчи Аҳдлашувчи Томон давлати маданияти ютуқлари билан танишиши учун кенг имкониятлар яратади.
Аҳдлашувчи Томонлар давлат муассасалари ўртасида бевосита ҳамкорлик ва тўғридан-тўғри алоқаларнинг ўрнатилиши ва кенгайтирилишига, манфаатдор ташкилотлар ўртасида тажриба алмашишга кўмаклашадилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар маданий ҳамкорликнинг икки томонлама дастурлари ва лойиҳалари асосида профессионал ва ҳаваскор бадиий коллективлар, гуруҳлар, ансамбллар, алоҳида ижрочилар билан алмашувга кўмаклашадилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар санъат арбобларини, ижодий коллективларни мусиқа, театр, ашула ва фольклор конкурсларида фестивалларида қатнашиш учун бир-бирларига таклиф қилишни рағбатлантирадилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар театр, эстрада, цирк, кино санъати, тарихий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, ҳаваскор халқ ижоди, халқ ҳунармандчилиги соҳаларида мутахассислар билан алмашувга ва ҳамкорликка қулай шароитлар яратадилар.
6-модда
Аҳдлашувчи томонлар китоблар, нашрлар, каталоглар, бошқа ахборот материаллари билан алмашиш йўли билан кутубхона ишида ҳамкорлик қиладилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар маданият ва санъат ўқув юртлари ўқитувчилари, олимлар, аспирантлар ҳамда мутахассислар билан алмашувни амалга оширадилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар музей иши соҳасида ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар, тасвирий, декоратив амалий санъат кўргазмалари билан алмашувга кўмаклашадилар.
9-модда
Ушбу Битимни бажариш мақсадларида Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари бўйича вазирлиги ва Латвия Республикаси Маданият вазирлиги ўртасида бюджет имкониятлари доирасида икки томонлама алмашув дастурлари ишлаб чиқилади.
10-модда
Ушбу Битим имзоланган пайтдан кучга киради.
Ушбу Битим 5 йил муддатга тузилади ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири иккинчи Аҳдлашувчи Томонга унинг амалини тўхтатиш нияти ҳақида ёзма равишда тегишли муддат тугашидан олти ой илгари билдирмаса, ўз-ўзидан ҳар сафар кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади.
Бу Битим амалининг тўхтатилиши ушбу Битим доирасида бошланган ва унинг амалининг тугаши вақтида тўлиқ бажарилмаган ҳар қандай қўшма фаолиятнинг охирига етказилишига таъсир қилмайди.
Тошкент шаҳрида 1996 йил 23 майда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, латиш ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда ҳар қандай келишмовчиликлар юзага келган ҳолда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)