Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди қўшма пленумининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ВА ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ҚЎШМА ПЛЕНУМИ ТОМОНИДАН ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН АЙРИМ ҚАРОРЛАРГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
Республикада ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва унинг натижалари бўйича қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17 ва 47-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди қўшма Пленуми қарор қилади:
I. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумлари томонидан қабул қилинган қуйидаги қўшма қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги «Суд ҳокимияти тўғрисида»ги 1 /60-сонли қарори:
а) 2-бандининг учинчи хатбошиси чиқарилсин;
б) 6-бандидаги «9-моддасига» сўзлари «10-моддасига» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) 10-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
««Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, умумий юрисдикция судларини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларнинг фаолияти учун зарур шароитлар яратиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги низоми белгиланган тартибда тасдиқланадиган махсус ваколатли орган томонидан, хўжалик судларига нисбатан эса бундай фаолият Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан амалга оширилади».
2. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонунчиликни қўллаш суд амалиёти тўғрисида»ги 2/84-сонли қарори:
а) кириш қисмининг бешинчи хатбошисидаги «16» рақами «17» рақамига, «46» рақами «47» рақамига ўзгартирилсин;
б) 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судларга тушунтирилсинки, қонунларга зид бўлган идоравий меъёрий ҳужжатлар, низом ва кўрсатмалар низоларни ҳал қилишда татбиқ этилиши ва айбловнинг асосига қўйилиши мумкин эмас»;
в) 4-бандининг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судлар назарда тутишлари лозимки, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги 2000 йил 25 майдаги Қонуннинг 39-моддасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш чекланган, яъни ушбу Қонун талабига кўра, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ режали тартибда, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаш-тириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан йилига кўпи билан бир марта амалга оширилиши мумкин»;
г) 5-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги 2000 йил 25 майдаги Қонуннинг 18-моддасида тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг конституциявий кафолатлари белгиланган. Чунончи, тадбиркорлар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишлари, давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракат (ҳаракатсизлик)лари устидан судга шикоят қилишлари мумкин. Бундай шикоятларни кўришда судлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги «Фуқароларнинг ҳуқуқларини ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан келтирилган шикоятларни судларда кўриш амалиёти тўғрисида»ги 18-сонли қарорига амал қилмоқлари зарур»;
д) 18-банди «Ўзбекистон Республикасининг» сўзларидан сўнг «айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги» сўзлари билан тўлдирилсин.
Тошкент ш.,
2002 йил 25 октябр,
21/108-сон