Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ УСТЮРТ МИНТАҚАСИДАГИ ИНВЕСТИЦИОН БЛОКЛАРДАГЕОЛОГИЯ-ҚИДИРУВ ИШЛАРИНИ ОЛИБ БОРИШ БЎЙИЧА «ГАЗПРОМ» ОАЖ БИЛАН ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 23 январдаги «Устюрт минтақасида геология-қидирув ишларини олиб боришга «Газпром» ОАЖнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф-2428-сон фармойишига мувофиқ ҳамда «Ўзбекнефтгаз» МХК ва «Газпром» ОАЖ ўртасида 2006 йил 25 январда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг Устюрт минтақаси инвестицион блокларида ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишнинг асосий принциплари тўғрисидаги Битимни амалга ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 6 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Устюрт минтақасининг инвестиция блоклари ер ости бойликларини геологик ўрганиш тўғрисида»ги 254-сон қарори билан «Газпром» ОАЖ «Ўзбекнефтгаз» МХК билан биргаликда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Устюрт минтақасида геология-қидирув ишларини олиб боришнинг босқичма-босқич дастури тасдиқланганлиги;
«Газпром» ОАЖ га берилган еттита инвестиция блокида геологик ишларни ўрганиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига белгиланган тартибда лицензиялар берилганлиги;
«Газпром» ОАЖ ўзининг шуъба компанияси «Зарубежнефтгаз» ЁАЖ га (кейинги ўринларда — Оператор) «Ўзбекнефтгаз» МХК ва «Газпром» ОАЖ ўртасида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Устюрт минтақасининг инвестиция блоклари ер ости бойликларини геологик ўрганишнинг асосий принциплари тўғрисидаги Битимни амалга ошириш доирасидаги барча ишларни бажаришга ваколат берганлиги;
Оператор томонидан Битим доирасида фақат геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш мақсадида юридик шахс — Ўзбекистон Республикаси резиденти шаклида «Устюрт Зарубежнефтгаз» МЧЖ ташкил этилганлиги;
«Газпром» ОАЖ геология-қидирув ишларини ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштиришни таъминлаши ва Операторнинг ҳаракатлари учун худди ўз ҳаракатлари сингари мулкий жавобгар бўлиши;
лицензия шартномасига мувофиқ, Битим доирасида геология-қидирув ишларини олиб боришда Ўзбекистон ходимларига имтиёз берилиши, шунингдек, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва/ёки етказиб берувчилари томонидан тақдим этилган товарлар, ишлар ва хизматлар имтиёзли ҳуқуққа эга бўлиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 апрелдаги «Нефть ва газ конларини разведка қилиш ҳамда уларни қазиб чиқаришга бевосита хорижий сармояларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-2598-сон Фармонининг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар «Газпром» ОАЖ га, «Зарубежнефтгаз» ЁАЖ га, шунингдек, Битимни ҳамда геология-қидирув ишларини олиб боришнинг босқичма-босқич дастурини амалга ошириш доирасида улар томонидан жалб этиладиган аниқлаш ва қидириш ишларини амалга оширувчи хорижий пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотларига татбиқ этилади;
«Газпром» ОАЖ, «Зарубежнефтгаз» ЁАЖга материалларни етказиб берадиган, ишларни бажарадиган ва хизматларни кўрсатадиган корхона ва ташкилотлар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва уларнинг Битимни ҳамда геология-қидирув ишларини олиб боришнинг босқичма-босқич дастурини амалга ошириш доирасида аниқлаш ва қидириш ишларини амалга оширувчи хорижий пудратчилари қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилинади.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилаётган мазкур Битимни ҳамда геология-қидирув ишларини олиб боришнинг босқичма-босқич дастурини амалга ошириш бўйича аниқлаш, қидириш ва бошқа тегишли ишларни бажариш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, моддий-техника ресурсларини ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиянинг амал қилиш муддатига вақтинча олиб келиш режимида божхона расмийлаштирувини амалга оширсин.
«Зарубежнефтгаз» ЁАЖга хорижий пудратчи ва ёрдамчи пудратчиларга тегишли «М2», «М3» ва «N2» тоифали автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча олиб кириш режимида белгиланган тартибда, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиянинг амал қилиш муддатига улардан фақат Битим доирасида геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқи билан божхона расмийлаштирувини амалга оширишга рухсат берилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши белгиланган тартибда Операторга («Зарубежнефтгаз» ЁАЖ) Битимни амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкаларини ажратсин.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси билан биргаликда белгиланган тартибда Оператор («Зарубежнефтгаз» ЁАЖ)га ер усти ва ер ости манбаларидан сув олиш учун белгиланган тартибда зарур лимит ажратсин.
6. «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси белгиланган тартибда Оператор («Зарубежнефтгаз» ЁАЖ)га қўлланиладиган технология бўйича ишлаб чиқариш хавфсизлиги қисмида эксперт хулосаларини тақдим этсин.
7. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Оператор («Зарубежнефтгаз» ЁАЖ), пудратчи ва ёрдамчи пудратчиларга Битимни амалга ошириш доирасида радиоэлектрон алоқа воситалари ҳамда юқори частотали қурилмалардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланишга рухсат берсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Ўзбекнефтгаз» МХК томонидан тасдиқланадиган Операторнинг буюртманомаларига биноан Битимни амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга белгиланган тартибда визалар (шу жумладан кўп марталик) расмийлаштирилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Ўзбекнефтгаз» МХК томонидан тасдиқланадиган Операторнинг буюртманомаларига биноан Битимни амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказишни ва унинг муддатини узайтиришни таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Операторга Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилиши, шунингдек, уларнинг буюртманомаларига биноан чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш учун тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
11. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 6 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Устюрт минтақасининг инвестиция блоклари ер ости бойликларини геологик ўрганиш тўғрисида»ги 254-сон қарори 1-бандининг учинчи хатбошиси ўз кучини йўқотган деб топилсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 23 май,
ПҚ-642-сон