LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика олий ва ўрта махсус ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари таркибининг, илмий ходимлари ҳамда таълим-ёрдамчи ходимларининг моддий ва маиший шароитларини янада яхшилаш, нархлар эркин бўлган шароитда уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Барча типлардаги мактабларнинг ўқитувчиларига, болалар уйларининг тарбиячиларига қўшимча имтиёзлар бериш, юқори синф ўқитувчиларининг иш ҳақини ошириш тўғрисида» 1990 йил 13 ноябрдаги Фармонининг қисмлари қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, республика олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари таркибига, илмий ходимлари ва таълим-ёрдамчи ходимларига ҳам жорий этилсин:
— улар яшаб турган давлат ва идораларга қарашли уйлар ҳамда квартираларни шахсий мулк қилиб бепул бериш;
— ер участкаларини ва якка тартибдаги қурилиш учун бинокорлик материалларини сотиб олишга биринчи навбатда ажратиб бериш.
Фармон мазкур бандининг амал қилиши камида 10 йил илмий-педагогик иш стажига эга бўлган ходимларнинг ушбу тоифасига мансуб пенсионерларга жорий этилсин.
2. Вазирлар Маҳкамаси мазкур Фармонни рўёбга чиқаришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида 10 кун муддат ичида қарор лойиҳасини тайёрлаши зарур.