ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ АДМИНИСТРАЦИЯСИ ҲУЗУРИДА ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ТАЪМИНЛАШ МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ
ДИРЕКТОРИНИНГ
ДИРЕКТОРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш учун йиғимлар миқдорлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 31 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3739-1]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-76-сон «Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 августдаги 498-сон «Ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотларини комплекс ҳамда махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директорининг 2025 йил 24 декабрдаги 1-сон буйруғи (рўйхат рақами 3739, 2025 йил 30 декабрь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.01.2026 й., 10/26/3739/0005) билан тасдиқланган Таълим ташкилотларини комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш учун йиғимлар миқдорлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 71-банд билан тўлдирилсин:
«71. Ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш учун базавий йиғим миқдорлари таълим ташкилотининг Агентликка қилган мурожаати асосида Агентлик директорининг буйруғи билан мазкур йиғимларнинг тўртдан бир қисми миқдорида қуйидагилардан бири мавжуд бўлганда қўлланилади:
1) Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида муайян соҳалар учун кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, янги таълим йўналишлари, мутахассисликлар ёки таълим дастурларини жорий этиш бўйича топшириқлар белгиланган бўлиб, ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида тегишли таълим дастурларини давлат аккредитациясидан ўтказиш зарурати юзага келганда;
2) таълим ташкилотининг амалдаги таълим дастурларининг камида 50 фоизи Агентлик томонидан юритиладиган Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотлари реестрига киритилган аккредитация ташкилотлари томонидан аккредитациядан ўтказилган ҳамда ушбу аккредитация натижаларидан давлат аккредитацияси жараёнида фойдаланиш орқали баҳолаш ишлари ҳажмини қисқартириш имконияти мавжуд бўлганда;
3) таълим дастурининг хусусияти, баҳолаш мезонлари ва индикаторларидан келиб чиқиб, жойига чиққан ҳолда ўрганиш талаб этилмасдан махсус давлат аккредитациясини масофавий шаклда ўтказиш имконияти мавжуд бўлганда;
4) таълим ташкилоти бир вақтнинг ўзида 10 та ва ундан ортиқ таълим дастурини махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш учун мурожаат қилганда;
5) бир турдаги ёки турдош таълим дастурларини махсус давлат аккредитациясидан ўтказишда улар учун умумий бўлган таълим, моддий-техника, ахборот-ресурс, кадрлар ёки бошқа инфратузилмани такроран баҳолаш талаб этилмаслиги натижасида аккредитация ишларининг амалдаги ҳажми қисқарганда.
Бунда таълим ташкилоти аккредитация йиғимини камайтиришни сўраб, қуйидагиларни ёзма ёки электрон шаклдаги аризага илова қилиши лозим:
таълим ташкилотининг фаолиятни амалга оширишга рухсат берувчи ҳужжати нусхаси;
ушбу банднинг 1 — 5-кичик бандларида назарда тутилган ҳолатлардан камида биттасини тасдиқловчи ҳужжатлар.
Аризага аккредитация йиғимини камайтиришга асос бўлувчи бошқа маълумотлар ҳам илова қилиниши мумкин.».
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Б. ЮЛДАШЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 22 октябрь,
1-сон
Келишилди:
Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ
2026 йил 6 октябрь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили А. БУРИЕВ
2026 йил 17 август
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ
2026 йил 10 август
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. ШАРИПОВ
2026 йил 10 август
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2026 йил 15 июль
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.11.2026 й., 10/26/3739-1/1087-сон)