Фармонга мувофиқ:
1) Тараққиёт стратегиясида инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича белгиланган вазифалар доирасида:
а) 2026 йилга қадар эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олиниши;
б) Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида биринчи–тўртинчи синф ўқувчиларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминлаш йўлга қўйилиши;
в) 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилиши белгиланди.
2) Тараққиёт стратегиясида таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022 йилда:
а) 1 апрелдан бошлаб нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилиши;
б) ўрта таълим тизимини замон талабларига мослаштириш мақсадида:
умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни янгилаш дастурини амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 605 млрд сўм ажратилиши;
141 мингта янги ўқув ўринлари яратилди ва уларнинг сони 2026 йил якунига қадар 6,4 миллионгача етказилиши белгиланди;
3) Тараққиёт стратегиясида аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022 йилда:
а) ҳудудларда бирламчи тиббий хизматини “бир қадам” тамойили асосида йўлга қўйиб, 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этилиши;
б) хусусий тиббиёт ташкилотларида Давлат бюджети ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни даволашга йўллашнинг электрон ахборот тизими орқали уларга бепул тиббий хизматларни кўрсатиш механизми жорий қилиниши белгиланди;
4) Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига 2022 йил 1 июлга қадар қуйидагилар бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди:
2022 йилда иқтидорли ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақларини малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда ошириш;
халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ўқитувчи ва шифокорларга малака тоифаларини бериш тартиби тубдан қайта кўриб чиқилишини таъминлаб, малакани баҳолаш услубиёти асосида адолатли ва шаффоф тизимни жорий этиш;
5) Тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида:
а) 2022 йилда йиллик инфляция даражасини 9 фоизгача ва 2023 йилда 5 фоиз ҳамда фискал тақчилликни 3 фоизгача пасайтириш чоралари кўрилиб, кейинчалик инфляция ва Давлат бюджети тақчиллиги ушбу кўрсаткичдан ошмаслигини таъминлаб бориш;
б) 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизгача ҳамда 2025 йилдан банк, молия ва телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси 15 фоизгача тушириш;
в) “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш орқали 2026 йилга қадар иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 20 фоизга қисқартириш чоралари кўрилиши белгиланди;
6) 2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич тадбиркорликка оид барча мажбурий талабларни ягона электрон реестрга киритиш тартиби жорий этилиши ҳамда такрорланувчи ва ўз аҳамиятини йўқотган мажбурий талаблар қайта кўриб чиқилиб, ягона реестр 2025 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга туширилиши белгиланди;
7) Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор учун кенг йўл очиш мақсадида эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополиялар тугатилиши, жумладан, 2022 йилда — 14 та, шу жумладан сертификатлаштириш хизматлари; 2023 — 2025 йилларда — 11 та, шу жумладан нефть маҳсулотларини сақлаш, темир йўлларда ташишда қўшимча хизматларни кўрсатиш, аэровокзал ва вокзал олди комплексларини юритиш хизматлари, темир йўлда экспедиторлик хизматлари белгиланди;
8) Тараққиёт стратегиясида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида ҳудудлар билан ишлашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги тартиби ўрнатилиши:
2022–2026 йилларга мўлжалланган ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар асосида ҳар йили барча туман ва шаҳарнинг муаммо ва имкониятларини чуқур ўрганган ҳолда ҳудудлар кесимида тараққиёт дастурлари ишлаб чиқилиши;
ҳар чорак якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларидаги вазифаларнинг бажарилиши юзасидан халқ депутатлари Кенгашларига, Бош вазирнинг ўринбосарлари ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарлари эса Олий Мажлис палаталарига ҳисобот бериши;
ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш ва устувор тармоқларни ривожлантиришга йўналтирилган муҳим лойиҳалар барча ҳудудларнинг талаблари ва маҳаллий ташаббускорларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда маҳаллий жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама қилинганидан кейин қабул қилиниши белгиланди;
9) Давлат бошқаруви органларининг “Давлат – инсон учун” тамойили асосида ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларни режалаштиришга қаратилган янги тизим яратиш мақсадида қуйидагилар:
маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари томонидан доимий равишда маҳаллани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасига кўра уларни ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилиши;
барча бўғиндаги давлат бошқаруви органларининг бир йиллик иш дастурини, шу жумладан жамоатчилик иштирокида ишлаб чиқиш, уларнинг ижро ҳолатини доимий эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилиши;
давлат органларида мурожаатларни таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш натижаларидан келиб чиқиб, ҳудудлар (туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла) кесимида ўз тузилмаларининг фаолияти бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, эълон қилиб борилиши;
давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнини жамоатчилик томонидан кузатиб бориш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида мунтазам эълон қилиб бориш тизими яратилиши;
ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилиши белгиланди;
10) Давлат хизматлари қамрови ва тезкорлигини ошириш, уларнинг кўрсатилишида аҳолининг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинишини таъминлаш мақсадида 2022 йилда:
фуқароларга ҳужжатларни бериш ва алмаштиришда, шунингдек ўзаро боғлиқ давлат хизматларини мурожаатни кутмасдан таклиф этиш амалиёти йўлга қўйилиши;
“Фуқароларнинг рақамли паспорти” лойиҳасини жорий қилиш ҳисобига аҳолидан туғилганлик тўғрисида ва ҳайдовчилик гувоҳномалари, шаҳодатнома ва диплом каби муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилиниши;
кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш тизимини соддалаштириш ва уларга замонавий технологияларни жорий этиш орқали қўшимча қулайликлар яратилиши белгиланди;
11) Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилиши;
қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ноқонуний эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбуриятини, уни қабул қилган мансабдор шахснинг ўзига юклаш тартибига амал қилиниши қатъий таъминланиши;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни ҳисобга олиш бўйича ягона онлайн электрон реестр юритилиши йўлга қўйилиши белгиланди;
12) Жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг келгусида жамиятда ўз ўрнини топишига амалий кўмаклашиш учун “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тизими жорий этилди.
Ушбу тизим доирасида жазони ўтаб бўлган ва ўзининг тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишларда аниқ лойиҳаларини тақдим этиб, мустақил фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга бир марталик моддий ёрдам бериш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланди.