Фармонга асосан:
1) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари номини бирхиллаштириш мақсадида уларни “Навоий”, “Ангрен” ва “Жиззах” эркин иқтисодий зоналар деб аташ тўғрисидаги таклифи қабул қилинди;
2) Қуйидагилар “Навоий”, “Ангрен” ва “Жиззах” эркин иқтисодий зоналари фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
хорижий инвесторларга мамлакатимиз иқтисодиётининг реал секторларига инвестиция киритиши учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида эркин иқтисодий зоналар учун ягона ҳуқуқий режимни белгилаш, солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни бирхиллаштириш;
маҳаллий минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлайдиган ва юқори қўшимча қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган юқори технологияли ва маҳаллийлаштириладиган замонавий корхоналарни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни, авваламбор, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, эркин иқтисодий зоналарнинг муайян соҳага ихтисослашувини қўллаб-қувватлаш ва уларда саноат кооперациясини ривожлантириш;
эркин иқтисодий зоналарда “ягона дарча” тамойили асосида барча турдаги давлат хизматларини кўрсатишга, рухсат бериш тартиб-таомилларига босқичма-босқич ўтиш;жумладан,
ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, шунингдек, сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш;
олий, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида эркин иқтисодий зоналарнинг соҳа кадрларига бўлган ҳозирги ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларнинг эркин иқтисодий зоналарда жойлашган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташини назарда тутган ҳолда, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни ташкил этиш.
3) Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда алоҳида солиқлар, шунингдек, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилиши белгиланди.
4) Фармоннинг 3-бандида кўзда тутилган солиқ имтиёзлари киритилган инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йил муддатгача, жумладан:
300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 3 йил муддатга;
3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 5 йил муддатга;
5 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар — 7 йил муддатга;
10 миллион АҚШ доллари ва ундан юқори — 10 йил муддатга берилиши белгиланди.