toggle_night_mode
Ҳужжат 13.10.2026 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган Қурилиши тугалланган объектни топшириш-қабул қилиш ва фойдаланиш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш киритиш тўғрисида
Қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнини такомиллаштириш ҳамда Давлат қабул комиссияси масъулиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган Қурилиши тугалланган объектни топшириш-қабул қилиш ва фойдаланиш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Алоҳида ҳолларда, давлат сирлари билан боғлиқ ёки алоҳида муҳим тоифаланган объектлар Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан Давлат қабул комиссияси ҳамда буюртмачилар томонидан ишчи комиссия тузилган ҳолда тўғридан-тўғри (ушбу комиссияларнинг далолатномаларини расмийлаштириш ва тасдиқлаш орқали) фойдаланишга қабул қилинади. Бунда:
Давлат қабул комиссиясининг қурилиши якунланган лойиҳалар доирасидаги объектларни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномаси Давлат қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланган ҳолда объектлар фойдаланишга қабул қилинади;
Давлат қабул комиссияси томонидан тузиладиган далолатномани расмийлаштиришдан олдин Давлат молиявий назорат инспекцияси томонидан қурилиш объекти белгиланган тартибда назорат ўлчовидан мажбурий ўтказилади».
2. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.С. Хидоятов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 12 октябрь,
560-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.10.2026 й., 09/26/560/1025-сон)