Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Мамлакатимизда кейинги йилларда ақл-идрок ва юксак интеллектуал салоҳият рамзи бўлган шахмат спорт турини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш, иқтидорли шахматчиларни узоқ муддатли ва тизимли тайёрлаш, уларнинг жаҳон ареналарида юқори натижаларга эришиши орқали юртимизнинг халқаро нуфузини юксак чўққиларга кўтариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда ўзбек шахмат мактаби вакилларининг Бутунжаҳон шахмат олимпиадаларида, нуфузли халқаро турнир ва чемпионатларда эришаётган тарихий ва оламшумул ғалабалари юртимизда истеъдодли спортчиларни тарбиялаш ҳамда уларнинг маҳоратини узлуксиз ошириш, замонавий спорт инфратузилмасини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигининг яққол исботидир.
Халқаро ареналарда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, халқимизга фахр-ифтихор туйғуларини бахш этаётган халқаро шахмат мусобақалари ғолиб ва совриндорларининг матонати ҳамда юксак интеллектуал маҳоратини алоҳида эътироф этиш, шунингдек, ушбу ютуқлар ортида турган тренер-мураббийларнинг фидокорона меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва Ўзбекистон шахмат федерациясининг халқаро нуфузли шахмат мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари бўлган шахматчиларимиз ҳамда уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари миқдорини ошириш орқали уларни моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 5 августдаги ПҚ-347-сон
қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси шахматчилари ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотларининг
миқдорлари иловага мувофиқ таҳрирда баён этилсин.
3. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.