8-модда. Судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши
Одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.
Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Судьялар мустақиллигининг кафолатлари қонун билан белгиланади.
ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ
1. Шарҳланаётган 8-модданинг номида қайд этилган принцип Конституциямизнинг 136-моддаси ва «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасида ҳам мустаҳкамланган. Шунга кўра, судьялар мустақилдир, фақат қонунга бўйсунади. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.
Судьяларнинг мустақиллиги асосан иккита асосий элемент йиғиндисидан ташкил топади. Бу суд ҳокимияти ва судьялар ўзларининг ташкилий мустақиллиги, функционал мустақиллигидир.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги деганда, ҳокимиятлар бўлиниши принципига асосан суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан мустақил фаолият юритиши, суд ҳокимиятининг фақатгина ўз ваколатлари доирасига кирадиган вазифаларни бажариши тушунилади. Одил судловни амалга оширишда судьяларнинг мустақиллиги деганда, судьяларнинг ишларни кимларнингдир фикрлари, талабларидан мустақил ҳолда кўриб чиқиши ва ишни мазмунан ҳал этиши тушунилади. Шунингдек, судья қарор қабул қилиш жараёнида ҳам мустақил равишда, ҳеч қандай ташқи таъсирларга қарамасдан ишни олиб боради, яъни судья қарор қабул қилиш учун маслаҳатхонага кирганда ҳам фақатгина шу ишни кўрган судья маслаҳатхонага киради, бошқа шахсларнинг аралашишига йўл қўйилмайди.
Юридик адабиётларда ҳам судьяларнинг мустақиллиги тўғрисида фикрлар илгари сурилган. Судьяларнинг мустақиллиги Иқтисодий процессуал кодексининг бир қатор ҳуқуқий нормаларида ҳам мустаҳкамланган. Масалан, мазкур Кодекснинг 18-моддасига кўра, суд томонидан иш ҳайъат таркибида кўрилаётганда юзага келадиган масалалар судьялар томонидан кўпчилик овоз билан ҳал қилинади. Кўпчиликнинг фикрига қўшилмаган судья суд ҳужжатига имзо қўйиши шарт ва у ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда баён қилишга ҳақли. Шунингдек, суд иш бўйича далилларни текшириш ва суд музокаралари тугаганидан кейин суд ҳужжатини қабул қилиш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киради (ИПКнинг 175-моддаси). Демак, улар суд ҳужжатини ўзгаларнинг таъсирисиз қабул қиладилар.
Судьяларнинг мустақиллиги яна далилларга баҳо бериш жараёнида ҳам белгиланган. Иқтисодий процессуал қонунчиликка кўра, суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳо беради. Ҳеч қандай далил суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас (ИПКнинг 74-моддаси) деб белгилаб қўйилиши ҳам судьянинг мустақиллигини таъминлайди.
Бундан ташқари иқтисодий процессуал қонунчиликда кассация инстанцияси суди у ёки бу далилнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги, бир далилнинг бошқаларидан устунлиги тўғрисидаги, иш янгидан кўрилганида қандай ҳал қилув қарори қабул қилиниши ҳақидаги масалаларни илгаридан ҳал қилиб қўйишга ҳақли эмаслиги тўғрисида норманинг белгиланиши ҳам одил судловни амалга оширишда судьяларнинг мустақиллигини, ишларни фақат қонунга бўйсунган ҳолда ҳал қилиш кераклигини англатади (ИПКнинг 304-моддаси).
2. Суд ишларини ҳал қилишга аралашишга йўл қўйилмаслиги судьялар томонидан одил судловни амалга оширишни кафолатлайди. «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 66-моддасига кўра, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд ҳужжати чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин таъсир кўрсатиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Судьядан кўрилган ёки иш юритишидаги ишлар моҳияти бўйича бирон-бир тушунтиришлар беришни талаб қилиш, шунингдек қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари, кимга бўлмасин, танишиб чиқиш учун ишларни тақдим этиш тақиқланади.
Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга қандай шаклда бўлмасин таъсир кўрсатишга ҳақли эмас.
Шунингдек, давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллиги принципига риоя этиши шарт.
Судьяга ҳурматсизлик қилиш, худди шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади («Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 65-моддаси).
Юридик адабиётларда ҳам суд фаолиятига ҳар қандай аралашув ғайриқонуний ҳал қилув қарори чиқарилишига олиб келиши, судья томонидан ташқи бўлган таъсирга бўйсуниши иш бўйича далилларни текширмасдан туриб, ишни муҳокама қилишдан аввал хулоса чиқаришга олиб келишига, натижада судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши тамойилининг бузилишига сабаб бўлиши билдириб ўтилган.
3. Судьялар мустақиллигининг асосий кафолатлари Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонунида мустаҳкамланган. Ушбу Қонуннинг 63-моддасига кўра, судьяларнинг мустақиллиги қуйидагилар орқали таъминланади:
уларни қонунда белгиланган тартибда лавозимга сайлаш, тайинлаш, судьялик ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш;
судьянинг дахлсизлиги;
одил судловни амалга оширишдаги қатъий тартиб-таомил;
қарорларни чиқариш чоғида судьялар маслаҳатлашувининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши;
судьяга ҳурматсизлик қилганлик, одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятга аралашганлик ва судьянинг дахлсизлигини бузганлик учун қонунда белгиланган жавобгарлик;
судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш.
Судьянинг мустақиллигини чеклайдиган қонунчилик ҳужжатлари қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Судья, унинг оила аъзолари ва уларнинг мол-мулки давлатнинг алоҳида ҳимоясида бўлади.