137-модда. Иш берувчининг (ташкилот маъмуриятининг) алимент ушлаб қолиш мажбурияти
Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, стипендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувга ёки ижро варақасига асосан алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақидан ва (ёки) бошқа даромадидан ҳар ойда алимент ушлаб қолиб, алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва (ёки) бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, уч кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга алимент тўлаши ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг ҳисобидан унга ўтказиши шарт.
ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ШАРҲ
1. Алимент тўловчи ишлайдиган иш берувчининг алимент ушлаб қолиши учун қуйидагилар асос бўлиб ҳисобланади:
– алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тасдиқланган келишув; – ижро варақаси; – суд буйруғи.
Бунда ундирув нафақат иш ҳақига, балки бошқа даромадларга ҳам қаратилади. Иш ҳақи ва бошқа даромадлар, шу жумладан интеллектуал фаолият натижаларига муаллифлик гонораридан ушлаб қолиш миқдори солиқ ушлаб қолинганидан кейин ҳисобланади.
«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 64-моддаси иккинчи, учинчи қисмларига кўра, қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилотлар ёки ўзга шахслар ундирувчидан ёхуд давлат ижрочисидан ижро ҳужжатини олган кундан эътиборан қарздор жисмоний шахснинг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан пул маблағларини ижро ҳужжатидаги талабларга мувофиқ ушлаб қолиши шарт.
Қарздорга иш ҳақи ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларни тўлаётган ташкилот ёки ўзга шахс ушлаб қолинган пул маблағларини ундирувчига тўлов амалга оширилган кундан эътиборан уч кун ичида тўлаши ёки ўтказиши шарт. Пул маблағларини тўлаш ва ўтказиш қарздор ҳисобидан амалга оширилади.
Мазкур Қонуннинг 69-моддасида эса ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган пул суммалари санаб келтирилган. Унга кўра, қуйидаги суммаларга ундирув қаратилмайди:
майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик, шунингдек боқувчисининг вафот этганлиги сабабли кўрилган зарарни тўлаш суммаларига; хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида майиб бўлган (яраланган, шикастланган, контузияга учраган) шахсларга ва мазкур шахслар ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда уларнинг оила аъзоларига тўланадиган суммаларга; бола туғилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга; алимент мажбуриятлари бўйича тўланадиган суммаларга;
меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун тўланадиган суммаларга, шунингдек радиация таъсирига учраган шахсларга ва қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда тўланадиган суммаларга; ҳомиладорлик ва туғиш бўйича тўланадиган нафақа суммаларига; дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа суммаларига; қисман ҳақ тўланадиган таътил даврида болани парваришлаш учун тўланадиган суммаларга; бола туғилиши, қариндошлар вафот этиши, никоҳ тузиш муносабати
билан корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан тўланадиган суммаларга; хизмат сафари, бошқа жойга ишга ўтказилганлиги, қабул қилинганлиги ёки юборилганлиги муносабати билан тўланадиган суммаларга; меҳнатга оид муносабатлар бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тариқасида тўланадиган суммаларга.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, стипендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алиментни ҳар ойда алимент ушлаб қолиб, алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва (ёки) бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, уч кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга алимент тўлаши ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг ҳисобидан унга ўтказиши лозим.