Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
АЛОҚА ХИЗМАТЛАРИ УЧУН ТАРИФЛАРНИ ЎЗГАРТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 27 майдаги 259-сонли «Аҳолига сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг чакана нархларини ва хизматларнинг тарифларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Электр энергияси, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар қиймати ва почталарни ташиш учун тарифлар ошган шароитларда алоқа тармоқларининг мўътадил ишлашини таъминлаш ва уларни янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 1992 йилнинг 1 октябридан бошлаб аҳолига кўрсатиладиган алоқа хизматларининг айрим турлари бўйича эркин тарифларга ўтиш амалга оширилсин, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган: хатлар ва почта карточкалари, телеграммаларни жўнатиш ва телефон аппарати учун абонемент тўлови бўйича тарифлар бундан мустаснодир.
2. 1992 йилнинг 1 октябридан бошлаб аҳолига чекланган тарифлар сақланадиган алоқа хизматлари кўрсатиш учун амалдаги тарифлар, шу жумладан:
хатлар ва почта карточкаларини жўнатиш учун 4 баравар;
телеграмма бериш учун 2 баравар;
телефон аппарати учун абонемент тўлови 3 баравар оширилсин.
3. 1993 йилнинг 1 октябригача амалда бўлган, илгари қабул қилинган қарорларга мувофиқ республика аҳолисининг алоҳида тоифаларига алоқа хизматлари учун тўловлар бўйича берилган имтиёзлар сақлаб қолинсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 9 январдаги 4-сон қарори билан тасдиқланган алоқа хизматлари учун тарифларнинг чекланган миқдорлари бекор қилинсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 23 сентябрь,
442-сон