ONLINE TRANSLATE
Document passport
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 13.03.2020 йилдаги ЎРҚ-610-сон

Қонун 10 та боб ва 58 та моддадан иборат.

1. Қонуннинг мақсади:

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олиш ва тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш.

2. Қонунга кўра, қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади:

а) 1992 йил 28 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида доимий яшаган, чет давлат фуқароси бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс;

б) Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва 1992 йил 28 июлга қадар ўқиш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган ҳамда узлуксиз равишда таълим олган ёхуд ҳарбий хизматни ўтаган ва ўқиш ёки ҳарбий хизмат тугаганидан кейин бир йил ичида Ўзбекистонга қайтиб келган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган шахс, башарти унинг чет давлат фуқаролиги мавжуд бўлмаса;

в) ушбу Қонун кучга кирган кунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлган шахс;

г) ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олган шахс.

3. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги қуйидаги ҳолларда олинади:

туғилганлик бўйича;

бола фарзандликка олинганда;

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш ва уни тиклаш натижасида.

4. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш:

умумий тартибда;

соддалаштирилган тартибда;

алоҳида тартибда амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги қуйидагилар оқибатида тугатилади:

а) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиқиш;

б) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотганлик.

6. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш, уни тиклаш ёки ундан чиқиш тўғрисидаги илтимоснома Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ариза берувчи томонидан шахсан берилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаб турган шахс илтимосномани доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидаги ички ишлар органига, хорижда яшаётган шахс эса консуллик муассасасига беради. Узрли сабаблар мавжуд бўлганда (касаллик, консуллик муассасасининг мавжуд эмаслиги) нотариал тартибда тасдиқланган илтимоснома ишончли шахслар орқали берилиши мумкин.

7. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид материалларни кўриб чиқиш муддатлари:

Ички ишлар органи ёки консуллик муассасаси Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилгандан кейин Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид идоралараро маълумотлар базасига материалларни кўриб чиқиш тўғрисидаги талабномани уч иш куни ичида киритади.

Талабномани кўриб чиқиш, текширув ўтказиш ва хулоса тайёрлаш муддати бир ойни ташкил этади. Қўшимча ҳужжатлар ёки маълумотлар олиш зарур бўлганда талабномани кўриб чиқиш ва хулоса тайёрлаш муддати бир ойгача узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид материалларни қабул қилган консуллик муассасаси уларни дипломатик почта жадвалини ҳисобга олган ҳолда Ташқи ишлар вазирлигига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссиясига юбориш учун материалларни Ички ишлар вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тайёрлаш муддати бир ойдан ошмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид материалларни кўриб чиқишнинг умумий муддати талабнома Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид идоралараро маълумотлар базасига киритилган санадан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларини ҳал этишга доир конституциявий ваколатларини амалга ошириш мақсадида беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссияси тузилади.