Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ қарор қиламан:
1. 2026 йил 5 февраль куни Исломобод шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний муомаласига қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги — мазкур халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган миллий мувофиқлаштирувчи орган этиб;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси — мазкур халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг масъул ваколатли органлари этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги тўғрисида Покистон томонига тегишли билдиришнома юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари мазкур халқаро шартнома кучга кирганидан кейин белгиланган тартибда унинг қоидаларини бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
5. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Х. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 14 октябрь,
ПҚ-373-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2026 й., 07/26/373/1035-сон)