ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш тизимининг барқарорлигини ошириш, суюлтирилган газ ресурсларидан самарали фойдаланиш, давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларининг шаффофлиги ва манзиллилигини таъминлаш, давлат иштирокидаги корхоналар зиммасига юкланган квазифискал мажбуриятларни босқичма-босқич қисқартириш ҳамда мазкур соҳага бозор механизмларини жорий этиш учун ҳуқуқий ва институционал асосларни яратиш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгилансин:
(а) мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишни йўлга қўйган ҳолда суюлтирилган газни аҳолига ўз вақтида етарли миқдорда бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш асосида етказиб беришни йўлга қўйиш;
(б) соҳада узоқ муддатга мўлжалланган стратегияни шакллантириш ҳисобига инвестициялар ва хусусий секторни жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш;
(в) соҳани тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш;
(г) суюлтирилган газни етказиб беришда замонавий, тезкор ва қулай технологик ускуналарни жорий қилиш, йўқотишларни камайтириш ва тизимни тўлиқ рақамлаштириш.
II. Суюлтирилган газ таъминотида бозор механизмларини жорий этиш
2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
(а) аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш соҳасидаги функцияларни ихтисослаштириш, мазкур фаолиятнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ таъсисчилигида «LPG-Trade» масъулияти чекланган жамиятини (кейинги ўринларда — «LPG-Trade» МЧЖ) ташкил қилиш;
(б) халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда суюлтирилган газ бозорини эркинлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш.
3. Белгилансинки, республикада суюлтирилган газ таъминоти тизимида бозор механизмлари босқичма-босқич жорий этилади. Бунда:
(а) аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш устуворлиги таъминланади;
(б) республика корхоналарида ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган суюлтирилган газ (ўз шохобчаларида сотиладиган ҳажмлардан ташқари) фақат биржа савдолари орқали сотилади. Бунда суюлтирилган газни биржа орқали сотиш нархининг уни биржа савдосига чиқариш нархига нисбатан ўсиш чегарасини (спред) белгилаш бекор қилинади;
(в) аҳолига суюлтирилган газ етказиб берадиган корхоналар маҳсулотни биржадан ва импортдан тўғридан-тўғри харид қиладилар. Бунда «LPG-Trade» МЧЖ томонидан суюлтирилган газни импорт қилишга рухсат берилмайди;
(г) аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган суюлтирилган газ таъминоти тизимида ислоҳотларни амалга ошириш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали соҳада рақобат муҳити босқичма-босқич шакллантирилади ҳамда кросс-субсидиялаш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади;
(д) суюлтирилган газ таъминотидаги ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари давлат томонидан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.
4. Белгилаб қўйилсинки:
(а) давлат томонидан аҳолига имтиёзли нархларда суюлтирилган газ етказиб бериш мақсадида «LPG-Trade» МЧЖ ўз фаолиятини республика бўйича ягона юридик шахс сифатида амалга оширади ҳамда республика ҳудудларидаги филиаллари орқали фаолият юритади;
(б) «Ҳудудгазтаъминот» АЖ таъсисчилигида «LPG-Trade» МЧЖни ташкил қилиш доирасида хўжалик жамиятларининг бир ташкилотдан бошқа бир ташкилотга ўтказилаётган мулки, мулкий ҳуқуқлари, шунингдек, устав капиталидаги акциялари (активлари) ва улушлари қиймати, шу жумладан, уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш чоғида солиққа тортишнинг барча турлари бўйича солиқ солиш объектлари ҳисобланмайди;
(в) аҳолига суюлтирилган газни давлат томонидан тартибга солинадиган чакана нархларда етказиб бериш билан боғлиқ нархлар тафовути ҳамда иқтисодий жиҳатдан асосланган харажатлар «LPG-Trade» МЧЖга Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб:
(а) «LPG-Trade» МЧЖ томонидан суюлтирилган газни биржа орқали сотиб олиб, аҳолига етказиб бериш тизими жорий қилинади. Бунда хусусий тадбиркорлик субъектлари импорт ҳисобидан ҳам аҳолига суюлтирилган газ етказиб беради;
(б) «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd» компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган суюлтирилган газ тўлиқ ҳажмда товар-хомашё биржаларининг алоҳида савдо майдончаси орқали савдога қўйилади. Бунда бошқа тадбиркорлик субъектлари, жумладан, импорт қилувчи корхоналар суюлтирилган газни ихтиёрий равишда биржанинг алоҳида савдо майдончасида сотишлари мумкин;
(в) биржанинг алоҳида савдо майдончасида сотиладиган суюлтирилган газ «LPG-Trade» МЧЖ томонидан аҳолига етказиб бериш учун харид қилинади;
(г) биржанинг алоҳида савдо майдончасидан харид қилинадиган суюлтирилган газ ҳажмлари аҳоли эҳтиёжлари учун етарли бўлмаган тақдирда, «LPG-Trade» МЧЖ суюлтирилган газни биржанинг очиқ савдолари орқали харид қилади;
(д) ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ бозор тамойилларига асосан шаклланадиган биржа нархларида «LPG-Trade» МЧЖ томонидан етказиб берилади.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизими тўлиқ бозор механизмига ўтказилгандан сўнг товар-хомашё биржаларининг алоҳида савдо майдончасини ёпиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
7. Андижон вилояти ҳокимлиги ва Энергетика вазирлигининг 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Андижон вилоятида «LPG-Trade» МЧЖнинг фаолияти билан бир қаторда тажриба сифатида тадбиркорлик субъектлари томонидан импортдан олиб келинадиган суюлтирилган газни тўғридан-тўғри истеъмолчиларга маиший газ баллонларида эркин нархларда етказиб бериш лойиҳасини (кейинги ўринларда — Андижон лойиҳаси) амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Бунда Андижон лойиҳасини амалга ошириш учун қуйидаги талаблар белгиланади:
(а) вилоят ҳудудида суюлтирилган газни импортдан олиб келиш ва маиший газ баллонларида истеъмолчиларга чакана тарзда сотиш фаолиятини камида 2 та тадбиркорлик субъекти (кейинги ўринларда — Оператор) томонидан амалга ошириш;
(б) Операторнинг суюлтирилган газни ташиш, қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш учун зарур инфратузилма ҳамда моддий-техника базасига эга бўлиши ёки ижара (аутсорсинг) шартномаси асосида фойдаланиш ҳуқуқининг мавжудлиги ҳамда тегишли фаолиятни амалга ошириш учун лицензия ва рухсат этиш ҳужжатларининг мавжудлиги;
(в) Операторнинг муҳандис-техник ва ишчи ходимлари хавфсиз иш юритиш усуллари бўйича ўқитилганлиги, аттестация ва даврий билим синовларидан ўтказилганлиги;
(г) истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида Оператор томонидан кўрсатиладиган хизматларни онлайн амалга оширишни таъминловчи мобил иловани ишга тушириш.
8. Белгилансинки:
(а) Андижон лойиҳаси доирасида Оператор истеъмолчиларга суюлтирилган газни ўзига тегишли бўлган ва идентификация қилиш имконини берадиган (бар-код, логотип, ранг ва бошқа белгилар) турли ҳажмдаги маиший газ баллонларида чекланмаган миқдорларда етказиб беради;
(б) Оператор ва «LPG-Trade» МЧЖга ўз фаолиятларини олиб боришда Андижон вилояти ҳудудидаги суюлтирилган газ таъминоти объектлари, жумладан, газ тўлдириш иншоотлари, суюлтирилган газ сақлаш омборлари ва бошқа моддий-техника воситаларидан биргаликда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
9. Андижон лойиҳаси доирасида истеъмолчиларга қўшимча қулайлик яратиш ва Операторнинг ташиш харажатларини камайтириш мақсадида:
(а) ҳудудлардаги истеъмолчилар сони ва жойлашув масофасидан келиб чиққан ҳолда Операторга шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳамда ёнғин ва саноат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган маиший газ баллонларини сақлаш ва сотиш шохобчаларини ташкил этишга;
(б) Андижон вилояти ҳокимлигига Операторнинг мурожаатига асосан маиший газ баллонларини сақлаш ва сотиш шохобчаларини ташкил этишга туман (шаҳар) ҳокимликлари тасарруфидаги бўш турган ер участкаларини белгиланган тартибда ажратишга рухсат этилсин.
10. Солиқ қўмитаси ва Божхона қўмитаси бир ой муддатда Андижон вилоятида Оператор томонидан импорт қилинадиган ва истеъмолчиларга маиший газ баллонларида эркин нархларда сотиладиган суюлтирилган газ ҳажмларининг алоҳида ҳисобини юритиш тизимини жорий этсин. Оператор зиммасига Андижон лойиҳаси бўйича ҳисоботларни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Энергетика вазирлигига ҳар ойнинг 10-санасига қадар тақдим этиш юклатилади.
11. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда фуқаролик инфратузилма объектлари ва уларга ёндош ҳудудларда маиший газ баллонларини сақлаш ва сотиш шохобчаларини лойиҳалаш ва қуришга қўйиладиган талабларни янада такомиллаштириш бўйича норматив ҳужжатларга зарур ўзгартиришлар юзасидан таклиф киритсин.
12. Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги икки ой муддатда маиший газ баллонларини ташувчи транспорт воситаларига қўйиладиган талабларни соддалаштириш, аварияларнинг олдини олиш ва инсон ҳаётига хавф солувчи омилларни инобатга олган ҳолда қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан таклиф киритсин.
13. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бир ой муддатда маиший газ баллонларига қўйилган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларни хатловдан ўтказсин ва уларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш чораларини кўрсин.
14. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори қабул қилинишини таъминласин:
(а) аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган суюлтирилган газнинг чакана нархи ва етказиб бериш бўйича кўрсатиладиган хизматнинг чекланган нархини белгилаш;
(б) ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига манзилли асосда кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш;
(в) хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан Андижон лойиҳасини амалга ошириш тартибини белгилаш;
(г) «LPG-Trade» МЧЖ талаблари учун республиканинг барча ҳудудларига, ташиш масофасидан қатъи назар, аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқариладиган суюлтирилган газни темир йўлда ташишнинг ягона тарифини татбиқ қилиш;
(д) «LPG-Trade» МЧЖ томонидан аҳолига давлат томонидан тартибга солинадиган чакана нархларда суюлтирилган газни етказиб бериш билан боғлиқ нархлар тафовути ва иқтисодий жиҳатдан асосланган харажатларни қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидияларни ҳисоблаш, молиялаштириш ҳамда мониторинг қилиш тартиби.
15. Вазирлар Маҳкамаси (Қўчқоров) бир ой муддатда «Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd» компанияси билан биргаликда компания объектларида ишлаб чиқариладиган суюлтирилган газ ҳажмларини тўлиқ товар-хомашё биржаларининг алоҳида савдо майдончасида сотиш бўйича келишувга эришиш юзасидан амалий чоралар кўрсин.
16. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси» АЖ билан биргаликда уч ой муддатда халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда «LPG-Trade» МЧЖнинг активларини хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
17. Вазирлар Маҳкамаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан биргаликда «LPG-Trade» МЧЖнинг ҳудудий филиалларини тайёр лойиҳа сифатида босқичма-босқич хусусийлаштириш ишларини бошласин.
18. Энергетика вазирлиги Ўзэнергоинспекция, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан биргаликда Андижон лойиҳаси доирасида хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан босқичма-босқич республиканинг бошқа ҳудудларида суюлтирилган газни импорт қилиш, сақлаш ва истеъмолчиларга маиший газ баллонларида эркин чакана нархларда етказиб бериш тизимини Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда амалиётга жорий этсин.
19. Ҳисоб палатаси «Ҳудудгазтаъминот» АЖдан «LPG-Trade» МЧЖга мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни, шунингдек, устав капиталидаги акцияларни (активларни) ва улушлари қийматини ҳамда ҳисоб рақамларидаги қолдиқларни ўтказиш жараёни устидан назорат ўрнатсин.
20. Энергетика вазирлиги «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан биргаликда «Ҳудудгазтаъминот» АЖдан «LPG-Trade» МЧЖга мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни, шунингдек, устав капиталидаги акцияларни (активларни) ва улушлар қийматини ўтказиш жараёнини тўғри ташкил этиш мақсадида катта тўртлик («big four») аудиторлик ташкилотларидан бирини «таклиф сўрови» харид қилиш тартиб-таомили асосида жалб қилсин.
21. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «LPG-Trade» МЧЖга суюлтирилган газ етказиб бериш тизимини қайта ташкил этиш учун 200 млрд сўм миқдорида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ссуда ажратсин.
22. Белгилансинки, дизель ёқилғисини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаш мақсадида 2026 йил 1 июлдан бошлаб 2026 йил 1 декабрга қадар қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан товар-хомашё биржаларидаги савдолар орқали харид қилинадиган ҳар бир тонна дизель ёқилғиси қийматининг 15 миллион сўмдан ошган қисми учун, бироқ 2 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан Аграр соҳада тўловлар агентлиги орқали амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда субсидия ажратилади.
III. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
23. Энергетика вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
24. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «LPG-Trade» МЧЖ томонидан аҳолига давлат томонидан тартибга солинадиган чакана нархларда суюлтирилган газни етказиб бериш билан боғлиқ нархлар тафовутини ҳамда иқтисодий жиҳатдан асосланган харажатларни қоплаш мақсадида:
(а) «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
(б) 2027 йилдан бошлаб ушбу белгиланган мақсадлар учун зарур бўладиган маблағларни тегишли йил учун Давлат бюджети параметрларида алоҳида сатр билан белгилашни назарда тутсин.
25. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда энергетика вазири Ш.Х. Ходжаев белгилансин.
26. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 12 сентябрь,
ПҚ-326-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.09.2026 й., 07/26/326/0934-сон)