Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки Бошқаруви томонидан
(11/6-сонли баённома)
2000 йил 24 июлда
472-сон билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
ТИЖОРАТ БАНКЛАРИДА КОРПОРАТИВ БОШҚАРИШ ТЎҒРИСИДАГИ
Низом
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 5 июлда 943-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/9-сонли «Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисидаги низомни, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 943-6, 30.06.2020 й.) асосан 2020 йил 1 октябрдан ўз кучини йўқотади.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 майдаги ПҚ-2344-сон «Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги ПФ-4720-сон «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ тижорат банкларида корпоратив бошқарувни ташкил этиш асосларини белгилаб беради.
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. «Корпоратив бошқарув» тушунчаси тижорат банки фаолиятини бошқаришда Кенгаш аъзолари ва бошқа раҳбар ходимлар томонидан амалга ошириладиган асосий фаолият ҳамда қоидалар мажмуаси тушунилади. Шу билан бирга корпоратив бошқарув концепцияси бизнес юритиш этикасининг андозалари ва акциядорларга бўлган муносабатларда масъулият ҳисси ҳамда банк фаолият кўрсатаётган жамият талабларини эътиборга олишни ўз ичига олади.
1.2. Тижорат корхоналарида банк кенгаши аъзолари ва раҳбарларига банкни бошқариш бўйича эркин ҳаракат қилиш имкони берилган. Бироқ, банклар фаолияти бошқа тижорат корхоналари фаолиятидан анча фарқ қилади. Мисол учун, агар тижорат корхоналари ўз маблағлари асосида операцияларни кўпроқ амалга оширсалар, тижорат банклари, асосан, жалб қилинган маблағлар асосида операцияларни амалга оширадилар. Айниқса, банклар ўз фаолиятини сақлаш учун акциядорлик капиталидан фойдаланишига қарамасдан, банк фаолияти омонатчилар маблағларининг йўқолишига олиб келиши мумкин. Банкларнинг ўзига хос роли натижасида, банкларда корпоратив бошқарувни ташкил этишга ҳар томонлама ўйлаб ёндашиш зарур.
1.3. Банкнинг асосий мақсади акциядорларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда амалдаги қонунчиликда рухсат этилган ҳолларда банк фаолияти унинг корпоратив фойдасини кўпайтиришга йўналтиришдан иборатдир.
Банклар уставидан келиб чиқиб, ўзлари фаолият кўрсатаётган жамиятнинг молиявий эҳтиёжини қондириш каби қўшимча мажбуриятларга эга бўлишлари мумкин. Мазкур эҳтиёжларни қондириш давомида банклар ўзларининг хавфсиз ва ишончли фаолиятларига салбий таъсир этмайдиган фаолият, хусусан, жамиятнинг фаровон ҳаёти, гуманитар ва хайрия мақсадлари учун етарли даражада маблағлар ажратиши мумкин.
Ҳар бир банк, мақсади самарали корпоратив бошқарувга йўналтирилган мазкур Низомга зид бўлмаган, банк корпоратив бошқаруви тўғрисидаги ички ҳужжатларни ишлаб чиқиши ва амалга киритиши шарт. Банк томонидан ишлаб чиқилаётган корпоратив бошқарув тўғрисидаги ички ҳужжат Низомнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 июлдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган, акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига бўлган талаблар ҳақидаги талабларига мувофиқ корпоратив веб-сайтларни юритиш тартибини кўзда тутиши шарт.
2. АКЦИЯДОРЛАРНИНГ РОЛИ
2.1. Акцияларнинг тури (оддий ва имтиёзли)
Акциядорлик жамиятлари шаклида тузилган банклар икки турдаги акциялар: оддий ва имтиёзли акцияларни чиқариш ҳуқуқига эга. Оддий ва имтиёзли акцияларга эга бўлган акциядорлар ўзларининг банк устав капиталидаги улушларига қараб банк «эгаси» ҳисобланадилар. Оддий ва имтиёзли акциялар эгаларининг ҳуқуқлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ фарқланади.
Банк бошқарувининг юқори органи бўлиб акциядорлар умумий йиғилиши ҳисобланади.
Миноритар акциядорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида банкларда улардан иборат миноритар акциядорлар қўмитаси ташкил этилиши мумкин.
Банк акциядорлари томонидан банк фаолиятига хавф туғдирадиган ҳаракатлар амалга оширилса ва бу ҳаракатлар банкнинг тўловга қобилиятсизлигига олиб келса, акциядорлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилишлари мумкин.
2.2. Банк акциядорларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш
Оддий ва имтиёзли акцияларга эга акциядорлар қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:
банк акциядорлари рўйхатига кириш;
олинган дивидендлардан эркин фойдаланиш;
депозитарийлардаги ўз депо ҳисобварағи бўйича, банк фойдасидан дивиденд олиш;
банк тугатилган тақдирда банк мулкининг маълум қисмига эгалик қилиш;
банкни бошқаришда иштирок этиш;
банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар ва мазкур хизматлар баҳоси тўғрисида маълумотлар олиш;
банк низомига мувофиқ унинг молиявий-хўжалик фаолияти тўғрисида тўлиқ ва ҳаққоний маълумотларни олиш;
судда ҳамда қимматли қоғозларни тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
ўз манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ассоциация ва бошқа жамоат ташкилотларига бирлашиш;
олинган қимматли қоғозлар ва фойда бўйича юзага келиш эҳтимоли бор зарарлар натижасида бўладиган хатарлардан суғурта қилиш;
Шунингдек акциядорлар амалдаги қонунчилик ва банк низомида кўзда тутилган бошқа ҳуқуқларга эгадирлар.
2.3. Оддий акциялар овозга эга бўлиб, ўз эгасига дивидендлар олиш, акциядорлар умумий йиғилиши ва жамиятни бошқаришда қатнашиш ҳуқуқини беради. Оддий акциялар эгалари банк ишларига тегишли қарорларни қабул қилиш бўйича алоҳида ваколатларга эгадирлар.
2.4. Имтиёзли акциялар бўлиб ўз эгаларига акциялар бўйича дивидендларни, шунингдек акциядорлар орасида — акцияларга сарфланган маблағларни (банк тугатилган тақдирда) биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берувчи акциялар ҳисобланади.
2.5. Банк Тафтиш комиссиясининг роли
Тафтиш комиссияси акциядорлар учун банк фаолияти устидан назорат олиб боришнинг асосий воситаси бўлиб ҳисобланади. Банк Низомида Тафтиш комиссияси аъзоларининг аниқ сони ва вазифалари белгилаб қўйилиши лозим. Банк Тафтиш комиссияси банк Низомига мувофиқ акциядорлар умумий йиғилиш томонидан сайланади.
Тафтиш комиссияси:
Банк Низоми ва амалдаги қонунчиликда кўрсатилган ҳолатларда банк молиявий-хўжалик фаолиятини ҳисобот даврига текширувдан ўтказади;
Текширув давомида Тафтиш комиссияси ички аудит ва мустақил аудиторлар томонидан амалга оширилган текширув натижалари бўйича материаллардан фойдаланади. Зарурий ҳолатларда Тафтиш комиссияси бухгалтерия ҳисобининг бошланғич ҳужжатларига мурожаат қилиши мумкин;
Тафтиш комиссиясининг асосий мажбуриятлари бўлиб, банкда тайёрланган молиявий ҳисоботларни текшириш, банкнинг умумий молиявий ҳолати бўйича холисона хулоса тайёрлаш ва акциядорлар умумий йиғилишида ва унга қадар комиссия фаолияти бўйича ҳисобот тайёрлаш.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Бошқарув аъзолари Тафтиш комиссия аъзолари таркибига киришлари мумкин эмас.
3. БАНК КЕНГАШИНИНГ УМУМИЙ МАЖБУРИЯТЛАРИ
3.1. Банк Кенгаши аъзолари акциядорлик банкининг умумий йиғилиши томонидан сайланади. Банк Кенгаши таркибига банкнинг миноритар акциядорлари манфаатларини ифодалайдиган аъзолари киритилиши лозим.
Банк Кенгашининг раиси банк Кенгаши аъзолари томонидан унинг таркибидан банк Кенгашининг сайланган аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланади (агар банк Уставида бошқа ҳоллар назарда тутилмаган бўлса).
Банк Кенгаши раиси 50 фоиздан ортиқ давлат улуши билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади. Банк Кенгаши раисининг ўринбосари банк Кенгаши раиси томонидан банк Кенгаши аъзоларидан тайинланади.
Банк Кенгаши раиси банк Кенгаши ишини ташкиллаштиради, банк Кенгаши йиғилишларини чақиради, банк Кенгаши мажлисларида раислик қилади, банк Кенгаши баённомалари юритилишини таъминлайди ва акциядорлар умумий йиғилишларида раислик қилади.
Банк Кенгаши раисининг аҳамиятли ролига қарамасдан, бутун банк Кенгаши банк фаолияти юритилиши учун ишончли шахслар сифатида биринчи навбатда жавобгардир. Ўз мажбуриятларини бажариш учун банк Кенгаши қуйидагиларга мажбур:
керакли малака даражасига эга бўлиш ва уни сақлаш, шунингдек жамоа ва индивидуал нуқтаи назардан хабардорликни намоён қилиш;
ўз фаолиятини амалга ошираётганда корпоратив бошқарув тамойилларига риоя этиш;
фаолияти устидан самарали назорат олиб бориши шарт бўлган таваккалчиликни бошқариш ва ички назоратнинг асосли, ишончли ва мустақил тизимига таяниш;
адекват назоратни ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва банк сиёсатларига мувофиқликни таъминлаш учун банк операциялари устидан назоратни амалга ошириш.
3.2. Банк Кенгашининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
банк акциядорлари манфаатларида ўз ваколатларини амалга ошириш;
хатарларни, шу жумладан, хатарга чидамлилик мақсадли кўрсаткичларини бошқариш;
банк фаолияти, маблағларнинг тўғри сарфланиши ва кредитланиши устидан жорий назоратни амалга ошириш (омонатчилар, кредиторлар ва акциядорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида);
банкнинг мақбул даражада капиталлашувини сақлаб туриш;
банк фаолияти стратегиясини шакллантириш;
банкни ривожлантиришга оид қабул қилинган бизнес-режалар ижросини назорат қилиш;
банк даромадлилигини мониторинг қилиш;
банк фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботни ҳар чоракда тинглаш.
3.3. Самарадорликни ошириш ва масалаларни пухта ишлаб чиқиш учун банк Кенгаши Таваккалчиликни назорат қилиш қўмитаси, Мукофотлаш қўмитаси, Этика қўмитаси ва ҳ.к. каби ихтисослаштирилган қўмиталарни таъсис этиши мумкин. Ҳар бир қўмита унинг вазифалари ва иш тартибини аниқлаб берадиган устав асосида тузилиши лозим. Фаолиятнинг очиқ-ойдинлиги ва ҳисобдорликни ошириш учун банк Кенгаши қўмиталар сони, уларнинг вазифалари ва таркибига (жумладан, мустақил аъзоларига) оид маълумотларни ошкор этиши лозим.
31. КАСБГА ОИД ЭТИКА ВА МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИНИ БАРТАРАФ ЭТИШ
31.1. Банкнинг стратегик мақсадларига эришишининг муҳим омили бўлиб, корпоратив бошқарувнинг қуйидаги жиҳатларини аниқлаб берадиган банкнинг касбга оид этикаси стандартларини (кейинги ўринларда — банкнинг касбга оид этикаси кодекси) ўрнатишга йўналтирилган банк Кенгаши ва Бошқаруви фаолияти ҳисобланади:
банк ташкилий тузилмаларининг барча даражаларида ички назоратнинг самарали тизимини таъминлаш, шу жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш масалалари бўйича;
(31.1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 16 февралдаги 3/12-сонли қарори (рўйхат рақами 943-5, 26.02.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.02.2019 й., 10/19/943-5/2670-сон)
соғлом ва хавфсиз банк амалиётини ўтказиш;
банк манфаатларини банк акциядорлари, мансабдор шахслари ва банк фаолиятига таъсир этиши мумкин бўлган бошқа шахсларнинг лозим бўлмаган ёки ноқонуний ҳаракатларидан ҳимоя қилиш;
қонунчиликка ва банкларнинг ўз ички ҳужжатларига риоя этиш;
манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш ҳамда манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлар ва фаолият соҳаларини аниқлаш;
нафақат банк фаолияти натижаларини, балки банкнинг касбга оид этикаси кодекси ва стратегик мақсадларга мувофиқлигини ҳам ҳисобга олган ҳолда ходимларга (жумладан банк Кенгаши ва Бошқарувига) иш ҳақи, мукофот ва рағбатлантириш тўловини белгилаш;
банк ходимлари ва мансабдор шахсларини кредитлашда банк хавфсизлиги ва ишончлилиги талабларига риоя этиш;
ходимларга раҳбариятнинг ноқонуний, ахлоқсиз ёки шубҳали ҳаракатларидан ташвишда эканликларини баён этиш имконини тақдим этувчи ва раҳбарият томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган салбий муносабатдан ҳимояни таъминловчи механизмларнинг мавжудлиги.
31.2. Банкнинг касбга оид этикаси кодекси унинг банк корпоратив бошқаруви даражасига ижобий таъсир кўрсатишини таъминлаш мақсадида барча ходимларга етказилиши ва унга банк ташкилий тузилмасининг барча ташкилий даражаларида, жумладан банк Кенгаши ва Бошқарувида риоя этилиши шарт.
31.3. Банкда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминловчи ҳамда банк инсайдерлари ва аффилланган шахслари билан операцияларни тартибга солувчи механизмлар ишлаб чиқилган бўлиши керак.
31.4. Кадрлар сиёсати борасида корпоратив бошқарув қуйидагиларга тааллуқли ички ҳужжатларнинг мавжудлиги ва уларга риоя этилишини кўзда тутади:
ходимларни (жумладан банк раҳбариятини) ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш;
кадрлар жойини ўзгартириш ва мансабда ўсиш;
ходимларни (жумладан, банк Кенгаши ва Бошқарувини) ўқитиш;
малакали ва ваколатли ходимни (жумладан раҳбариятни) сақлаб қолиш бўйича чора-тадбирлар тизими;
банк ходими (жумладан, банк Кенгаши ва Бошқаруви) томонидан ўз мажбуриятларининг лозим даражада бажарилмаслиги, банкнинг касбга оид этикаси кодексининг бузилиши учун чоралар кўриш.
32. ОШКОРАЛИК ВА АХБОРОТНИ ОШКОР ҚИЛИШ
32.1. Ошкоралик самарали корпоратив бошқарувнинг энг зарур шарти ҳисобланади. Банкларни бошқариш акциядорлар, омонатчилар, бошқа манфаатдор шахслар ва бозор иштирокчилари учун очиқ бўлиши лозим. Банкни бошқаришдаги ошкоралик акциядорлар, омонатчилар ва банкнинг бошқа кредиторлари учун бошқарув органлари фаолияти мониторингини амалга ошириш, самарали корпоратив бошқарувни амалга ошириш борасида банк обрўсини ушлаб туриш имконини беради, шунингдек банк Кенгаши ва Бошқаруви ишининг самарасини баҳолаш учун зарур ахборотни етказиб беради.
Банклар хатарларга чидамлилик кўрсаткичларига тааллуқли асосий ҳолатлар борасидаги ахборотни (зарур бўлган махфийликни бузмасдан), ушбу кўрсаткичларни аниқлаш тартиби ва банк Кенгашининг ушбу жараёндаги иштироки даражасини баён этган ҳолда ошкор қилишлари лозим.
Ошкор этилаётган ахборот аниқ ва равшан бўлиши, ундан акциядорлар, омонатчилар, бошқа манфаатдор тарафлар ва бозор иштирокчилари осон фойдалана олиши учун тушунарли шаклда тақдим этилиши лозим. Банклар ошкор этилаётган ахборотни банкнинг корпоратив веб-сайтида, йиллик ҳисоботида ва оралиқ молиявий ҳисоботларида ҳамда бошқа йўллар билан ўз вақтида нашр этишлари шарт.
32.2. Банк фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш бўйича қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган талабларга қўшимча равишда банкнинг самарали корпоратив бошқаруви қуйидагиларни ўз ичига олган ахборотни ошкор этишни кўзда тутади:
банк бошқаруви органлари тузилмасини (таркиби, малака ва тажрибаси, ваколатлари, мажбуриятлари, мутасаддилик қилинадиган соҳалар, иш регламенти ва қўмиталарга аъзолик ва б.);
банк мулки тузилмаси (банкнинг йирик акциядорлари, банкнинг акциядорлик сармоясидаги хорижий инвесторлар улушлари ва б.);
банкнинг ташкилий тузилмаси ва, мавжуд бўлса, банк гуруҳининг тузилмаси;
банк инсайдерлари ва аффилланган шахслари билан операцияларнинг турлари, шартлари ва ҳажмлари;
банкнинг касбга оид этикаси кодекси;
манфаатлар тўқнашувига нисбатан банк сиёсати.
4. БАНК БОШҚАРУВИНИНГ РОЛИ
4.1. Банк Бошқарувини банк жорий фаолияти раҳбарияти амалга оширади. Бошқарув раисининг мажбуриятларига банк Кенгаши ва акциядорлар Умумий йиғилиши қарорларини бажариш киради.
Банк Бошқаруви аъзоларининг сони банк Устави билан аниқланади.
Одатда, Бошқарув таркибига банк раиси, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер ва юридик хизмат раҳбари киради. Шунингдек Бошқарув таркибига банкнинг асосий бўлинмалари раҳбарлари киритилиши мумкин.
Бошқарув аъзоларига номзодлар жиноий, маъмурий ва фуқаролик жавобгарлигига тортилган бўлсалар, бу ҳақда Кенгашга хабар беришлари шарт.
4.2. Бошқарув раиси лавозимга банк Кенгаши қарори билан тайинланади, кейинчалик акциядорлар Умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади. Бунда банк Бошқаруви раисини тайинлаш тўғрисидаги қарор, одатда, хорижий менежерлар иштирок этиши мумкин бўлган танлов асосида қабул қилинади. Бошқарув аъзолари банк Кенгаши томонидан тайинланадилар.
(4.2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 16 февралдаги 3/12-сонли қарори (рўйхат рақами 943-5, 26.02.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.02.2019 й., 10/19/943-5/2670-сон)
Акциядорлар Умумий йиғилишида банк Кенгаши томонидан сайланган Бошқарув Раисини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилади.
Бошқарув Раиси банк ишларини бошқариш учун зарур малака, ваколатга эга ва тартибли бўлиши ҳамда банкнинг энг муҳим ходимлари фаолиятини тегишли тарзда назорат қилиши лозим.
4.3. Бошқарув томонидан банкнинг кунлик назорати амалга оширилиши лозим.
Бошқарув аъзолари:
банк Кенгаши томонидан аниқланган банк сиёсатига риоя этишга;
банкнинг ички аудит хизмати томонидан ўтказилган текширувлар натижалари бўйича аниқланган камомадлар ва қонунбузилишларни ҳар чоракда кўриб чиқиш ва уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўришга;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўтказилган ташқи аудит текширувлари ва инспекциялар ҳисоботлари (текширувлар) натижаларини батафсил таҳлил қилишга мажбурдирлар.
4.4. Банк Бошқаруви зиммасига банк фаолиятини бошқариш учун алоҳида сиёсат турларини ишлаб чиқиш масъулияти юкланган, жумладан:
банк кредит сиёсати;
банк ликвидлигини бошқариш сиёсати;
инвестиция сиёсати;
эмиссия сиёсати.
Шу билан бирга, Бошқарув аъзолари банк Кенгаши ва банк акциядорларининг ишончли шахслари ҳисобланади ва шу сабаб банк ва унинг акциядорлари манфаатларини ўз манфаатларидан устун қўйишлари шарт.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ