Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ПАСПОРТ РЕЖИМИНИ КУЧАЙТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низом»ни амалга киритиш ҳақида» 1994 йил 24 декабрдаги Фармони ва шу асосда чиқарилган Ҳукумат қарорларининг ижросини текшириш бу борада жойларда ҳокимликлар ва бевосита масъул бўлган мутасадди идоралар фаолиятида жиддий нуқсонларга йўл қўйилаётганини кўрсатди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларининг масъулиятсизлиги оқибатида, бир қатор шаҳар ва туманларда паспортларни бериш ва алмаштириш ишларини амалга оширувчи комиссиялар деярли фаолият кўрсатмаган.
Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида аҳолига паспорт топшириш кўрсаткичларини кўпайтириб кўрсатиш, Тошкент шаҳри, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида ички ишлар идораларининг ходимлари томонидан қонунсиз равишда паспорт бериш ҳолатлари ўрин олган.
Жойларда паспорт режимини таъминлаш ҳамда хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонга келиши, яшаши ва чиқиб кетиши ҳақидаги қонунларга риоя этилиши етарли даражада ташкил этилмаган.
Солиқ ва молия идоралари паспортлар ва маъмурий жарималардан давлат бюджетига тушадиган маблағлар юзасидан назорат олиб бормаган.
Республикада паспорт ислоҳотини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш, масъулиятсизликка йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан кескин чоралар кўриш, паспортларни бериш ва алмаштириш ишларини амалга оширувчи комиссияларнинг фаолиятини жадаллаштириш мақсадида паспорт тизимларининг моддий-техник таъминот даражасини яхшилаш чораларини кўриш топширилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (З. А. Алматов) икки ҳафта муддатда Республика ҳудудида паспорт режимини такомиллаштириш бўйича қўшимча тадбирлар ишлаб чиқсин, мансабини суиистеъмол қилган ходимларнинг жавобгарлигини ҳал этиб, паспорт тизими ходимлари орасида интизом ва қонунчиликка риоя қилишни мустаҳкамлаш юзасидан чоралар белгиласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасига (Б. М. Мустафоев) паспорт ислоҳотини амалга ошириш устидан назоратни янада кучайтириш, бу соҳада қонунбузарликка йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чоралар кўриш топширилсин.
4. Республика Давлат солиқ қўмитаси (В. С. Беганов) ва Молия вазирлиги (Ж. Б. Сайфиддинов) паспортлардан тушадиган тўловлар ҳамда маъмурий жарималарнинг тўла миқдорда ва ўз вақтида давлат бюджетига тушиши юзасидан назорат ўрнатсинлар.
5. Мазкур қарорнинг ижроси устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 27 май,
230-сон