Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Шартнома
Ўзбек — Туркман чегараолди савдо зонаси фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида товар айланмасини ошириш учун ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида,
2021 йил 5-октабрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида Ўзбек — Туркман чегараолди савдо зонаси — Савдо маркази фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш тўғрисидаги Битимга (кейинги ўринларда — Битим) асосланган ҳолда,
яқин қўшничилик алоқаларини ҳамда чегараолди савдо соҳасида Томон давлатларнинг чегараолди ҳудудларидаги корхоналар ва ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишувга эришдилар:
1-модда
Мазкур Шартномада қуйидаги таърифлар қўлланилади:
савдо маркази — икки давлат туташ чегараолди ҳудудларида жойлашган, чегараолди савдо режимига эга бўлган ўзбек ва туркман қисмларидан ташкил топган Ўзбек — Туркман чегараолди савдо зонаси;
товар — Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистонда ишлаб чиқарилган, муомаладан чиқарилмаган, Томон давлатлар қонунчилигига мувофиқ сотиш учун мўлжалланган маҳсулот;
назорат-ўтказиш пункти (НЎП) — Томон давлатлар қонунчилигига мувофиқ чегара, божхона ва бошқа назорат турлари амалга ошириладиган давлат чегараси чизиғи кесишмасида махсус ташкил этилган жой;
хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш органлари — ўз давлатларининг қонунчилигига ҳамда ўз давлатлари аъзо бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ, хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказувчи жиноятлар ҳамда бошқа хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш вазифаларини амалга оширувчи давлат органлари;
жисмоний шахслар (шахслар) — Томон давлатларнинг фуқаролари, шунингдек, Томон давлатларда қонуний яшаётган, Савдо маркази ҳудудида бўлиб турган ёки ҳаракатланаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар.
2-модда
Савдо марказининг қурилиши, фаолиятини тартибга солиш ва бошқариш мазкур Шартноманинг предмети ҳисобланади.
3-модда
1. Савдо марказининг қурилиши Томонлар тарафидан келишилган бош режалар ва эскизларга мувофиқ амалга оширилади.
2. Транспорт инфратузилмаси, сув таъминоти, электр таъминоти, телекоммуникация, бошқа муҳандислик коммуникациялари, махсус ўтиш жойи (йўлак) объектлари, НЎП, маъмурий ва бошқа биноларни лойиҳалаштириш, қуриш ва таъмирлаш, шунингдек, Савдо марказининг ҳар бир қисми ҳудудини ўраш ишлари ҳар бир Томон тарафидан мустақил равишда молиялаштирилади.
3. Савдо маркази Томонлар давлатларнинг чегараолди ҳудудларида, давлат чегараси чизиғининг ҳар икки томонида, бевосита «Шовот-автойўл» (Ўзбекистон Республикаси) ва «Дашогуз-автойўл» (Туркманистон) ўтказиш пунктлари яқинида жойлашади.
4. Савдо марказининг ўзбек ва туркман қисмлари давлат чегараси чизиғидан камида 10 (ўн) метр масофада жойлашган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги давлат чегараси орқали ўтадиган махсус ўтиш жойи (кейинги ўринларда — йўлак) билан боғланади. Савдо марказини бошқариш ёпиқлик шароитида амалга оширилади, ҳар бир Томон уни ўраб олиш чораларини кўради.
5. Савдо марказининг умумий майдони 6 гектардан иборат бўлиб, шундан Туркманистон қисмининг майдони 3 гектардан, Ўзбекистон қисмининг майдони 3 гектарни ташкил этади, зарур ҳолларда, Томонлар Савдо маркази майдонини алоҳида халқаро шартнома билан кенгайтиришлари мумкин.
6. Савдо марказининг ўзбек ва туркман қисмлари ўртасидаги қатнов йўлак орқали амалга оширилади. Давлат чегараси орқали ўтадиган йўлакни сақлаш Томон давлатларнинг тегишли органлари тарафидан биргаликда амалга оширилади.
7. Йўлак бўйлаб ўтадиган ва давлат чегараси чизиғи билан мос келувчи чизиқ Томонлар давлатлари учун йўлакни қуриш, уни бошқариш ва сақлаш учун ажратувчи чизиқ ҳисобланади.
8. Томонлар Савдо марказининг ўзбек ва туркман қисмларида шахслар, транспорт воситалари ва товарларни назорат қилиш учун чегара, божхона, санитария-карантин, ветеринария, фитосанитария ва назоратнинг бошқа турлари хизматлари, ваколатли кредит ташкилотлари (муассасалари) бўлимлари жойлашадиган назорат-ўтказиш пунктларини ўз давлатлари қонунчилигига мувофиқ ташкил этадилар.
9. Савдо маркази ҳудудининг географик координаталари, жойлашув чизмаси ва чегаралари мазкур Шартноманинг ажралмас қисми бўлган иловада келтирилган.
4-модда
1. Хўжалик юритувчи субъектлар Савдо маркази ҳудудида Томон давлатлар қонунчилиги билан тақиқланмаган савдо-иқтисодий фаолиятни амалга оширишлари мумкин.
Савдо маркази ҳудудида фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томон давлатларнинг ваколатли органлари ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
Томонлар Савдо маркази фаолиятининг асосий йўналишлари 2021 йил 5 октябрдаги Битимнинг 2 ва 4-моддалари билан тартибга солинганлигини тасдиқлайдилар.
2. Савдо маркази ҳудудида фақат Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистонда ишлаб чиқарилган товарларни олиб кириш ва улар билан савдо қилиш режими ўрнатилади.
3. Томонлар Савдо маркази фаолиятини таъминлаш мақсадида ишчи учрашувлари ва қўшма чора-тадбирларни мувофиқлаштиришнинг доимий ва самарали механизмини ишлаб чиқадилар.
5-модда
1. Савдо маркази ҳудудида солиқ солиш Томон давлатларнинг қонунчилигига ва улар ўртасида тузилган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
2. Савдо марказида жисмоний шахслар томонидан харид қилинган вазни 60 кг гача бўлган товарларидан божхона тўловлари ундирилмайди. Ушбу чекловлар оғирлиги 60 кг ва ундан ортиқ бўлган якка тартибдаги товарларга, шу жумладан, маиший техника, мебель ва шу кабиларга нисбатан қўлланилмайди.
6-модда
1. Савдо марказининг тўлақонли фаолият кўрсатиши ва ривожланиши учун объектлар:
- Савдо мажмуаси (чакана савдо дўконлари);
- ваколатли кредит ташкилотлари (муассасалари) ва суғурта компаниялари бўлинмалари, маъмурий бинолар ва офислар, савдо ва туризм ваколатхоналари;
- тезкор жавоб берувчи ихтисослаштирилган пунктлари (тиббий ёрдам, ёнғинга қарши пункт, ҳуқуқ-тартибот пунктлари);
- Савдо маркази фаолиятига тегишли бўлган бошқа объектлар.
2. Товарларни Савдо марказига олиб кириш ва ундан олиб чиқиш Томонлар давлатларнинг қонунчилигига ва икки давлат аъзо бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
Савдо марказига олиб кириладиган ва ундан олиб чиқиладиган товарларга нисбатан божхона тартиб-таомилларини ўтказиш ҳар куни амалга оширилади (Томонларнинг келишувига кўра, бир ойда бир маротаба санитария куни белгиланади).
3. Савдо маркази ҳудуди доирасида шахслар, товарлар (юклар) ва транспорт воситалари эркин ҳаракатланади. Савдо марказининг ўзбек ва туркман қисмларининг иш тартиби ҳар куни соат 9:00 дан 18:00 гача этиб белгиланган.
Савдо марказига кириш ва ундан чиқиш «Шовот-автойўл» (Ўзбекистон Республикаси) ва «Тошовуз-автойўл» (Туркманистон) ўтказиш пунктларининг режим зоналарини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Томонлар тарафидан тан олинган ҳақиқий ҳужжатлар асосида икки давлат фуқаролари ва ушбу давлатларда қонуний яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслари ўзбек ва туркман қисмлари иш вақти давомида визасиз тартибда Савдо марказига киришлари ва ундан чиқишлари мумкин.
4. Туркманистон фуқаролари Савдо марказига Туркманистон ҳудудидан Туркманистон фуқароларининг шахсини тасдиқловчи қуйидаги амалдаги ҳужжатлардан бири асосида киришлари мумкин:
- Туркманистон фуқаросининг дипломатик паспорти;
- Туркманистон фуқаросининг хизмат паспорти;
- Туркманистон фуқаросининг Туркманистондан чиқиш ва Туркманистонга кириш паспорти;
- Туркманистон фуқароси паспорти.
5. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Савдо марказига Ўзбекистон ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсини тасдиқловчи қуйидаги амалдаги ҳужжатлардан бири асосида киришлари мумкин:
- Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик дипломатик паспорти;
- Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти;
- Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти (2030 йил 31 -декабргача);
- Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси.
6. Бир Томон давлатининг бошқа Томон давлати ҳудудида қонуний бўлиб турган фуқаролари Савдо маркази ҳудудига халқаро сафарлар учун амалдаги ҳужжатлардан бири асосида киришлари мумкин.
7. Томон давлатларнинг фуқаролари ҳамда Томон давлатларда қонуний яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Савдо маркази ҳудудидан қайтариб юбориш улар келган пункт орқали амалга оширилади.
Томонлар давлатлари фуқароларини ва Томонлар давлатларида қонуний яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни қайтариш, Савдо маркази ҳудудидан фақат улар келган пункт орқали амалга оширилади.
8. Табиий офатлар, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ва эпизоотиялар, карантин ва бошқа хавфли зараркунандалар, ўсимликлар ва бегона ўтлар касалликлари тарқалган тақдирда, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни тергов қилишда, Томонлар Савдо марказининг қисмлари ўртасида вақтинчалик назоратни жорий этиш ёки қатновни тўхтатиш учун зарур иншоотларни ўрнатадилар.
9. Савдо маркази ҳудудида шахсни тасдиқловчи ҳужжат йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, шахс қабул қилувчи давлатнинг ваколатли органларига мурожаат қилиши керак, улар зарурат бўлганда бошқа Томон давлатининг ваколатли органлари билан ҳамкорликда унинг шахсини ва Савдо маркази ҳудудига қонуний кирганлигини тасдиқлайдилар.
Савдо марказининг тегишли қисми ҳудудида йўловчилар ва товарлар (юклар)ни ташиш Томонлар давлатларининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
10. Томон давлатларнинг чегара-назорат хизматлари ўртасидаги ишчи ҳамкорлик учрашувлар ва музокаралар орқали амалга оширилади.
7-модда
Божхона органлари Савдо маркази ҳудудига олиб кириладиган ва ундан олиб чиқиладиган товарлар (юклар), шахсларнинг божхона назоратини ўз давлатларининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширадилар. Зарур ҳолларда, Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун товарларни Савдо маркази ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича тегишли талабларни ишлаб чиқадилар.
8-модда
1. Савдо марказининг ўзбек ва туркман қисмлари ҳудудида ҳар бир Томон давлати қонунчилигига мувофиқ, валюта айирбошлаш хизматлари кўрсатилади.
2. Савдо марказининг ўзбек ва туркман қисмлари ҳудудида товарлар ва хизматлар учун ҳисоб-китоблар тўлов амалга оширилаётган Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
9-модда
Савдо маркази ҳудудида содир этилган ҳуқуқбузарликлар улар содир этилган давлат қонунчилигига мувофиқ кўриб чиқилади ва Томонлар кўрсатилган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўришда ҳамкорлик қиладилар.
10-модда
1. Томонлар ўз давлатларининг қонунчилигига мувофиқ, Савдо маркази ҳудудидаги махсус жиҳозланган жойларда товарлар (юклар), шахсларга нисбатан, шунингдек, жамоат ва бошқа хизматлар соҳаларида санитария, карантин ва ветеринария назоратининг тегишли турларини амалга оширадилар.
2. Бир Томон давлатининг тегишли давлат органлари тарафидан Фитосанитария, ветеринария талаблари ва санитария-эпидемиология меъёрларига мос келмайдиган товар аниқланса, ушбу товар экспорт қилувчи томон тарафидан Савдо маркази ҳудудидан дарҳол қайтариб юборилиши лозим.
3. Савдо маркази ҳудудида Томонлар давлатлари қонунчилиги билан тақиқланган товарларни сотишга йўл қўйилмайди.
Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ўз давлатлари ҳудудида амалдаги чекловлар асосида Савдо маркази ҳудудига олиб кириш ва сотиш тақиқланган товарлар рўйхатини дипломатик каналлар орқали алмашадилар.
Товарлар рўйхати ўзгарган тақдирда, Томонлар давлатларнинг ваколатли органлари бу ҳақда бир-бирларини дипломатик каналлар орқали хабардор қиладилар.
4. Савдо маркази ҳудудида ўсимликлар карантини ва ветеринария инспекторлари учун хизмат хоналари, шунингдек, фитосанитария ва ветеринария лабораториялари, намуналарни сақлаш хоналари ташкил этилиши мумкин.
Савдо маркази ҳудудида қўшимча равишда фумигация камералари, дезинфекция тўсиқлари ва карантин фитосанитария ва ветеринария-санитария назорат турларини таъминлашда зарур бўлган бошқа воситалари жойлаштирилиши мумкин.
Томон давлатларнинг тегишли органлари юқумли касалликларни назорат қилиш, ўсимликлар ва ҳайвонлар карантини соҳасида ҳамкорликни амалга оширадилар, шунингдек, эпизоотик ва фитосанитар ҳолат, эпидемиологик вазият тўғрисида ўзаро бир-бирларини хабардор қиладилар.
11-модда
Мазкур Шартномани талқин қилиш ва қўллашда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар уларни маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал қиладилар.
12-модда
Томонлар келишувига кўра, мазкур Шартномага унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Томонлар давлатларнинг ваколатли органлари бир йилда камида бир маротаба мазкур Шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқадилар.
13-модда
1. Мазкур Шартнома номуайян муддатга тузилади ва Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Ҳар бир Томон бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, мазкур Шартноманинг амал қилишини тугатиши мумкин. Ушбу ҳолларда мазкур Шартноманинг амал қилиши бундай хабарнома олинган санадан бошлаб олти ой ўтгач тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2025 йил 17 ноябрда, икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Шартнома матнлари ўртасида тафовутлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)