Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ нуфузи ва жозибадорлигини ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ нуфузи ва жозибадорлигини ошириш, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашига ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда уларнинг касб ўрганиш ва таълим олишга бўлган қизиқиш ҳамда интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Муддатли ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматни ўтаган ёшларга бериладиган имтиёз ва кафолатлар
1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари (кейинги ўринларда — Қуролли Кучлар) сафига муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақирилган фуқаролар учун қуйидаги имтиёз ва кафолатлар берилади:
(а) 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
(i) муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга (кейинги ўринларда — аскарлар) хизматни ўташ даврида олий таълим ташкилотлари бакалавриатининг масофавий таълим шаклига абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиш, кириш имтиҳонларида иштирок этиш ва натижасига кўра ўқишга киришга рухсат берилади. Бунда олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган аскарларга қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли таълим кредити ажратилади;
(ii) муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган аскарлар олий таълим ташкилотларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув марказларида ўқиган талабаларга тенглаштирилади ва ўқишни тамомлагандан сўнг уларга белгиланган тартибда «захирадаги лейтенант» ҳарбий унвони берилади;
(iii) муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаган, республика ва халқаро спорт мусобақаларида ёки фан олимпиадаларида 1-ўринни қўлга киритган аскарлар орасидан 100 нафари танлов асосида сараланиб, олий ҳарбий ва олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига дастлабки саралаш ва махсус касбий танлов натижаларига кўра тест синовларисиз ёки якка тартибдаги якуний суҳбатсиз белгиланган йиллик квота доирасида тўғридан-тўғри ўқишга қабул қилинади.
Бунда танлов асосида саралаб олинадиган 100 нафар аскарлар тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида улар таркибида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг умумий сонига мутаносиб равишда тақсимланади ҳамда ўзлари муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган (ўтаган) вазирлик ва идоралар таркибидаги ҳамда улар учун офицерларни тайёрловчи олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинади;
(iv) муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида Олимпия ва Осиё ўйинлари дастурларига киритилган спорт турлари бўйича республика ҳамда халқаро мусобақаларда 1-ўринни қўлга киритган аскарлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига (мос йўналишларга) кириш синовларисиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади;
(v) аскарларнинг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб, ҳарбий қисмлар (муассасалар)да (кейинги ўринларда — ҳарбий қисм) касбга ўқитиш бўйича гуруҳлар шакллантирилади ҳамда аскарларни камида битта касбга ўқитиш бўйича олти ойгача бўлган муддатда ўқув курслари ташкил этилади. Бунда ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган аскарларга давлат намунасидаги сертификат берилади;
(vi) муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳамда хизматдан бўшатилган йилда олий таълим ташкилотларида ўқиш истагини билдирган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати харажатлари «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
(vii) муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ва хусусий секторда фаолият юритиш истагини билдирган ёшларга касб-ҳунарга ўқиш харажатлари ваучер асосида белгиланган тартибда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
(viii) муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга кредит фоизи харажатлари қонунчиликда белгиланган тартибда қоплаб берилади;
(б) 2027 йил 1 апрелдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёшларга давлат органлари ва ташкилотларига ишга киришда тест синовлари натижаларига кўра ўзлари тўплаган баллнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз берилади.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) 2026 йил май ойидан бошлаб аскарлар ўртасида сўровнома ўтказиш орқали уларнинг орасидан касб эгаллаш ва олий таълим ташкилотига ўқишга кириш истагини билдирган номзодлар аниқланади;
(б) аскарларни касбга ўқитишни самарали ташкил этиш мақсадида ҳарбий қисмларга яқин ҳудуддаги техникумларга ушбу ҳарбий қисмлар бириктирилади. Бунда аскарларни касбга ўқитишга техникумларнинг педагог кадрлари жалб қилинади;
(в) 2026 йил 1 майдан бошлаб аскарларни касбга ўқитишга жалб этилган педагогларга машғулотларни ўтказганлик учун соатбай асосида иш ҳақи тўланади;
(г) аскарларга олий таълим ташкилотларига ўқишга кириш учун тест синовлари умумий тартибда, ҳар йил Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси қарори асосида белгиланадиган муддатларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан амалга оширилади.
II. Ташкилий механизмлар
3. Мудофаа вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
(а) бир ой муддатда аскарлар касбга ўқитиш курсларида ўқитиладиган касблар рўйхатини тасдиқласин;
(б) икки ой муддатда белгиланган касбларнинг ўқув дастурларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
(в) 2026 йил 1 майдан бошлаб аскарларни улар танлаган касблар бўйича ўқитишни йўлга қўйсин;
(г) аскарларга олий таълим ташкилотларига ўқишга киришга тайёргарлик кўриш учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш чораларини кўрсин.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар буюртмалари асосида касбга ўқитиш бўйича ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган аскарларга давлат намунасидаги сертификат берилишини таъминласин.
5. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2026 йил 1 майдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳамда хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларни, шунингдек, аскарларни ҳарбий қисмларда касбга ўқитиш харажатларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш амалиётини йўлга қўйсин.
6. Ёшлар ишлари агентлиги 2026 йил 1 июлдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳамда олий таълим ташкилотларида ўқиш истагини билдирган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати харажатларини «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш амалиётини йўлга қўйсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:
(а) бир ой муддатда Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар буюртмалари асосида ҳарбий қисмларни аскарларни касбга ўқитиш бўйича зарур бўлган моддий-техник база билан;
(б) аскарларни касбга ўқитиш даврида талаб қилинадиган жиҳозлар, хомашё ва материаллар етказиб берилишини таъминласин.
8. Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар аскарларнинг кейинчалик доимий бандлигини таъминлаш мақсадида муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида касбга ўқитиш бўйича ўқув курсларини якунлаб, давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган аскарлар тўғрисидаги маълумотларни ҳарбий хизмат тугашидан камида бир ой олдин Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Миграция агентлигига тақдим этиб борсин.
9. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги муддатли ҳарбий хизматни тамомлаган ҳамда давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган ёшларнинг доимий бандлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
10. Миграция агентлиги муддатли ҳарбий хизматни тамомлаган ҳамда давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларни хусусий бандлик агентликлари орқали хорижий иш берувчиларнинг бўш иш ўринлари бўйича танловларига жалб қилиш чораларини кўрсин.
11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
(а) 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган аскарларга қонунчиликда белгиланган тартибда ўқишнинг биринчи йили учун Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим кредити ажратилишини;
(б) муддатли ҳарбий хизматни тамомлагандан сўнг бир йил мобайнида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга тадбиркорликни бошлаш учун тижорат банкларининг миллий валютада Марказий банк асосий ставкасининг икки бараваридан ошмаган ставкада ажратиладиган кредитларининг 5 млрд сўмгача қисми бўйича фоиз харажатларининг асосий ставкадан 4 фоиз пункт юқори қисми, бироқ 6 фоиздан ошмаган миқдорда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилишини таъминласин.
Бунда ушбу компенсация кичик тадбиркорлик субъектларига барқарорлик рейтинги ва ҳудуд тоифасидан қатъи назар, уч йил муддатга «2+1» тамойили асосида дастлабки икки йилга тақдим этилади, товар (иш, хизмат)ларни реализация қилишдан тушган йиллик тушум аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоиз ва ундан ортиқ миқдордан ошган тақдирда, учинчи йил давомида ҳар ойда тўлаб борилади.
12. Мудофаа вазирлиги икки ой муддатда:
(а) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
(б) Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда мазкур қарорга мувофиқ аскарларни ҳарбий қисмларда касбга ўқитиш харажатларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан қоплаб бериш тартибини назарда тутувчи идоравий норматив ҳужжат ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
13. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 апрель,
ПҚ-134-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2026 й., 07/26/134/0325-сон)