LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 4 июндаги ПҚ-1771-сонли «Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институти фаолиятини тубдан яхшилаш, театр санъати, кино, телевидение, санъатшунослик ҳамда мазкур соҳанинг бошқа йўналишлари бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш самарадорлигини ошириш, шунингдек, талабаларнинг ижодий истеъдоди ва қобилиятини ҳар томонлама тўлиқ юзага чиқариш учун зарур моддий-техник база ва шарт-шароит яратиш мақсадида:
1. Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Мироншоҳ кўчаси, 123-уй манзили бўйича барпо этилаётган бинолар комплексини Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтига бепул ўтказиб бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва ушбу объект қурилишини амалга ошираётган пудратчи ташкилотлар, санъат соҳасидаги олий ўқув юртлари ўқув-ижодий жараёнларининг ўзига хослиги ва алоҳида талабларини, институтни аудиториялар, мастер-класслар, яъни «маҳорат синфлари», студиялар ва бошқа зарур хоналар билан таъминлашни инобатга олган ҳолда, институт тасарруфига берилаётган бинолар комплекси ва иншоотларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларига тегишли тузатиш ва қўшимчалар киритсин.
Институт тасарруфига берилаётган ўқув биносини реконструкция қилиш бўйича юқорида қайд этилган барча ишлар 2005 йилнинг 1 сентябригача якунлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан биргаликда мазкур бинолар комплексини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва техник таълим воситалари, ускуналар, мебель, дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар билан жиҳозлаш, институтнинг янги бинодаги фаолиятини тўлиқ таъминлаш билан боғлиқ қўшимча харажатларни қоплаш учун зарур маблағларни ажратиш бўйича барча масалаларни кўриб чиқсин ва ҳал этсин.
4. Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтининг Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан тақдим этилган, бошқарув ва хизмат кўрсатувчи ходимлари сони 253 киши, жумладан, бошқарув ходимлари 45 киши қилиб белгиланган ташкилий тузилмаси иловага мувофиқ маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари бир ой муддатда қуйидаги ишларни амалга оширсин:
Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институти тузилмасини иловага биноан тасдиқланган тузилмага мувофиқлаштирсин;
факультет деканатларини шакллантирсин, кафедралар сонини мақбул даражага келтирган ҳолда, уларнинг рўйхати ва номланишини қайтадан кўриб чиқсин;
институтнинг профессор-ўқитувчилар таркибини танлов асосида юқори малакали мутахассислар билан мустаҳкамласин.