Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Касаначиликни ривожлантириш орқали ишсиз аҳоли, айниқса хотин-қизлар, меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан бандлигига кўмаклашиш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни янада кенгайтириш мақсадида:
1. 2022 йил 1 июлдан бошлаб касаначиликни меҳнат шартномаси билан бир қаторда ишларни бажариш, товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан пудрат шартномаси асосида ташкил этишга рухсат этилсин.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) бир ой муддатда касаначилик шартларида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда, касаначилик шартларида кўрсатилиши мумкин бўлган хизмат турларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилансинки:
а) 2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январга қадар:
касаначиларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, бироқ ҳисобот даврида (бир ойда) кўпи билан бир миллион сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланади;
касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширади;
б) Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги ПФ-193-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.11.2023 й., 06/23/193/0844-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 августдаги «Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5214-сон қароридаги «етакчи» тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кредит суммасининг 75 фоизи миқдоригача кафиллик бериш бўйича тартиб маҳаллаларда фаолият юритувчи касаначилар сони камида 10 нафар бўлган тадбиркорлик субъектларига ҳам татбиқ этилсин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги ПФ-193-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.11.2023 й., 06/23/193/0844-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-64-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 07/25/64/0154-сон)
5. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда ҳар бир ҳудуд учун алоҳида касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги ПФ-193-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.11.2023 й., 06/23/193/0844-сон)
7. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури координаторлари (С. Холхўжаев, А. Камалов, Д. Султанов) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) билан биргаликда 2022 йил учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 500 миллиард сўмини касаначиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирсин.
8. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) иш берувчиларнинг буюртмаси асосида касаначиларни «Ишга марҳамат» мономарказлари, туман (шаҳар) касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларида ўқитишни ташкил этсин. Бунда:
маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари ва туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари касаначилик орқали фуқароларни ишга олиш истагида бўлган тадбиркорларни аниқлайди ва фаолият йўналиши кесимида уларнинг рўйхатини шакллантиради;
туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари тадбиркорлар томонидан таклиф этилаётган касаначилик фаолияти билан шуғулланиш учун касблар рўйхатини шакллантиради;
касаначиларни ўқитиш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
касаначилик билан шуғулланмоқчи бўлган ишсиз шахслар «Ишга марҳамат» мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларида талаб этиладиган касбларга ўқитилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-64-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 07/25/64/0154-сон)
10. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташкилий тузилмасининг умумий штатлар сони доирасида вазирлик марказий аппаратида, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари тузилмасида касаначилик фаолиятини ривожлантириш ва мувофиқлаштиришга масъул бўлган бўлимлар ташкил қилинсин.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига қуйидаги қўшимча вазифа ва функциялар юклатилсин:
касаначилик соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишини таъминлаш ва ҳудудларнинг ихтисослигидан келиб чиқиб, касаначилик фаолияти бўйича мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш;
касаначиликни ривожлантириш бўйича ишларни самарали ташкил этиш орқали норасмий бандликни қисқартириш ва маҳаллаларда иш билан банд бўлмаган фуқароларни касаначилик фаолиятига жалб қилиш;
ишсиз фуқароларни касаначилик фаолияти бўйича касб-ҳунарга ўқитиш ишларини ташкил этиш;
касаначилик фаолиятини ривожлантириш юзасидан ажратилаётган субсидияларнинг мақсадлилигини таъминлаш ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни Давлат бюджетига қайтарилишини таъминлаш;
ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламларига касаначилик билан шуғулланишлари учун имтиёзлар бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Белгилансинки, иш берувчи ва касаначи ўртасида тузилган меҳнат, фуқаролик-ҳуқуқий ёки пудрат шартномалари Солиқ қўмитасининг Ягона электрон шартномалар ахборот порталида мажбурий тартибда иш берувчи томонидан рўйхатдан ўтказилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги ПФ-193-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.11.2023 й., 06/23/193/0844-сон)
12. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С. Холхўжаев), Молия вазирлиги (Т. Ишметов) икки ой муддатда:
а) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда касаначилик ривожланишини самарали мониторинг қилиш учун ва идоралараро маълумот алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси таркибида мавсумий ва касаначилик ишлари портали ишга туширилишини таъминласин;
б) қуйидагиларни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
касаначиларга асбоб-ускуна харид қилиб бериш харажатлари учун тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан субсидия ажратиш ва фойдаланилмаётган асбоб-ускуналарга ажратилган субсидияларни қайтариб олиш тартибини;
олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида субсидия ажратиш тартибини.
13. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мазкур қарорнинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.
14. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б. Хусанов белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2022 йил 21 апрель,
ПҚ-214-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги ПФ-193-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.11.2023 й., 06/23/193/0844-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги ПФ-193-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.11.2023 й., 06/23/193/0844-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2022 й., 07/22/214/0333-сон; 11.11.2023 й., 06/23/193/0844-сон; 18.02.2025 й., 07/25/64/0154-сон)