Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қўшма қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг 2020 йилдаги фаолияти ва 2021 йилдаги фаолиятининг устувор йўналишлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг (бундан буён матнда Парламент комиссияси деб юритилади) ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши таъкидлайдики, Парламент комиссияси томонидан 2020 йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг институтлари фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, молиявий-иқтисодий ва институционал жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларининг фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида аҳамият қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан (бундан буён матнда Жамоат фонди деб юритилади) 2020 йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш учун 38 млрд. 33,9 млн. сўм маблағ ажратилган.
Жумладан давлат субсидияларининг ажратилиши ва уларни ўзлаштириш доирасида 2020 йилда жами 11 та ташкилот, яъни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Халқаро пресс-клуб, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази, «Маърифат тарғиботчилари» жамияти, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларни амалга ошириш учун 23 млрд. 389,7 млн. сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек давлат ижтимоий буюртмалари доирасида 13 та вазирлик ва идора, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 5 млрд. 200 млн. сўмлик 15 та буюртмаси танловга қўйилган ҳамда Парламент комиссиясининг қарорига мувофиқ 15 та ташкилотнинг давлат ижтимоий буюртмасига 5,2 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Жумладан жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, хотин-қизлар ҳамда кексаларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш мақсадида 4 та ижтимоий буюртма лойиҳаси учун 900 млн. сўм, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали жамиятда камбағалликни қисқартириш мақсадида 6 та ижтимоий буюртма лойиҳасига 2 млрд. 250 млн. сўм маблағ йўналтирилган.
Бундан ташқари давлат гранти лойиҳаларини амалга ошириш доирасида 70 та устувор йўналишни қамраб олган давлат грантининг 5 та танлови ўтказилган ҳамда уларда жами 882 та нодавлат нотижорат ташкилотининг, оммавий ахборот воситаларининг ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг 237 та лойиҳасига 9,2 млрд. сўм ажратилган.
Хусусан, «Жамият ва оилада соғлом ижтимоий-маънавий ва тиббий муҳитни таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш» йўналишидаги биринчи танловда нодавлат нотижорат ташкилотларининг пандемияга қарши курашишда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси билан ҳамкорлик қилишга қаратилган ташаббус асосида киритган 32 та грант лойиҳаси 1,3 млрд. сўмга молиялаштирилган.
Ҳисобот даврида Парламент комиссияси томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг молиявий эркинлигини таъминлаш, маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан самарали назорат олиб бориш, лойиҳа ва дастурларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш мақсадида мониторинг ўтказилган.
Мақсадсиз ва нотўғри сарфланган 1 млрд. 118,5 млн. сўмлик давлат субсидияси, 172,9 млн. сўмлик ижтимоий буюртма, 238,9 млн. сўмлик давлат гранти маблағлари мониторинг натижаларидан келиб чиқиб қайтарилган.
2020 йил давомида Парламент комиссиясининг 8 та йиғилиши ўтказилиб, уларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятига доир ҳамда жамиятда ижтимоий шерикликни кучайтириш билан боғлиқ 50 га яқин долзарб масала кўриб чиқилган.
Ўтган даврда Парламент комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар, ажратилган давлат субсидиялари ва грантлари ҳамда молиялаштирилган ижтимоий буюртмалар доирасидаги дастур ва лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 1 771 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Ушбу лойиҳаларда кўзда тутилган мақсадлар акс эттирилган қарийб 500 хил материал 161 мингдан зиёд нусхада тарқатилган.
Умуман, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаол қўллаб-қувватланиши натижасида кўплаб ижтимоий, умум аҳамиятга молик дастурлар ҳамда лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Аниқ ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш имкони яратилди. Бу эса ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ижтимоий фаоллигини янада оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга Парламент комиссиясининг нодавлат нотижорат ташкилотларини, оммавий ахборот воситаларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада ривожлантириш, уларнинг мамлакатда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини тараққий эттириш жараёнларидаги иштирокини кенгайтиришга кўмаклашиш борасидаги фаолиятида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларга зарур услубий кўмак бериш борасидаги ишлар лозим даражада олиб борилмаган.
Жамоат фонди фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан лойиҳаларни ҳамда ҳисоботларни электрон рақамли имзолардан фойдаланган ҳолда электрон шаклда қабул қилиш, ҳужжатлар айланмасини электрон тарзда юритиш бўйича махсус дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш масалаларига етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек Жамоат фонди фаолиятига оид амалдаги бир қатор низомларни нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг талаби, кўлами, мазмун-моҳияти ва асосий шаклларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштириш тақозо этилмоқда. Хусусан, Парламент комиссиясининг давлат субсидиялари ва давлат грантларини ажратиш, давлат ижтимоий буюртмаларини бериш, Жамоат фонди маблағларини тақсимлашга доир бир қатор амалдаги низомларни мақбуллаштирган ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.
Ҳудудларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг салоҳиятидан кенг фойдаланган ҳолда, фаол жамоатчилик назоратини амалга оширишга эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари жорий йилда Парламент комиссиясининг олдида изчиллик билан амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор янги, устувор вазифалар турибди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги «2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6181-сонли Фармонида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона вертикал тизимини жорий этиш белгиланган.
Бунда Жамоат фондининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш, давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш тартибини соддалаштириш, ажратилаётган маблағларни устувор равишда таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш, коммунал хўжалиги каби соҳалардаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган ижтимоий буюртмаларга йўналтириш, мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ижроси устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш назарда тутилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда Парламент комиссияси ва Жамоат фонди фаолияти самарадорлигини янада ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг 2020 йилда амалга оширган ишлари тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Парламент комиссияси раиси А. Шадманов ва Жамоат фонди директори О. Хусанов зиммасига:
нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат субсидияси, давлат ижтимоий буюртмаси ва давлат гранти шаклида бюджетдан йўналтирилган маблағлар ҳисобига амалга оширилган дастур ва лойиҳаларнинг натижадорлигини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами муносабати билан маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил этишга қаратилган алоҳида грант танловини эълон қилиш;
нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб бориш, жумладан матбуот анжуманларини мунтазам равишда ташкил этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари фаолиятини услубий жиҳатдан янада самарали ташкил этишга кўмаклашиш;
Парламент комиссиясининг 2016 йил 20 июндаги 28-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат субсидиялари ажратишнинг тартиби ва шартлари тўғрисида низом»ни, «Давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиби ва шартлари тўғрисида низом»ни, «Давлат грантлари ажратишнинг тартиби ва шартлари тўғрисида низом»ни, шунингдек «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини тақсимлаш тартиби»ни ҳамда Парламент комиссияси ишчи гуруҳларининг низомларини бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
ўз фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан лойиҳаларни ҳамда ҳисоботларни электрон рақамли имзолардан фойдаланган ҳолда электрон шаклда қабул қилиш, ҳужжатларнинг электрон айланмасини юритиш бўйича махсус дастурий маҳсулотларни жорий этиш ишларини жадаллаштириш вазифалари юклатилсин.
3. Парламент комиссияси қуйидагилар юзасидан асослантирилган таклифлар тайёрлаш чораларини кўрсин:
нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона вертикал тизимини жорий этиш;
жамоат фондининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш;
давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш тартибини соддалаштириш;
Давлат грантлари ва ижтимоий буюртмаларни ташкил этишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига кўмаклашиш;
ажратилаётган маблағларни устувор равишда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, бандлик, ижтимоий хизматлар, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги каби соҳаларда муаммоларни ҳал этишга қаратилган ижтимоий буюртмаларга йўналтириш;
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган тадбирларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш;
давлат ижтимоий буюртмаларини жойлаштириш бўйича семинар-тренинглар ўтказиш;
давлат органлари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш орқали ижтимоий буюртмаларни жойлаштириш кўламини кенгайтириш;
нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари вакилларининг ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий ва ижтимоий билимини оширишга йўналтирилган ишларни тизимли равишда ташкил этиш;
фуқаролик жамияти институтларининг минтақаларнинг аниқ ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган дастурлари ҳамда лойиҳаларини молиялаштириш;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан ишлаб чиқилган инновацион ғоялар ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, тегишлилиги бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига:
2021 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган «Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари» учун бино ажратиш ҳамда уларни зарур офис анжомлари, мебель, буюмлар, техника ва бошқа зарур воситалар билан таъминлаш;
мазкур биноларга янги ташкил этилган, шунингдек ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларини бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш;
бўш турган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида нодавлат нотижорат ташкилотлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда «Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари»ни ташкил этиш тавсия қилинсин.
5. Ушбу Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 2 апрель,
826-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 2 апрель,
КҚ-207-сон