LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Аҳолининг ёнғинга қарши ишончли ҳимоясини, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи маҳсулотлари ва халқ хўжалиги объектларининг сақланишини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Бухоро вилоятининг Қоровулбозор шаҳрида ишлаб турган 31 кишидан иборат профессионал ўт ўчирувчи қисм тугатилиб, ходимларининг сони 65 кишидан иборат йирик ва мураккаб ёнғинларни ўчирувчи таянч пункти бўлган мустақил ҳарбийлаштирилган ўт ўчирувчи қисм ташкил этилсин.
2. Қўшимча киритилган ходимларни жорий йилда маблағ билан таъминлаш 1997 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги учун назарда тутилган умумий маблағлар ҳисобидан амалга оширилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, 1998 йилдан бошлаб, қўшимча штатлар ажратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигини маблағ билан таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қўшимча ажратилган штатларни ходимлар билан бутлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин.