[
ОКОЗ:
1.
19.00.00.00 Халқаро муносабатлар. Халқаро ҳуқуқ / 19.01.00.00 Давлатлараро алоқаларда умумий масалалар / 19.01.01.00 Давлатлар билан ўзаро муносабатларда асосий тамойиллар]
[
ТСЗ:
1.
Ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар / Халқаро шартномалар (битмлар)]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида
Минск, 1 август 2019 йил
LexUZ шарҳи
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги ПҚ-4476-сонли «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги
қарори
билан тасдиқланган.
(Ўзбекистон Республикаси учун 2021 йил 18 февралдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
1991 йил 6 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида давлатлараро муносабатларнинг асослари тўғрисидаги Шартномага амал қилиб,
икки мамлакат минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенг қамровли ривожлантириш заруриятини тан олиб,
ҳамкорликнинг долзарб масалаларини маҳаллий даражада тезкор ҳал қилишда ҳамда тарихан шаклланган алоқаларни чуқурлаштиришда минтақалараро ҳамкорликнинг амалий аҳамияти ва салоҳиятини эътироф этган ҳолда,
икки мамлакат минтақалари ўртасида фаолиятнинг турли соҳаларида ҳамкорликни таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ривожланаётган алоқаларини фаоллаштиришга қодир бўлган минтақалараро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатларининг қонунчилигига ҳамда давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳаларида, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа йўналишларда ўзаро манфаатли бўлган минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Мазкур Битим мақсадлари учун қўлланиладиган атамалар қуйидагиларни англатади:
«минтақалар» — Ўзбекистон томонидан: Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари; Беларусь Республикаси томонидан: Беларусь Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари;
«ваколатли органлар» — Томонлар давлатларининг мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бўйича минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида ваколат берилган ҳокимият органлари;
«хўжалик юритувчи субъектлар» — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки Беларусь Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган хўжалик юритувчи субъектлар.
3-модда
Томонлар, шунингдек, ваколатли органлар минтақалараро ҳамкорликни амалга ошириш ва мувофиқлаштириш мақсадида қуйидагиларга кўмаклашадилар:
минтақалар ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш;
мазкур Битимни амалга татбиқ қилишга йўналтирилган қўшма тадбирлар режалари, ҳаракат дастурлари ва «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
минтақалараро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳамда уни такомиллаштириш истиқболларини муҳокама қилиш бўйича зарурият бўлганда, қўшма ишчи гуруҳлар тузиш ва минтақалар даражасида мунтазам маслаҳатлашувлар механизмини йўлга қўйиш;
ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли бошқа шакллари.
4-модда
Ваколатли органлар минтақаларнинг корхона ва ташкилотлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо ва ишлаб чиқариш алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашадилар. Мазкур мақсадларда улар ўз ваколатлари доирасида ва ўз давлатлари қонунчилигига мувофиқ:
корхона ва ташкилотлар ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, товар ва хизматлар етказиб бериш бўйича ўзаро манфаатли контрактлар тузишда тадбиркорлик тузилмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ташаббуси билан чиқадилар;
тадбиркор ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида учрашувлар, форумлар, бизнес-семинарлар, конференциялар, симпозиумлар, кўргазма ва ярмаркалар ташкил этадилар;
ўз минтақаларини иқтисодий ривожлантиришнинг устувор лойиҳаларини амалга оширишда, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектлари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш орқали бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар;
ўз давлатлари қонунчилигидаги ўзгаришлар ва амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида бир-бирларини мунтазам хабардор қиладилар;
ўзаро савдони ташкил этишда вужудга келаётган қийинчиликларни таҳлил қиладилар ва тегишли таклифлар ишлаб чиқадилар.
5-модда
Ваколатли органлар минтақалар ўртасида бевосита турист алмашинувини ташкил қилиш, минтақалар жозибадорлигини оширишга қаратилган туризм соҳасидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар ишбилармонлик фаоллигини ошириш ва минтақага туристик оқимни кўпайтириш мақсадида транспорт қатновини яхшилаш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашадилар.
6-модда
Ваколатли органлар шаҳарлар маъмуриятлари ўртасида касбий алоқаларнинг ривожланишига ва маҳаллий бошқарувнинг самарадорлигини ошириш мақсадида унинг илғор тажрибаларини тарқатишга ҳамда ўз олдиларида турган ўхшаш вазифаларни ҳал қилишда тажриба алмашишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар шаҳарсозлик ҳамда улкан шаҳарсозлик лойиҳаларини режалаштириш ва молиялаштириш амалиёти бўйича ахборот алмашиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
7-модда
Ваколатли органлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларида ҳамкорлик қиладилар ва табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини бошқариш соҳасида илғор тажрибаларни жорий этишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар ичимлик суви ҳамда энергия билан таъминлаш, чиқинди сувларни тозалаш, маиший ва саноат чиқиндиларини утилизация қилиш, шунингдек, энергия самарадорлиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
8-модда
Ваколатли органлар ўзаро яхшироқ тушуниш, ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлашга эришиш учун тарих ва маданият билан ўзаро танишиш мақсадида турли даражаларда мунтазам алоқаларни қўллаб-қувватлайдилар.
Ваколатли органлар оммавий ахборот воситаларида минтақаларнинг ижтимоий-маданий ва иқтисодий ҳаётини холисона ёритишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар миллатлараро муомала, маданиятлараро мулоқот ва этник-маданий ривожланиш маданиятини мустаҳкамлаш соҳасида минтақалар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ва бошқа тадбирларни амалга оширишга кўмаклашадилар.
9-модда
Томонлар ўртасида мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш бўйича юзага келадиган низо ҳамда келишмовчиликлар музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
10-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ, мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва мазкур Битимда белгиланган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
11-модда
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари ҳақида сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Битимнинг амал қилиши Томонлардан бири бошқа Томоннинг Битим амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги тегишли ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб олти ойдан сўнг тугатилади.
Мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши у амал қилган пайтда бажарилиши бошланган ва унинг амал қилиши тугатилгунга қадар бажарилмаган лойиҳалар бўйича Томонларнинг мажбуриятларига дахл қилмайди.
Минск шаҳрида 2019 йил 1 августда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)