LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 ноябрдаги 638-сонли «Ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ миллий қонунчилик базаси комплекс тизимлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Табиий муҳитни автотранспорт воситаларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш ишларини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қapop қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тузилмасида Ички ишлар вазирлиги Давлат автомобиль назорати бошқармаси экология бўлими негизида 12 нафардан иборат, шу жумладан мазкур бўлимнинг шартнома асосида маблағ билан таъминланадиган 8 нафар ходими ҳисобига Автотранспортдаги экология муаммолари маркази ташкил этилсин. Марказнинг барча ходимлари 1995 йилга Ички ишлар вазирлиги учун тасдиқланган умумий маблағлар доирасида бюджетдан маблағ билан таъминлашга ўтказилсин.
2. Ички ишлар вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат автомобиль назорати бошқармаси ҳузуридаги Автотранспортдаги экология муаммолари маркази тўғрисида низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Давлат Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Автотранспорт воситалари учун ягона заҳарлилик (тутунлилик) талонлари, экологик сертификатлар, шунингдек, транзит автотранспорти учун рухсатномалар жорий қилиш тўғрисида низом ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
4. «Ўзмевасабзавотузумсаноат» уюшмаси Марказга учта стационар диагностика постини текинга, шунингдек, атроф муҳитни муҳофаза қилиш кўчма лабораториясини қолдиқ қиймати бўйича берсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси Марказни берилган буюртманомалар бўйича зарур матбаа маҳсулотлари билан таъминласин.