[
ОКОЗ:
1.
19.00.00.00 Халқаро муносабатлар. Халқаро ҳуқуқ / 19.03.00.00 Ижтимоий-маданий масалалар бўйича ҳамкорлик / 19.03.07.00 Туризм ва спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорлик]
[
ТСЗ:
1.
Ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар / Умумий масалалар]
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан Миср Араб Республикаси Ёшлар ва спорт вазирлиги ўртасида
Спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Англашув меморандуми
Тошкент, 5 сентябрь 2018 йил
(Ўзбекистон Республикаси учун 2018 йил 5 сентябрдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миср Араб Республикаси Ёшлар ва спорт вазирлиги, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар давлатлари ўртасидаги мавжуд дўстона ва биродарлик муносабатларини эътироф этиб,
спорт соҳасидаги ҳамкорлик орқали халқлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳамжиҳатликни қўллаб-қувватлашни истаб,
ҳар икки давлатда спортни ривожлантиришга қаратилган дастурлар билан алмашиш орқали дўстона муносабатларни рағбатлантириш ва ривожлантириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида англашувга эришдилар:
1-модда
Томонлар спорт соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар ва ушбу мақсадга эришиш учун икки давлатнинг манфаатдор идораларига барча зарур бўлган ёрдамни берадилар.
2-модда
Томонлар қуйидагилар орқали спорт таълими соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар ва қўллаб-қувватлайдилар:
икки давлат ўртасида спорт турлари бўйича мураббий ва ҳакамлар билан алмашиш;
икки давлат ўртасида спорт турлари бўйича замонавий ўқитиш услублари соҳасида тажриба алмашиш;
ногиронлар учун спорт соҳасида тажриба алмашиш.
3-модда
Томонлар қуйидагилар орқали спорт тадбирларини ташкиллаштириш ва спорт фаолиятини амалга ошириш соҳасида ҳамкорликни рағбатлантирадилар ва қўллаб-қувватлайдилар:
тегишли федерациялар ва олимпия қўмиталари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш орқали икки давлатда ўқув- машғулотлар йиғинларини ўтказиш учун спорт жамоаларини қабул қилиш;
тегишли спорт федерациялари ўртасида бевосита мувофиқлаштириш орқали миллий терма жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашувларни ўтказиш;
спорт дастурларида иштирок этиш учун делегациялар билан алмашиш;
спорт тадбирлари хавфсизлигини таъминлаш, оммавий тартибсизликларни олдини олиш, спорт инқирозини бошқариш соҳаларида тажриба алмашиш.
4-модда
Томонлар қуйидагилар орқали спорт иншоотлари соҳасида ҳамкорликни рағбатлантирадилар ва қўллаб-қувватлайдилар:
икки давлатда спорт иншоотларини барпо этишда тажриба алмашиш;
техник хизмат кўрсатиш ва бошқаришнинг замонавий усуллари билан танишиш учун икки давлатдаги спорт иншоотларига ташрифларни ташкиллаштириш.
5-модда
Томонлар қуйидагилар орқали спорт тиббиёти соҳасида ҳамкорликни рағбатлантирадилар ва қўллаб-қувватлайдилар:
икки давлатда спорт тиббиёти ва антидопинг соҳаларида амалий тажриба алмашиш;
икки давлатдаги шифохона ва спорт тиббиёти марказларига ташрифларни ташкиллаштириш.
6-модда
Томонлар қуйидагилар орқали спорт инвестицияси соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар ва қўллаб-қувватлайдилар:
спорт анжомлари ва спорт машғулотлари билан боғлиқ маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилиш;
икки давлатда туризмни кўллаб-қувватлайдиган спорт тадбирларини ташкил этиш орқали спорт туризмини ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш.
7-модда
Томонлар тармоқларни бошқариш ва спорт ахборот технологиялари соҳасида тажриба алмашиш орқали спорт ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар ва қўллаб-қувватлайдилар.
8-модда
Томонлар қуйидагилар орқали спорт етакчиларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантирадилар ва қўллаб- қувватлайдилар:
спорт соҳасидаги замонавий илмий бошқарув методлари билан танишиш ва уларни спорт соҳасида қўллаш мақсадида спорт етакчилари учун ташрифларни ташкиллаштириш;
икки давлатдаги спортни ривожлантиришга қаратилган спорт дастурлари ва лойиҳалари билан танишиш учун спорт соҳасидаги мутахассислар билан алмашиш;
икки давлатда спортни ривожлантириш учун спорт соҳасидаги қўшма илмий тадқиқотлар, ахборот, нашрлар ва илмий адабиётлар билан алмашиш;
икки давлатда спортни ривожлантириш соҳасида тадқиқот танловлари ва қўшма илмий анжуманлар ташкил этиш.
9-модда
Мазкур Меморандумни талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай низолар Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали дўстона маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилади.
10-модда
Томонлар спорт делегациялари билан алмашишни қуйидаги молиявий шартларга мувофиқ рағбатлантирадилар:
ташриф буюрадиган Томон бориш ва қайтиш йўл харажатларини қоплайди;
қабул қилувчи Томон тураржой, ички транспорт ва фавқулодда вазиятларда тиббий ёрдам харажатларини қоплайди.
11-модда
Мазкур Меморандум имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва тўрт (4) йил давомида амал қилади. Башарти Томонлардан бири мазкур Меморандумнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида ёзма равишда бошқа Томонни хабардор қилмаса, унинг амал қилиш муддати ўз-ўзидан кейинги тегишли муддатларга узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 5 сентябрда ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин этишда тафовутлар юзага келганда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)