Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
Республикамизнинг барча ҳудудларида мобил алоқани ривожлантириш, замонавий сервис хизматларини жорий этиш орқали интерактив давлат хизматлари ва электрон тижоратдан фойдаланиш имкониятларини яратиш, шунингдек, мамлакатимизда халқаро стандартларга мос келадиган мобил телефонлар ва мобил алоқа модулига эга қурилмаларни (кейинги ўринларда мобил қурилмалар деб аталади) кенг ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Истеъмолчиларга сифатли мобил қурилмалардан фойдаланиш имкониятини яратиш, ички бозорни контрафакт маҳсулотларнинг олиб кирилиши ва сотилишидан ҳимоя қилиш ҳамда телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг республикада мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари асосида рўйхатга олиш бўйича қуйидагилар имконини берадиган тизимни (кейинги ўринларда Тизим деб аталади) жорий қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
мобил қурилмалардаги ўзига хос идентификация кодлари тўғрилигини текшириш орқали уларнинг мулкдорлари (эгалари) ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш;
мобил қурилмалардан уларнинг мулкдорларини (эгаларини) огоҳлантирмасдан ноқонуний ва рухсатсиз фойдаланишга йўл қўймаслик;
халқаро стандартларга мос келмайдиган сифатсиз мобил қурилмалар сотилишининг олдини олиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги — мобил қурилмаларнинг идентификация кодларини рўйхатга олиш ва қўллаш, ушбу йўналишда норматив-ҳуқуқий базани яратиш ва такомиллаштириш бўйича ваколатли орган;
«Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» давлат унитар корхонаси — Тизим оператори (кейинги ўринларда Тизим оператори деб аталади) этиб;
Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг маблағлари — Тизимни яратиш ва жорий этиш ишларини молиялаштириш манбаи этиб белгилансин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 августдаги 550-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.08.2025 й., 09/25/550/0790-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги:
а) 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, мобил телефонлар ва мобил алоқа модулига эга қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимини тўлиқ ишга тушириш имконини берадиган ҳамда келишилган ташкилий-техник ва иқтисодий механизмларни назарда тутувчи Тизимни ташкил этиш режа-жадвалини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама натижалари асосида қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукумат қарорининг тегишли лойиҳасини 2019 йил 1 августгача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
(3-банд «б» кичик бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 мартдаги 223-сонли қарори таҳририда)
Тизим операторининг асосий функция ва вазифаларини, вазирлик ва идоралар, телекоммуникация операторлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини белгилаш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб келинадиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби ҳамда шартлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;
в) 2019 йил 1 апрелгача бўлган муддатда:
мобил қурилманинг идентификация кодини Интернет тармоғи орқали онлайн режимида рўйхатга олиш ва унинг мақомини текшириш хизмати жорий этилишини;
мобил қурилмаларни рўйхатга олиш ҳамда маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича ҳудудий пунктларини ташкил этишни ва уларнинг фаолият юритишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Тизим операторига маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар ёки уларнинг расмий дилерлари (дистрибьюторлари) билан Тизимни жорий этиш учун зарур бўлган ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, дастурий таъминот маҳсулотлари, восита ва мосламалар, компьютер ҳамда сервер техникасини энг яхши таклифларни танлаш асосида етказиб бериш бўйича шартномалар тузишга ва кейинчалик шартномаларни «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда экспертизадан ўтказишга рухсат берилсин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 мартдаги 254-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.03.2019 й., 09/19/254/2839-сон)
5. Тизим операторига уни ташкил этиш ва жорий этиш доирасида олиб кириладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, дастурий таъминот маҳсулотлари, восита ва мосламалар, компьютер ҳамда сервер техникаси учун божхона тўловларини божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб 36 ойгача бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тизимни ишга туширгунча Тизим операторининг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг тегишли таркибий бўлинмалари ҳамда мобил алоқа тармоқларининг телекоммуникация операторлари билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича битимлар тузилишини таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Электрон ҳукумат, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 22 октябрь,
847-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.10.2018 й., 09/18/847/2091-сон; 27.03.2019 й., 09/19/254/2839-сон; 29.08.2025 й., 09/25/550/0790-сон)