Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2015 йил 3 июндаги ҳукмига кўра, Б. Жиноят кодексининг 267-моддаси 3-қисми «в» банди билан 10 йил, 137-моддаси 2-қисми «б, в» бандлари билан 5 йил, 138-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари билан 3 йил, 110-моддаси 2-қисми «в» банди билан 2 йил, 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан 10 йил, 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан 8 йил, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига;
Д. Жиноят кодексининг 267-моддаси 3 қисми «в» банди билан 10 йил, 137-моддаси 2-қисми «б, в» бандлари билан 5 йил, 138-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари билан 3 йил, 110-моддаси 2-қисми «в» банди билан 2 йил, 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан 10 йил, 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан 8 йил, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 10 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Суднинг ҳукмига кўра, Б. 2012 йил баҳор фаслида А. билан танишиб қолади. А.нинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши боис пул маблағи ва мол-мулкка эга эканлигини билгани ҳолда, Д., Р. ва терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган С. исмли шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, жиноий қилмишга қўл уришади. Яъни 2015 йил 24 февраль куни тахминан соат 16 ларда ресторан олдида С. А. билан учрашади ва унинг бошқарувидаги «Каптива» русумли автомашинада уни алдаб, чалғитиб турган пайтда Д. билан Ҳ. етиб келади. Шундан сўнг улар А.ни автомашинадан зўрлаб тушириб, уларнинг О. исмли танишидан 200.000 АҚШ доллари қарзи борлигини айтиб, уриб-дўппослаб, пичоқ тираб қўрқитишади, кўриш қобилиятини чеклаш мақсадида юзини бош кийим билан ёпиб қўйишади. Кейин эса, улар А.нинг оёқ-қўлини боғлаб, автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтқазишади-да, олиб қочиб кетишади.
Б. жиноий шериклари Д., Р. ва С. билан жиноий ҳаракатларини давом эттириб, А.ни ўзига тегишли хонадонга олиб боришади ва уни уриб-дўппослаб, жисмоний қийноққа солишади. Айни шу пайтда жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси Д. етиб келади. Шундан сўнг Б. билан Д. А.нинг оёқ-қўлларини арқон билан қайта боғлаб, жисмоний азоб беришади ва 200.000 АҚШ доллари бермаса, оила аъзоларини ўлдириб кетиш ва видеотасвирга тушириб, ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган тақдирда, интернет орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитишади. Кейин эса, улар А.нинг ўзларига нисбатан даъвоси йўқлиги, тан жароҳатини ўзи олганлиги ҳақида гапиртириб, видеотасвирга олишади. Бу ҳам етмаганидек, жиноий шериклар ожиз аҳволдаги А.дан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳақида тилхат ҳам ёздириб олишади. Қисқаси, жиноий гуруҳ аъзолари А.ни мулкини берадиган ожиз аҳволга солиб қўйиб, 2015 йил 25 февраль соат 23 ларга қадар тутқунликда сақлаб келишади. Кейин эса, жиноий гуруҳ А.ни ўз уйи олдига олиб келиб, талаб қилинган пул маблағининг 800.000 сўмини товламачилик билан қўлга киритади.
Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги қарори 4 бандида, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши, судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши, судланувчининг айбдорлиги (айбсизлиги) тўғрисидаги суднинг хулосаларига зид бўлган далиллар ҳукмда нафақат кўрсатилиши, балки суд томонидан нима учун улар ишончсиз деб топилганлиги ва рад этилганлиги сабаблари асослантирилган бўлиши, ҳукмда судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далилларга асосланганда, суд уларнинг мазмунини ёритиши ва тегишли баҳо бериши, агар иш бўйича жиноят содир қилганликда бир неча нафар судланувчи айбланаётган ёки судланувчи бир нечта жиноятларни содир қилганликда айбланаётган бўлса, суд ҳукмда ҳар бир судланувчига нисбатан ҳамда ҳар бир айблов бўйича далиллар келтириши ва таҳлил қилиб чиқиши ҳамда хулоса қилиши, 24-бандида эса, жиноятни жиноят қонунининг у ёки бу моддаси, унинг қисми ёки банди билан тавсифлаш бўйича суднинг асослантирилган хулосаси айблов ҳукмининг тавсиф қисмининг муҳим белгиси ҳисобланиши, бунда судланувчининг ҳаракатлари нима учун айнан шу модда, қисм, банд билан тавсифланаётганлиги аниқ кўрсатилиши кераклиги ҳақида тушунтириш берилган.
Бундан ташқари иш бўйича жабрланувчи А. суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари билан Жиноят кодексининг 60, 61-моддалари тартибида 3 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.