Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Мамлакат минтақаларига хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, ҳозирги босқичда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий стратегик вазифаси иқтисодиётнинг ўрта муддатли истиқболда ривожланган демократик давлатлар даражасига кўтарилишини таъминлашдан иборат. Бунда мамлакат иқтисодиётига, шу жумладан унинг минтақаларига хорижий инвестицияларни жалб этиш қўйилган вазифага эришишнинг ҳал қилувчи омилларидан бири қилиб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, мустақиллик йилларида кенг кўламли бозор ислоҳотлари изчил амалга оширилганлиги, қулай инвестиция муҳити яратилганлиги мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишнинг барқарор ўсишини таъминлаш имконини берди. Юқори технологик ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга тўғридан-тўғри инвестицияларни амалга ошираётган хорижий инвесторлар учун максимал даражада қулай инвестиция муҳитини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–4434-сонли Фармони билан энг аввало мамлакат минтақаларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Жаҳонда молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганлигига қарамай, 2011 йил якунлари бўйича Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 16 фоизга ўсди ва 3,3 млрд АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилди. Бунда инвестициялар умумий ҳажмининг 70 фоизга яқинини ёки 2,3 млрд АҚШ долларидан кўпроғини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил қилди. Хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кафолатлар ҳамда имтиёзлар тизимини мустаҳкамлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярмида ҳам хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштиришнинг барқарор ўсишини таъминлади, уларнинг ҳажми 1 млрд АҚШ долларидан ошиб кетди, шуларнинг 80 фоизидан кўпроғини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан мамлакат минтақаларига хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида муайян иш олиб борилмоқда. Чунончи, мамлакатда яратилган қулай инвестиция муҳити тўғрисидаги ахборотни кенг ёйиш мақсадида мунтазам равишда халқаро кўргазмалар, ярмаркалар, анжуманлар ва конференциялар ўтказилмоқда. 2011 йилда 50 дан ортиқ, 2012 йилнинг биринчи ярмида эса 32 та чет эл делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилиб, бизнес-анжуманлар ўтказилган. Иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида 2011 йилда Япония, Корея Республикаси, Хитой, Германия, Бельгия, АҚШ, Польшада, шунингдек Испанияда (Мадрид ва Барселона шаҳарларида) 8 та бизнес-анжуман ва давра суҳбати ўтказилган. Ўтказилган тадбирлар якунлари бўйича ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш тўғрисида 52 та ҳужжат имзоланган.
Мамлакат минтақаларининг истиқболли тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳажмини ошириш, шунингдек инвестиция лойиҳалари рўёбга чиқарилишининг тизимли мониторингини амалга ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда ҳар йили минтақавий инвестиция дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Умуман, мазкур дастурлар доирасида 2011 йилда 1226 та лойиҳа бўйича жами 841,2 млн АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб этилган бўлиб, бу ҳисобот даврининг прогнозига нисбатан 110,2 фоизни ва 2010 йил кўрсаткичига нисбатан 118,5 фоизни ташкил этган. Бунинг ҳисобига 22,1 мингта иш ўрни ташкил этилган. 2012 йилнинг биринчи ярмида умумий қиймати 321,1 млн АҚШ долларини ташкил этадиган қўшимча 576 та инвестиция лойиҳасини ўз ичига олувчи рўйхат ишлаб чиқилган бўлиб, шулардан 146 та лойиҳада умумий миқдори 153,7 млн АҚШ долларини ташкил этадиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва кредитлар қатнашади. Минтақавий инвестиция лойиҳалари ва кўрсатиб ўтилган қўшимча инвестиция лойиҳалари ҳисобига 2012 йилда 25,1 мингдан ортиқ иш ўрнини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярмида лойиҳаларнинг умумий миқдоридаги минтақавий инвестиция лойиҳалари ва қўшимча лойиҳалар доирасида 337 та лойиҳа (62 та лойиҳада хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва кредитлар қатнашди) рўёбга чиқарилган. Шулардан 73 та лойиҳа (жумладан, 38 та лойиҳада хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар қатнашди) экспортга мўлжалланган маҳсулот (йигирилган ип, трикотаж буюмлар, пластмасса буюмлар, пойабзал, қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, ламинатлар ва бошқалар) ишлаб чиқаришга ихтисослашади.
Шу билан бирга, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳажми, минтақавий ва тармоқ тузилмаси мамлакат минтақаларининг салоҳиятига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 апрелдаги «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–3594-сонли Фармони талабларига тўла мос келмайди. Чунончи, жалб этилган хорижий инвестицияларнинг асосий оқими – умумий ҳажмнинг 76,5 фоиздан ортиқроғи – Тошкент шаҳрига, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларига тўғри келмоқда. Айни вақтда 61 та туман ва шаҳар ҳокимлиги томонидан 2011 йилнинг минтақавий инвестиция дастурларига киритилиши учун инвестициявий таклифлар тақдим этилмаган.
Кичик ва ўрта бизнес субъектлари иштирокидаги лойиҳаларга хорижий инвестицияларни жалб этиш иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган бўлишига қарамай, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, банк муассасалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорларни кичик бизнес лойиҳаларини молиялаш бўйича мавжуд имтиёзли кредит линияларидан хабардор қилиш, шунингдек уларга кредит линияларини ўзлаштириш малакасини ўргатиш борасида етарли иш олиб борилмаётир. Натижада Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган ва Сирдарё вилоятларининг тадбиркорлари томонидан 2012 йилга мўлжалланган минтақавий инвестиция дастурларига киритиш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитларини жалб қилиш мўлжалланган биронта ҳам лойиҳа тақдим этилмаган. Шунингдек, айрим ҳолларда хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича инвестициявий таклифлар лойиҳани ишламасдан ёки техник-иқтисодий жиҳатдан сифатсиз асослаган ҳолда тақдим этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг жойларда инвестициявий инфратузилмани яратиш ва такомиллаштириш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар барқарор фаолият юритиши, шу жумладан уларни электр энергияси, сув, газ билан узлуксиз таъминлаш масалаларини ҳал қилиш борасидаги фаолиятини кучайтириш зарурлигини ҳам қайд этади. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва улар доимий комиссияларининг хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда минтақаларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш тўғрисидаги масалаларни мунтазам муҳокама қилиш борасидаги фаолиятини анча яхшилаш ҳам талаб қилинади.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э. Ғаниевнинг мамлакат минтақаларига хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 апрелдаги «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–3594-сонли, 2012 йил 10 апрелдаги «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–4434-сонли фармонларини, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун қулай шароитларни таъминлаш масалалари бўйича бошқа қонун ҳужжатлари сўзсиз ижро этилишига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириб, қуйидагилар зарурлигига алоҳида эътибор бериш тавсия этилсин:
хорижий инвестицияларни жалб этиш соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани ривожланган мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш;
мамлакатнинг бориш қийин бўлган ва чегарага яқин туманларини иқтисодий ривожлантиришга хорижий инвестицияларни ҳамда халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитларини жалб этиш;
бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш, улар базасида юқори қўшилган қийматли товарлар ишлаб чиқариш бўйича хорижий инвестициялар иштирокида замонавий корхоналар барпо этиш;
хорижий инвесторлар инвестициявий фаолиятини амалга оширишлари учун зарур бўлган иқтисодий ахборотдан белгиланган тартибда тизимли асосда кенг фойдаланишларини таъминлаш.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги:
ушбу парламент эшитувининг якунлари вазирлик ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида муҳокама қилиниб, кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилишини ташкил этиши;
минтақавий инвестиция дастурлари доирасида амалга ошириладиган инвестициявий таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда ўз вақтида киритиш масалаларида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликни кучайтириши;
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, банк муассасалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда кичик ва ўрта бизнес субъектлари иштирокидаги лойиҳаларга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорларни мавжуд имтиёзли кредит линияларидан хабардор қилиш, шунингдек уларга кредит линияларини ўзлаштириш малакасини ўргатиш бўйича қўшимча чоралар кўриши;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик бўйича қонун ҳужжатлари талаблари бажарилишининг тизимли мониторингини ва назоратини таъминлаш юзасидан зарур чораларни кўриши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар барқарор фаолият юритиши, шу жумладан уларни электр энергияси, сув, газ билан узлуксиз таъминлашга, жойларда инвестициявий инфратузилмани яратиш ва такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чораларни кўришга;
кичик ва ўрта бизнес вакиллари фаолиятининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда лойиҳаларни, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этишга оид лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан мунтазам учрашувларини ўтказишга;
минтақавий инвестиция дастурларини рўёбга чиқариш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг фаолият юритиши билан боғлиқ масалаларни мунтазам ўрганиш ва ҳал қилишга ёрдам беришга алоҳида эътиборни қаратсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари, Ташқи сиёсат масалалари қўмиталари:
инвестициявий фаолият соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талаблари ижро этилиши устидан ўтказилаётган парламент назоратининг таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминлаш, сенаторлар демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ҳамда иқтисодиётни либераллаштириш, шунингдек хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мазмун ва моҳиятини жойларда тушунтириш ишларида фаол иштирок этиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин;
назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш жараёнида мамлакат минтақаларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш соҳасида ҳуқуқни қўллаш ҳамда ишбилармонлик амалиёти чуқур ўрганилишини, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун ҳуқуқий кафолатлар ҳамда имтиёзлар тизимини янада мустаҳкамлашга қаратилган аниқ ва асосли таклифлар ишлаб чиқилишини таъминласин, бу ишда нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари кенг иштирок этишини таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига:
ушбу қарорни навбатдаги сессияларда муҳокама қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш соҳасидаги фаолиятни тубдан яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиш;
туманлар ва шаҳарлар томонидан минтақавий инвестиция дастурларига таклифлар ўз вақтида ҳамда сифатли тайёрланиши устидан, шунингдек тасдиқланган лойиҳалар рўёбга чиқарилишининг бориши устидан депутатлик назоратини кучайтириш юзасидан чоралар кўриш;
минтақавий инвестиция дастурларини рўёбга чиқариш масалаларини соҳа қўмиталари ва комиссиялари мажлисларида мунтазам кўриб бориш ҳамда зарур бўлса, уларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритиш тавсия этилсин.
7. Ушбу қарор ижро учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилсин.
8. Ушбу қарорнинг ижро этилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига 2013 йил 1 февралгача ахборот тақдим этилсин.
9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари М. Раджабова зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 31 август,
СҚ-326-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 8-сон, 212-модда)