LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги 17-сонли «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Суд амалиётини ўрганиб чиқиш гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳимоя ҳуқуқини таъминловчи конституциявий қоидаларга риоя қилинаётганлигини ва бу одил судловни амалга ошириш сифатига ижобий таъсир этаётганлигини кўрсатди.
Шу билан бирга айрим ишлар бўйича жиноят-процессуал қонунларнинг баъзи талаблари тўлиқ бажарилмаётир, бу эса айрим ҳолларда ҳимоя ҳуқуқининг бузилишига олиб келмоқда.
Мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида, шунингдек қонунларни амалиётда қўллаш жараёнида муаммолар юзага келаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилди:
1. Гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш конституциявий қоида ҳисобланади ва жиноят-судлов ишларини юргизишнинг барча босқичларида унга қатъий амал қилиниши керак. Шунинг учун уларнинг процессуал ҳуқуқларига оғишмай риоя этиш, иш ҳолатларини ҳар тарафлама, тўла ва холисона ўрганиш, гумонланувчи, айбланувчи ва. судланувчини қораловчи ва оқловчи, шунингдек уларнинг жавобгарликларини оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни аниқлаш, иш бўйича мавжуд бўлган тахминларни синчиклаб текшириш, далиллар тақдим этиш ва уларни текшириш, илтимослар келтиришда процесс иштирокчиларининг тенг ҳуқуқлиликларини таъминлаш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 24-моддасига мувофиқ суриштирув олиб борувчи, терговчи, прокурор, суд гумонланувчига, айбланувчига, судланувчига қонунда белгиланган восита ва усуллар билан ҳимояланишлари учун имконият яратиб беришга мажбурдирлар.
2. Гумонланувчини, айбланувчини ва судланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш учун гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчи айби қонунда белгиланган тартибда исботланмагунча ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз ҳисобланиши назарда тутилган конституциявий қоидага қатъий риоя этиш зарур.
Гумонланувчига, айбланувчига ва судланувчига ўзининг айбсизлигини исботлаш вазифасини юклашга йўл қўйиб бўлмайди. Айблов ҳукми тахминларга, шунингдек рухсат этилмаган усулларни қўллаш йўли билан йиғилган далилларга асосланган бўлиши мумкин эмас. Бартараф этишнинг имконияти бўлмаган барча шубҳалар гумонланувчининг, айбланувчининг ва судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Судлар Жиноят-процессуал кодексининг 25-моддаси талабларига биноан тарафларнинг ўзаро тортишуви тамойилига сўзсиз риоя қилинишини таъминлашга мажбурдирлар.
Бунда тарафлар суд мажлисида далиллар тақдим этиш, уларни текширишда қатнашиш, илтимос билан мурожаат қилиш, ишнинг тўғри ҳал этилиши учун аҳамиятга эга бўлган ҳар қандай масала бўйича ўз фикрларини билдиришда тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.
3. Жиноят-процессуал кодексининг 487-моддасининг мазмунига кўра суднинг ишни ҳар тарафлама текшириб кўришига халақит берган, ҳамда қонуний ва асослантирилган ҳукм чиқаришига таъсир этган ва таъсир этиши мумкин бўлган ҳимоя ҳуқуқининг бузилишини суд қарорининг бекор бўлишига асос бўладиган ҳимоя ҳуқуқини жиддий бузиш деб тушунмоқ лозим.
Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддасига мувофиқ ҳимоячининг иштирок этиши мажбурий ҳисобланган ҳолларда ҳимоячининг суд мажлисида, суриштирув ва дастлабки тергов вақтида иштирок этмаслиги ҳам жиноят-процессуал қонунни жиддий бузиш ҳисобланади.
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
4. Гумонланувчининг, айбланувчининг ҳимоячи олиш ҳуқуқини, аниқ нимада гумонланаётганлигини ёки айбланаётганлигини, судланганнинг эса — у қандай жиноий ҳаракатни содир этганликда айбли деб топилганлигини билиши лозимлигини кафолатловчи ЖПК нинг 46, 48-моддалари талабларига риоя этиш зарурлигига эътибор қаратилсин. Шунинг учун жиноят ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда, айблаш фикрида ва ҳукмда ЖПКнинг 361, 379, 467-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар аниқ баён этилган бўлиши лозим.
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
Мабодо шахс бир неча жиноятларни содир этганликда айбланаётган бўлса, бу ҳолатлар ҳар бир айбга нисбатан баён этилиши зарур.
5. Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддасига мувофиқ ҳимоячининг ишда иштирок этишига йўл қўйилган вақтдан бошлаб, у гумонланувчини ёки айбланувчини сўроқ қилишда, шунингдек улар иштирокида амалга ошириладиган бошқа тергов ҳаракатларида иштирок этишга ҳақли.
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
Суриштирув органлари ёки терговчи бундай ҳаракатларни ўтказиш куни тўғрисида ҳимоячини олдиндан хабардор қилиши керак.
6. Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддасига мувофиқ «ўзининг жисмоний камчиликлари ёки руҳий касалликлари сабабли ҳимоя ҳуқуқини амалга оширишда қийналадиган шахслар» деганда, хусусан, ақли расо деб топилган бўлсаларда, аммо руҳий фаолиятлари доимий ёки вақтинча бузилган, нутқида, кўришида, эшитишида жиддий камчиликлари бўлган ёки бошқа оғир хасталик билан касалланган шахсларни тушуниш лозимлиги уқдирилсин.
7. Айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқини жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш босқичида таъминлаш мақсадида, зарур ҳолларда, айбланувчиларни ва уларнинг ҳимоячиларини судга билдирилган, шунингдек тергов даврида қаноатлантирилмасдан қолдирилган илтимослари бўйича ҳам тушунтириш бериш учун чақириш керак.
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
Суриштирув ва дастлабки тергов даврида гумонланувчининг, айбланувчининг ҳимоясига оид процессуал ҳуқуқларига риоя қилинмаган, гумонланувчи, айбланувчи ва унинг ҳимоячисининг иш учун муҳим аҳамиятли бўлган ҳолатларни аниқлаш юзасидан билдирилган илтимослари асоссиз равишда қаноатлантирилмай қолдирилган ҳолларда, шунингдек қонунда назарда тутилган бошқа талаблар жиддий равишда бузилган бўлса ва тергов камчиликларини суд мажлисида тўлдириш мумкин бўлмаса қонунда кўрсатилган тартибда суд ишни қўшимча терговга юбориш тўғрисидаги масалани муҳокама қилиши лозим.
8. Суд (судья) жиноят ишини, унинг ҳажмини, мураккаблигини ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, судланувчини ва унинг ҳимоячини, шунингдек бошқа процесс иштирокчиларини иш ҳужжатлари билан танишиш ва ҳимояга тайёрланиш имкониятига эга бўлишликларини назарда тутган ҳолда, қонунда белгиланган муддат ичида, кўриш учун тайинлаш керак.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
9. Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатлар тўғрисида»ги Қонунига биноан олий юридик маълумотга эга бўлган ва белгиланган тартибда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин.
10. Жиноят-процессуал кодексининг 52-моддасига мувофиқ гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи иш юритилаётган исталган вақтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва фақат ҳимоячининг ишда қатнашишига уни таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имкониятлар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
(10-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
Бунда ҳимоячи ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлайди ва бу ҳақда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, суриштирувчи ёки терговчи имзолайдиган баённома тузилади ёки суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.
(10-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
Қуйидаги ишлар бўйича ҳимоячидан воз кечиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд учун мажбурий эмас:
(10-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
соқовлар, карлар, кўрлар, жисмоний нуқсони ёки руҳий касаллиги сабабли ҳимоя ҳуқуқини амалга оширишга қийналадиган бошқа шахсларнинг иши бўйича;
жазо чораси сифатида ўлим жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган, айбланаётган ёки судланаётган шахсларнинг иши бўйича;
11. Ҳимоячидан воз кечиш гумон қилинувчини, айбланувчини ёки судланувчини кейинчалик ишда ҳимоячи иштирок этишига рухсат бериш ҳақида илтимос қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Бундай илтимос барча ҳолларда қаноатлантирилиши керак. Ҳимоячининг суд мажлиси давомида ишга киритилиши суд терговини қайта бошлаш учун асос бўлмайди. Лекин унга иш ҳужжатлари билан танишиш ва ҳимояга тайёрланиш имкони берилади.
Ҳимоячи ишда иштирок этиш ҳақида битим тузгандан ёки тайинлангандан бошлаб ўз вазифаларини бажаришни рад этишга ҳақли эмас.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
(12-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
илгари шу иш бўйича судья, прокурор, терговчи, суриштирувчи, суд мажлисининг котиби, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ёки холис сифатида иштирок этган бўлса;
ўз ҳимоясидаги гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки ўзи вакиллик қилаётган жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг манфаатларига манфаати қарама-қарши бўлган шахсга юридик ёрдам кўрсатаётган ёки илгари шундай ёрдам кўрсатган бўлса.
Жиноят-процессуал кодексининг 79-моддасида ҳимоячининг ишда иштирок этишини истисно этувчи бошқа ҳолатлар ҳам назарда тутилган.
(12-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
Ишда иштирок этишига йўл қўйилган ҳимоячи иш билан танишиш вақтида ҳимоячи бўлганлардан бирининг манфаатлари иккинчисининг манфаатларига қарама-қарши эканлигини аниқласа улардан бирини ҳимоя қилишдан озод этиш тўғрисида илтимос қилишга мажбур.
(12-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
13. Қонунга мувофиқ гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ўзи танлаган ҳимоячини таклиф этишга ҳақли.
Танланган ҳимоячининг йигирма тўрт соат давомида ишда иштирок этишга киришишига имконияти бўлмаган ҳолда, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига ёки уларнинг қариндошларига бошқа ҳимоячи танлашни таклиф этишга ёки юридик маслаҳатхона орқали ҳимоячи тайинлашга мажбур.
Жиноий ишни кўриб чиқишда қатнашишга тайинланган ҳимоячи фуқаронинг тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб, унга юридик ёрдам кўрсатишдан бош тортишга ҳақли эмас.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
14. Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддасига мувофиқ, қамоқда сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи жиноят судлов ишларини юргизишнинг барча босқичларида сони ва муддати чекланмаган ҳолда ҳимоячи билан ҳоли учрашиш ҳуқуқига эга.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
15. Гумонланувчини, айбланувчини, судланувчини, ҳимоячини судлов иши олиб борилаётган тилни билмасликлари билан боғлиқ бўлган ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва бу шахсларни процесснинг барча босқичида ўзининг она тилидан фойдаланиш имконияти билан таъминламаслик жиноят-процессуал қонун талабларини жиддий бузиш деб ҳисобланади.
Ҳимоячининг судлов иши олиб борилаётган тилни билмаслиги уни ишда иштирок этишдан четлатиш учун асос бўла олмайди. Бундай ҳолларда суриштирувчи, терговчи ва суд ЖПК нинг 20-моддасига мувофиқ, процессда таржимоннинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўради.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
16. Жиноят-процессуал кодексининг 449-моддасига кўра ҳимоячи билан таъминланган ёки таъминланмаганидан қатъи назар, судланувчи ҳам тарафлар музокарасида иштирок этади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
17. Суд музокарасининг иштирокчилари айблов моҳияти бўйича ўзларининг важларини баён этаётганларида суд уларни чеклаб қўйиши мумкин эмас.
Судланувчининг ҳимоячи бўлмаган ҳолда уни суд музокарасида иштирок этишига имконият яратмаслик, шунингдек охирги сўздан маҳрум этиш, жиноят-процессуал қонунни жиддий бузиш ҳисобланади.
(17-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
18. Ҳукм эълон қилингандан кейин раислик қилувчи судланувчига ва бошқа тарафларга ҳукмнинг мазмунини, унинг устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатларини, шунингдек суд мажлиси баённомаси билан танишиш ҳуқуқини тушунтиради. Агар судланувчи фавқулодда жазо чораси — ўлим жазосига ҳукм қилинган бўлса, унга афв этишни сўраб илтимос қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилади.
19. Суд судланганга, оқланганга, уларнинг ҳимоячиларига суд мажлисининг баённомаси билан танишиб чиқиш учун имконият яратиши шарт. Процесснинг манфаатдор иштирокчилари қонунда белгиланган муддатдан сўнг тайёрланган баённомани имзоланган санаси тўғрисида ўз вақтида хабардор этилишлари лозим.
(19-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
Мабодо судланган, оқланган белгиланган муддатда суд мажлисининг баённомаси билан ҳимоячи иштирокида танишиш истаги борлиги тўғрисида ариза тақдим этса, суд бу ҳақда ҳимоячини хабардор қилиши, у эса ўзининг ҳимоясида бўлган шахс иштирокида суд мажлисининг баённомаси билан танишиб чиқиши шарт, чунки бу ҳимоячининг ўз зиммасига олган ҳимоя қилиш мажбуриятларидан келиб чиқади.
(19-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
Агарда баённомани катта ҳажмдалиги ва бошқа узрли сабаблар туфайли процесс иштирокчиларининг баённома билан танишишлари ва мулоҳазаларини тақдим этишлари учун 5 суткадан ортиқ вақт талаб этилса, бу муддат суд ёки судья томонидан узайтирилиши мумкин.
Суд мажлисининг баённомаси юзасидан тақдим этилган мулоҳазалар муҳим процессуал аҳамиятга эга ва шу сабабли суд томонидан синчиклаб ва холисона кўриб чиқилиши лозим.
20. Жиноят-процессуал кодексининг 20, 473-моддаларига мувофиқ ҳукмни эълон қилиш ва уни судланганга, оқланганга топшириш уларни она тилида ёки улар тушунадиган бошқа тилда амалга оширилади.
Агар санаб ўтилган шахслар қайд этилган талабларга риоя этилмаганлиги оқибатида ҳукм устидан шикоят қилиш имкониятидан маҳрум этилган бўлсалар, бу ўтказиб юборилган апелляция шикояти бериш муддатларини тиклаш ёки апелляция босқичи судининг ажримини бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланиши лозим.
(20-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
21. Биринчи босқич суди берилган шикоятлар ва протестлар тўғрисида судланганларни, оқланганларни, ҳимоячиларни ва ЖПК нинг 4972-моддасига кўрсатилган бошқа шахсларни хабардор қилиши ва уларнинг протест ёки шикоят устидан эътироз бериш ҳуқуқини тушунтириши шарт.
Юқорида қайд этилган қонуннинг қоидалари бузилган ҳолда апелляция босқичи суди уларни бартараф этиш чораларини кўришга мажбур.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
22. Жиноят-процессуал кодексининг 4972-моддасига кўра ҳукм чиқарган суд ишни апелляция босқичи судида кўриш куни тўғрисида шу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларни хабардор қилиши шарт. Ушбу талабга риоя этмаслик ишни кўришни бошқа кунга қолдиришга олиб келади.
Апелляция босқичи суди томонидан ишни ҳимоячи иштирокисиз кўриш, агарда у суд мажлиси бўладиган вақт тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган ва бу унинг суд мажлисида иштирок этиш имкониятидан маҳрум этган бўлса, жиноят-процессуал қонун талабларини жиддий бузиш ҳисобланади.
Агарда жиноят ишида ҳимоячини суд муҳокамаси бўладиган вақт ҳақида тегишли равишда хабардор этилганлиги тўғрисида аниқ маълумотлар бўлса ва ишни кўришни кейинга қолдириш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлмаса, унинг келмаслиги ишни апелляция тартибида кўришга тўсқинлик қилмайди.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
23. Жиноят-процессуал кодекси 479-моддасининг 4-қисмига асосан процесс иштирокчилари ишни апелляция тартибида кўришда иштирок этишга ҳақлидирлар. Бу масала суд томонидан ишни апелляция тартибида кўришга тайёрлаш босқичида ҳал этилади.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
24. Суд ҳукмни ижро қилиш билан боғлиқ масалаларни ЖПК нинг 532, 542-моддалари тартибига кўра ҳал қилишда ҳимоячининг ишда иштирок этишига, агар судланган, унинг қариндошлари ёки бошқа манфаатдор шахслар бу ҳақда илтимос қилаётган бўлсалар, йўл қўйиши мумкин.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли қарори таҳририда)
25. Жиноят-процессуал кодексининг 50-моддасига мувофиқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатилганлик учун ҳақ тўлашдан фақат ҳақ тўлаш имкониятига эга бўлмаган меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар озод қилинишлари мумкин.
26. Жиноят-процессуал кодексининг 476 ва 496-моддаларига мувофиқ судлар жиноят процессининг барча босқичларида йўл қўйилган ҳимоя ҳуқуқини бузиш ҳолларига муносабатларини билдиришлари лозим.