Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши РАЁСАТИнинг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИ 1992 ЙИЛ 14 ЯНВАРДАГИ ҚАБУЛ ҚИЛГАН «КОРХОНАЛАР (ТАШКИЛОТЛАР) ФАҚАТ МАХСУС РУХСАТНОМАЛАР (ЛИЦЕНЗИЯЛАР) АСОСИДАГИНА ШУҒУЛЛАНИШГА ҲАҚЛИ БЎЛГАН ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИНИНГ РЎЙХАТИ ҲАҚИДА»ГИ 516-XII-СОН ҚАРОРГА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги 222-II-сон «Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати қарор қилади:
1. «Корхоналар (ташкилотлар) фақат махсус рухсатномалар (лицензиялар) асосидагина шуғулланишга ҳақли бўлган фаолият турларининг рўйхати ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Қарорига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар (ташкилотлар), шу жумладан чет эл корхоналари ва қўшимча корхоналар фақат махсус рухсатнома (лицензия) асосидагина шуғулланишга ҳақли бўлган фаолият турларининг рўйхатида:
фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш;
бадиий ва хроникал-ҳужжатли, илмий-оммабоп, тасвирий, мультипликацион кино ва видео фильмлар ҳамда дастурлар яратиш;
кино ва видео дастурларни кўпайтириш, таржима қилиш, сотиш;
кино ва видео маҳсулотларни ижарага бериш, намойиш этиш ва кўрсатиш;
кино ва видеога олиш ҳамда шу фаолиятнинг бошқа турларини ташкил этиш юзасидан хизматлар кўрсатиш, шу жумладан воситачилик хизматлари кўрсатиш ҳам назарда тутилсин.
3. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдаги сессияси тасдиғига киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1993 йил 11 январь,
777-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 2-сон, 124-модда)