Кейинги таҳрирга қаранг.
Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасини қўллаб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Хўжалик судларининг эътибори суд буйруғини бериш тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади)да белгиланган қоидаларга қатъий риоя этилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси (бундан буён матнда Солиқ кодекси деб юритилади), «Лизинг тўғрисида»ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида кўрилишига қаратилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Судлар назарда тутишлари лозимки, ХПКнинг 103-моддасида назарда тутилган суд буйруғи бериш бўйича талабларнинг рўйхати тугал ҳисобланади ва у кенгайтирилган тарзда талқин қилинмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2.1. Агар суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада талаб ХПК 103-моддасининг 1-бандига асосан қўйилган бўлса, солиқ қарзининг миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлмаслиги, шунингдек талабда қарзни ундиришни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш сўралган бўлиши лозим.
Агар қарздорлик миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан кам бўлса, шунингдек аризада қарзни ундиришни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб қўйилмаган бўлса, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ХПК 107-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилади.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги талаб ХПК 103-моддасининг 1-бандига асосан қўйилган ҳолда, қарздор томонидан қарздорликнинг тан олиниши талаб этилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2.2. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси 133-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар совуқ ва иссиқ сув таъминоти, сувни чиқариб юбориш (канализация), электр таъминоти, газ таъминоти, иситиш (иссиқлик таъминоти), қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўланадиган тўловлардан иборатдир.
Ўзбекистон Республикасининг «Алоқа тўғрисида»ги Қонуни 2-моддасининг биринчи қисмига кўра алоқа соҳасидаги муносабатларнинг объектлари почта жўнатмаларини қабул қилиб олиш, ташиш ва кўрсатилган жойга етказиб бериш воситаларининг йиғиндиси бўлган почта алоқаси тармоқларидан ҳамда бир ёки бир нечта узатиш турларини: телефон, телеграф, факсимил узатишларни, ҳужжатли хабарларнинг бошқа турлари маълумотларини узатишни, телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини трансляция қилишни таъминловчи телекоммуникациялар воситалари йиғиндиси бўлган телекоммуникациялар тармоқларидан иборат.
Алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ундириш ҳақидаги ариза қарздорлик суммаси ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари билан аниқланган ҳолдагина суд буйруғи тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги талаб ХПК 103-моддасининг 11-бандига асосан билдирилганда, қарздор томонидан қарздорликнинг тан олиниши талаб этилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2.3. Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, ХПК 103-моддасининг 2-бандига асосан берилган суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада дебиторлик қарзни қарздорнинг мол-мулкидан ундириш тўғрисида талаб қўйилиши мумкин эмас. Бундай талаб билдирилганда, аризани қабул қилиш ХПК 107-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилади.
ХПК 103-моддасининг 2-бандига асосан қарздорликни ундириш тўғрисида талаб қўйилганда қарздорлик қарздор томонидан ҳужжатлар асосида тан олинган бўлиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2.4. ХПК 103-моддасининг 4-бандига асосан берилган аризада фақат лизингга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисида талаб қўйилиши мумкин. Агар аризада лизингга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги талабдан ташқари лизинг тўловларини ундириш тўғрисидаги талаб ҳам билдирилган бўлса, аризани қабул қилиш ХПК 107-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Лизинг берувчи томонидан ўз мол-мулкини талаб қилиб олиш ҳақида талаб қўйилганда лизинг олувчи томонидан лизинг шартномаси бўйича қарздорликни тан олиниши талаб этилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ХПКнинг 23, 26—28, 32-моддаларида назарда тутилган судловга тааллуқлилик ва тегишлиликнинг умумий қоидаларига амал қилган ҳолда берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3.1. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза юридик шахс мақомига эга бўлмаган кредитор томонидан ёки юридик шахс мақомига эга бўлмаган қарздорга нисбатан берилганда, аризани қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3.2. Ариза билан юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) юридик шахс номидан ишончнома асосида мурожаат этса, суд аризани қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.
Бунда талаб қилинаётган сумма (талаб қилиб олинаётган мол-мулк) алоҳида бўлинма (филиал, ваколатхона) фойдасига эмас, балки манфаатлари кўзланиб ҳаракат қилинаётган юридик шахс фойдасига ундирилади.
4. ХПК 104-моддасининг биринчи қисми талабларига кўра суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза хўжалик судига ёзма шаклда берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ариза ахборот тизими орқали электрон шаклда берилганда аризани ёзма шаклда бериш ҳақидаги талабга риоя этилган ҳисобланади.
5. Судларга тушунтирилсинки, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза билан кредитор ёки унинг вакили мурожаат қилиши мумкин. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергиясидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2004 йил 1 ноябрдаги 511-сонли қарорига асосан юридик шахслар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси учун муддати ўтказиб юборилган қарздорликни ундиришни мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги аризалар билан судга мурожаат қилиш ваколати давлат солиқ хизмати органларига юклатилган. Бундай ҳолларда давлат солиқ хизмати органлари кредитор ҳисобланмаслигини инобатга олиб, суд буйруғида кредитор сифатида тегишли энергия таъминоти корхонаси кўрсатилади ҳамда қарздорлик энергия таъминоти корхонаси фойдасига ундирилади.
6. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг мазмуни ХПК 104-моддасининг иккинчи қисми талабларига мос келиши лозим, акс ҳолда аризани қабул қилиш ХПК 107-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Судлар эътиборга олишлари керакки, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага кредиторнинг талабини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши лозим.
7.1. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундиришни ташкилотлар ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:
солиқ текшируви натижалари бўйича (бундай текширув ўтказилган тақдирда) солиқ қарзи тўғрисидаги маълумотнома;
солиқ тўловчининг охирги ҳисобот даврига доир бухгалтерия балансининг нусхаси, бундан молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддати келмаган, янги ташкил этилган юридик шахслар мустасно. Бундай ҳолатда давлат солиқ хизмати органи суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада юридик шахс янги ташкил этилганлиги сабабли молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддати келмаганлиги ҳақидаги маълумотни акс эттириши ёки ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатни унга илова қилиши керак.
Истеъмол қилинган электр энергияси учун муддати ўтказиб юборилган тўловларни ундиришни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги давлат солиқ хизмати органининг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:
истеъмол қилинган электр энергияси учун муддати ўтказиб юборилган тўловлар бўйича қарзни қоплаш тўғрисидаги талабнома;
электр тармоқлари корхонаси билан истеъмолчи (қарздор) ўртасида тузилган электр таъминоти шартномасининг асли ёки нусхаси;
электр тармоқлари корхонаси томонидан истеъмолчининг банкдаги ҳисоб рақамига тўлов талабномаси қўйилганлигини тасдиқловчи далил.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7.2. Коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ундириш учун суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:
хизмат кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳисоб-фактура, ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари акс эттирилган маълумот, қабул қилиш-топшириш далолатномаси, тўлов талабномаси ва бошқалар).
Кейинги таҳрирга қаранг.
7.3. Ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзни ундириш учун суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:
қарздорлик тан олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (солиштириш далолатномаси, ёзишмалар ва ҳ. к.)нинг асли.
7.4. Лизинг берувчи томонидан лизинг олувчидан ўз мол-мулкини талаб қилиб олиш учун суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:
Кейинги таҳрирга қаранг.
7.5. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага кредиторнинг талабини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган тақдирда, уни қабул қилиш ХПК 107-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан рад этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7.6. Агар қонунда ёхуд шартномада низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя қилиниши белгиланган бўлса, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага ушбу тартибга риоя қилинганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилиниши керак. Бундай далиллар илова қилинмаган тақдирда, ариза ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига мос ҳолда қайтарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Судлар шуни инобатга олишлари керакки, қонун ҳужжатлари талабига кўра нотариал тасдиқланиши ва (ёки) давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган битимлар асосида вужудга келган қарздорликни ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш бўйича суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага ушбу талабларга риоя этилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилиниши лозим, акс ҳолда суд буйруғини бериш ХПК 109-моддаси иккинчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади. Ушбу тартиб ғазначиликдан рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўлган шартномаларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. ХПКнинг 105-моддасига мувофиқ аризачи (кредитор) суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга аризанинг нусхасини топшириши шарт. Қарздор — юридик шахсга суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг нусхаси топширилганлигининг далили бўлиб, унинг раҳбари ёки ходимининг муҳр (штамп) билан тасдиқланган имзоси, қарздор — фуқарога эса унинг шахсий имзоси ҳисобланади. Ушбу тартибга риоя қилинмаган тақдирда, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ХПК 107-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига асосан рад этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. ХПК 106-моддасининг биринчи қисмига кўра суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво аризаси билан умумий тартибда мурожаат қилинганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.
Солиқ кодексининг 330-моддасига асосан хўжалик судларида давлат божини тўлашдан озод қилинган шахслар суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалар бўйича ҳам давлат божини тўлашдан озод этиладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10.1. ХПК 106-моддасининг иккинчи қисмига кўра суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда, ундирувчи тўлаган давлат божи ундирувчи томонидан қарздорга умумий тартибда даъво аризаси берилганда тўланиши лозим бўлган давлат божи ҳисобига ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда, давлат божини қайтариш масаласи кредиторнинг аризасига асосан ҳал этилади. Бундай ҳолда суд кредиторнинг даъво билан умумий тартибда мурожаат қилган ёки қилмаганлигини аниқлаши лозим.
Агар кредитор томонидан умумий тартибда даъво аризаси тақдим этилган бўлса, давлат божи тўланиши лозим бўлган бож ҳисобига ўтказилади, акс ҳолда тўланган давлат божи қайтарилади.
10.2. Солиқ кодекси 337-моддаси йигирма бешинчи қисмининг мазмунига кўра суд буйруғи бекор қилинган тақдирда, кредитор томонидан тўланган давлат божи қайтарилмайди. Кредитор томонидан судга умумий тартибда даъво аризаси берилган тақдирда, у тўланиши лозим бўлган давлат божи ҳисобига олинади, мурожаат қилинмаган тақдирда эса, тўланган давлат божи бўйича харажат унинг зиммасида қолдирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10.3. Судлар инобатга олишлари лозимки, кредитор томонидан олдиндан давлат божи тўланмасдан тақдим этилган ариза бўйича берилган суд буйруғи бекор қилинганда, қарздордан ундирилган давлат божи унинг аризасига асосан қайтарилади.
10.4. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос равишда рад этилганда, ариза ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 5, 6, 9-бандларига мос ҳолда қайтарилганда, шунингдек, суд буйруғини бериш ХПК 109-моддасининг иккинчи қисмига асосан рад этилганда кредитор томонидан тўланган давлат божи қарздорга нисбатан умумий тартибда кредитор томонидан даъво тақдим этилганда тўланиши лозим бўлган бож ҳисобига ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Агар кредитор судга даъво аризаси билан мурожаат қилмаган бўлса, давлат божи фақат Солиқ кодексининг 342-моддасида назарда тутилган ҳолларда қайтарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Агар суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинмаган бўлса, ариза ХПК 118-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мос ҳолда қайтарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Судлар инобатга олишлари керакки, агар суд буйруғи берилгунга қадар кредитордан суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш ёки талабдан воз кечиш ҳақида ариза берилган бўлса, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ХПК 118-моддасининг 9-бандига мос ҳолда қайтарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг қайтарилганлиги кредиторнинг судга бундай ариза билан қайта мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.
13. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади. Мазкур ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.
14. ХПК 108-моддасининг биринчи қисмига кўра қарздор унга суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг нусхаси топширилган пайтдан бошлаб ўн кунлик муддатда хўжалик судига кредитор талабларига қарши эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ёзма фикрини тақдим этишга ҳақли.
ХПКнинг 108-моддасида қарздор ёзма фикрининг шакли ва мазмунига нисбатан муайян талаблар белгиланмаганлиги сабабли у эркин шаклда баён этилиши мумкин. Бироқ ёзма фикрда аризадаги талабга муносабат билдирилган бўлиши керак. Ёзма фикр ахборот тизими орқали электрон шаклда ҳам юборилиши мумкин.
Судлар инобатга олишлари лозимки, ХПК 108-моддасининг биринчи қисмида белгиланган ўн кунлик муддат суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг нусхаси қарздорга топширилган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар аризанинг нусхаси топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатда бундай сана кўрсатилмаган бўлса, ўн кунлик муддат ушбу ариза судга келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади.
ХПКда суд буйруғини бериш муддати кўрсатилмаганлиги боис у ёзма фикрни тақдим этиш учун қарздорга берилган ўн кунлик муддат тугаганидан кейинги кундан ёки билдирилган талабга қарздорнинг розилиги ҳақидаги ёзма фикри келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмасдан берилади.
Судларга тушунтирилсинки, агар суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ёзма фикрни тақдим этиш учун берилган ўн кунлик муддат ўтганидан кейин судга келиб тушган бўлса, суд буйруғи ариза судга келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмасдан берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. ХПК 109-моддасининг биринчи қисмига кўра судья суд буйруғини ишни судда муҳокама қилмасдан, қарздор ва ундирувчини чақирмасдан ҳамда уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шу муносабат билан судлар суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалар ва уларга илова қилинган ҳужжатларни пухта ўрганишлари, уларнинг қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ жавоб беришини аниқлашлари лозим.
15.1. ХПК 109-моддасининг иккинчи қисмига кўра, агар қарздор билдирилган талабга рози бўлмаса, ҳуқуқ тўғрисидаги мавжуд низо тақдим этилган ҳужжатлар асосида ҳал этиб бўлмайди деб ҳисобланса, судья суд буйруғини беришни рад этади.
Суд буйруғини беришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Мазкур ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.
Судлар суд буйруғини беришни рад этиш тўғрисидаги ажримда кредиторнинг ўша талаб бўйича умумий тартибда даъво тақдим этиш ҳуқуқи мавжудлигини тушунтиришлари лозим. Суд буйруғини беришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан берилган апелляция ёки кассация шикоятлари ХПКнинг 172, 191-моддалари тартибида ҳал этилади. Ажрим апелляция ёки кассация инстанцияси судлари томонидан бекор қилинган тақдирда, иш ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига юборилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, суд буйруғининг мазмуни ХПК 110-моддасининг биринчи қисми талабларига мос келиши, шунингдек унда қарздордан ундирувчи фойдасига ундирилиши лозим бўлган суд харажатларининг суммаси ҳам кўрсатилиши керак.
Суд буйруғи иккита асл нусхада имзоланади, улардан бири ишда қолади, бошқаси суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади ва ундирувчига берилади (юборилади). Қарздорга суд буйруғининг нусхаси юборилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Суд буйруғи апелляция, кассация инстанцияларида, назорат тартибида ва янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилмайди. Шу боис суд буйруғи устидан берилган апелляция ёки кассация шикояти, янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар шикоят ёки ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга бўлганлиги сабабли уни ижрога тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ва дубликатини бериш, унинг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш, шунингдек қайтарма ижроси тўғрисидаги масалаларни ҳал этишда судлар ХПКнинг 215 — 220-моддаларига амал қилишлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Судлар ХПК 103-моддасининг 1-бандига асосан берилган суд буйруғи ижросини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш ҳақидаги масалани ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг қайси турлари, суммалари ҳамда уларнинг тўлови қандай муддатга кечиктирилганлиги ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилганлигини аниқлашлари керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. ХПК 111-моддасининг биринчи қисмига кўра, агар қарздор суд буйруғи берилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ариза берса, судья буйруқни бекор қилади.
Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмунига нисбатан ХПКда муайян талаблар белгиланмаган. Шундан келиб чиқиб, ариза эркин шаклда баён этилиши мумкин, аммо унда суд буйруғини бекор қилиш сабаблари кўрсатилган, шунингдек унга ушбу сабабларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган бўлиши керак. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ахборот тизими орқали электрон шаклда ҳам берилиши мумкин.
ХПКда суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати назарда тутилмаганлиги сабабли, у судга келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирилмасдан, судда муҳокама қилинмасдан, қарздор ва ундирувчи чақиртирилмасдан ҳамда уларнинг тушунтиришлари эшитилмасдан кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича ажрим чиқарилади. Ажримда кредиторнинг судга умумий тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.
Агар ариза белгиланган муддат ўтганидан кейин тақдим этилган бўлиб, муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома берилмаган бўлса, бу ҳолат уни рад этиш учун асос бўлади.
Агар ариза ХПКнинг 111-моддасида назарда тутилган муддат ўтказиб юборилган ҳолда берилган бўлса ва муддатнинг ўтказилиши сабаблари илтимоснома асосида узрли деб топилса, судья муддатни тиклаб, суд буйруғини бекор қилишга ҳақли.
ХПКда ўтказилган муддатни тиклашнинг узрли сабаблари рўйхати назарда тутилмаганлиги боис, судлар муддатни тиклаш масаласини ҳал этишда илтимосномада келтирилган сабабларни ўрганиб, уларга ўз ички ишончлари асосида баҳо беришлари лозим.
Агар ўн кунлик муддатнинг ўтказиб юборилганлиги узрсиз деб топилса, буйруқни бекор қилишни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади. Мазкур ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
21. Судлар эътиборга олишлари керакки, ХПКнинг 107-моддасида назарда тутилган асослар бўйича суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш, шунингдек 109-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди бўйича суд буйруғини беришни рад этиш масалалари суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза келиб тушган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай кўрилади, натижаси бўйича ажрим чиқарилади. ХПК 109-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди бўйича суд буйруғини беришни рад этиш ҳақидаги масала кредиторнинг талабига қарздорнинг рози бўлмаганлиги ҳақидаги ёзма фикри келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмасдан кўрилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Судларга тушунтирилсинки, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ишлар юзасидан чиқарилган ажримлар ХПК 153-моддасининг биринчи қисмига мос ҳолда улар чиқарилгандан кейин беш кунлик муддатда тарафларга юборилади ёки уларга тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзили мавжуд бўлган тақдирда эса, ажримлар ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.