LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Сув оқимларини ҳосил қилувчи майдонларнинг кўп қисмида тўпланган қорнинг ҳажми ўртача кўп йиллик миқдордан 1,4 — 1,8 баравар ортиб кетди. «Бошгидромет»нинг маълумотига кўра 1994 йил февраль ойида республикамизнинг бутун ҳудудида ёғингарчиликнинг меъёр атрофида ва меъёрдан кўпроқ бўлиши кутилмоқда.
Шу йилнинг март, апрель ва май ойларида тошқин ва сел жараёнларининг ҳамда уларга боғлиқ бўлган кўчки ҳодисаларининг кучайиши кутилади.
Сел ва тошқин сувлари етказиши мумкин бўлган зарарнинг олдини олиш ҳамда аҳоли яшайдиган жойлар, гидротехника иншоотлари, каналлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, кўприклар, электр узатиш ва алоқа тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ерларининг зарар кўрмаслигини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ҳокимликлари шу йилнинг 15 мартигача сувларни йўллар билан кесишган жойлар, дюкерлар ва новлар орқали ўтказиб юборишга алоҳида эътибор бериб, аҳоли яшайдиган ҳудудлардаги сел, жала йўлларини, ариқлар ва зовурларни тозалашни таъминласинлар.
2. Сел ва тошқин сувларини хавф-хатарсиз ўтказиб юбориш билан боғлиқ барча ишларни амалга ошириш вазирликлар, идораларга ва тегишлилиги бўйича корхоналарга юклатилсин, улар бу ишларни ихтиёрларидаги маблағ ва моддий-техника ресурслари доирасида бажарсинлар.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар 1994 йил 15 мартдан бошлаб вужудга келиши мумкин бўлган барча масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш учун кечаю кундуз ишлайдиган штаблар тузсинлар, улар ихтиёрига етарлича автотранспорт, ёнилғи-мойлаш материаллари ва алоқа воситаларини ажратсинлар; сел ва тошқин сувлари ўтадиган ўта хавфли жойлар ва кўчки ҳодисалари содир бўлиши мумкин бўлган минтақаларни аниқласинлар, бундай жойларда кечаю кундуз навбатчилик қилиш ва зарур материаллар олиб келинишини ташкил этсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг фуқаро мудофааси ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари аҳолини содир бўлиши мумкин бўлган тошқин, сел, кўчки ҳодисаларидан ўз вақтида хабардор қилишни таъминласинлар ва зарур ҳолларда аҳолини, чорва молларини хавфсиз ерларга вақтинча кўчириш чораларини кўрсинлар.
5. «Ўзшартномасавдо» давлат уюшмаси, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси материалларнинг зарур захираларини ташкил этишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ҳокимликларига, вазирликлар ва идораларга ёрдам кўрсатсинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат геология қўмитаси республика ҳудудида кутилаётган сел, тошқин ва кўчки ҳодисалари ҳақида тошқинга қарши фавқулодда комиссияни, зарур муҳофаза ишларини амалга оширувчи вазирликлар ва идораларни ўз вақтида хабардор қилсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига, зарурат бўлганда, сел ва тошқин сувларини ўтказиб юбориш чоғида муҳофаза ва тиклаш ишларини бажариш ва зарур материалларни сотиб олиш учун Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлигига республика бюджети кафолати билан кредитлар ажратиш тавсия этилсин.