Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТОВАР ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАРИ УЧУН ЯГОНА ЕР СОЛИҒИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 17 июндаги ПФ-4116-сонли «Солиқ имтиёзлари тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартишлар киритиш ҳамда баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Қишлоқ хўжалик экинзорларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг пировард меҳнат натижаларидан иқтисодий манфаатдорлигини кучайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш ва бир хил қилиш мақсадида:
1. 1999 йилнинг 1 январидан бошлаб қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи жорий этилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, ягона ер солиғи амалдаги барча умумдавлат солиқлари (акциз солиғидан ташқари) ҳамда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун белгиланган қуйидаги маҳаллий солиқлар ва йиғимларни тўлаш ўрнига жорий этилади:
даромад (фойда) солиғи;
қўшилган қиймат солиғи (товарлар (ишлар, хизматлар) импорти бундан мустасно);
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг тўртинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 7 июлдаги ПФ-3771-сонли Фармонига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 28-29-сон, 262-модда)
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
ер остидан фойдаланганлик учун солиқ;
мол-мулк солиғи;
ер солиғи;
ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи;
бошқа маҳаллий солиқлар ва йиғимлар;
Ягона ер солиғи тўловчилари бўлмиш қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун бож тўлови, давлат божи, лицензия йиғимлари, давлатнинг мақсадли жамғармаларига ажратмалар тўлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинсин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 8 январдаги ПФ-3376-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 1-2-сон, 9-модда)
3. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:
қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари), фермер хўжаликлари, агрофирмалар, шунингдек бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ягона ер солиғини тўловчилар ҳисобланадилар, деҳқон хўжаликлари бундан мустаснодир. Деҳқон хўжаликларига Ўзбекистон Республикасининг «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунида кўзда тутилган солиққа тортиш шартлари тадбиқ этилади;
қишлоқ хўжалигини юритиш учун эгалик қилиш, фойдаланишга ёки ижарага берилган ер майдони ягона ер солиғига тортиш объекти ҳисобланади;
ягона ер солиғи миқдори ер майдонининг қаерда жойланганлигини, сифати (балл-бонитети)ни ва сув билан таъминланганлигини ҳисобга олувчи базавий ставкалар ҳамда тузатиш коэффициентларидан келиб чиққан холда аниқланадиган ер майдони бирлигига қайд этиб қўйилган тўлов ҳолида белгиланади. Ягона ер солиғининг миқдори қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг хўжалик фаолияти натижаларига боғлиқ бўлмайди;
ягона ер солиғи Маҳаллий бюджет ҳисобига ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 19 сентябрдаги ПФ-2714-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 9-10-сон, 270-модда)
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
шу йилнинг 15 ноябрига қадар ерлар жойлашишининг тафовутлари, сифати (балл-бонитети)ни ва сув билан таъминланганлигини ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича қишлоқ хўжалик экинзорларига мутлақ миқдорда 1999 йилга мўлжалланган ягона ер солиғининг муваққат базавий ставкаларини, шунингдек ягона ер солиғи муваққат базавий ставкаларининг тузатиш коэффициентларини тасдиқласин;
ягона ер солиғининг муваққат базавий ставкаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг 1999 йилги Давлат бюджетини тасдиқлаш чоғида туманлар ва шаҳарлар бўйича ягона ер солиғи ставкаларини тасдиқласин;
1999 йилги иш якунлари бўйича, Республика комиссиясининг таклифларини ҳисобга олган ҳолда ягона ер солиғининг муваққат базавий ставкалари ва тузатиш коэффициентларини қайта кўриб чиқсин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
ушбу Фармон амалга киритилгунга қадар айрим қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига ер солиғи, шунингдек даромад (фойда) солиғини тўлашда имтиёзлар қанча муддатга берилган бўлса шу муддат тўлагунга қадар бундай имтиёз ягона ер солиғи тўлашга тадбиқ этилади;
ягона ер солиғини ҳисоблаш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ ер солиғига тортилмайдиган ер майдонлари солиққа тортиш базасидан мустасно қилинади;
янги ташкил этилган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб икки йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод қилинадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
тугатилаётган ширкатлар негизида барпо этиладиган боғдорчилик ва узумчилик фермер хўжаликлари уларни давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб ягона ер солиғи тўлашдан 5 йил муддатга озод қилинади. Солиқ солишдан бўшайдиган маблағлар мақсадли тартибда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантиришга, боғ ва узумзорлар барпо этиш ҳамда уларни кенгайтиришга йўналтирилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 апрелдаги ПФ-3741-сонли Фармони асосида бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 16-сон, 131-модда)
тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар ихтиёрий тугатилганда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказган орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилинган кундан бошлаб ягона ер солиғини ҳисоблаб ёзиш тугатилади.
Ихтиёрий тугатиш, шунингдек тадбиркорлик субъекти — юридик шахс фаолиятини ихтиёрий тугатиш ва фаолиятини тиклаш тартиб-таомиллари қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тугалланмаган тақдирда солиқ имтиёз қўлланадиган бутун давр учун тўлиқ ҳажмда олинади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 июндаги ПФ-3886-сонли Фармони асосида хатбошилар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 25-26-сон, 259-модда)
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқласин.
8. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. Т. Султонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 10 октябрь,
ПФ-2086-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 10-11-сон, 202-модда; 2000 й., 9-10-сон, 270-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 1-2-сон, 9-модда; 2006 й., 16-сон, 131-модда, 28-29-сон, 262-модда; 2007 й., 25-26-сон, 259-модда)