LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Болали оилаларга нафақаларни ва аҳолига тўланадиган энг оз иш ҳақи миқдорига нисбатан белгиланган бошқа тўловларни ошириш мақсадида:
1. 1996 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида иш ҳақининг энг оз миқдори ойига 600 сўм этиб белгилансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, иш ҳақига, пенсияларга устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, шунингдек болали оилаларга нафақалар ҳамда энг оз иш ҳақи миқдорига нисбатан белгиланган бошқа тўловлар ушбу Фармонда белгиланган энг оз иш ҳақи миқдорига асосан 1996 йилнинг 1 декабридан бошлаб амалга оширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ташкилотлар ва муассасалар 1996 йил 1 декабрдан жорий этиладиган иш ҳақининг энг оз миқдоридан келиб чиққан ҳолда иш ҳақи ва пенсияларга устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, шунингдек болали оилаларга нафақалар ҳамда бошқа тўловлар ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқилишини таъминласинлар.
4. Иш ҳақига, пенсияларга қўшимча ва устама ҳақларни ошириш, шунингдек нафақалар ва бошқа тўловларни кўпайтириш билан боғлиқ харажатлар тегишли равишда республика давлат бюджети, Ижтимоий суғурта фонди маблағлари ҳамда корхоналар ва ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қоплансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилишни таъминласин.