Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
РЕСПУБЛИКА ЕНГИЛ САНОАТИНИ БОШҚАРИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 декабрдаги ПФ-5285-сонли «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика тўқимачилик, трикотаж, тикувчилик ва чинни саноати тармоқларини янада ривожлантириш ҳамда уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, бозор муносабатларини чуқурлаштириш, пахта толасини чуқур қайта ишлаш ҳисобига енгил саноат моллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон енгил саноат моллари ишлаб чиқариш давлат уюшмаси (Ўзбекенгилсаноат)ни Енгил саноат моллари ишлаб чиқариш давлат-акциядорлик компанияси «Ўзбекенгилсаноат» («О’zbеkyengilsanoat») этиб қайта ташкил қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо комплексининг, Давлат мулки қўмитаси ва «Ўзбекенгилсаноат» уюшмасининг таклифлари қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Енгил саноат моллари ишлаб чиқариш давлат-акциядорлик компанияси «Ўзбекенгилсаноат» («О’zbekyengilsanoat») фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари деб ҳисоблансин:
ички ва ташқи бозорларнинг маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш, тўқимачилик, трикотаж, тикувчилик ва чинни саноати молларига бўлган эҳтиёжнинг ўсишини ўрганиш ҳамда башорат қилиш;
республика истеъмол бозорининг аҳоли ўртасида харидоргир бўлган ватанимиз енгил саноатининг юқори сифатли моллари билан тўлдирилишини таъминлаш;
тармоқнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, компания корхоналари томонидан рақобатбардош моллар ишлаб чиқарилишини бутун чоралар билан кўпайтириш ҳамда уларнинг жаҳон бозорларига кириб боришини ташкил қилиш;
пахта толасидан, бошқа маҳаллий хомашё ва материаллар манбаларидан фойдаланишни чуқурлаштириш ҳамда унинг комплекслилигини ошириш, ҳозирги вақтда импорт бўйича олиб келинаётган бутловчи буюмлар ва ёрдамчи ашёлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш;
тармоқда ягона техника ва инвестиция сиёсатини ўтказиш, тўқимачилик, трикотаж ва тикувчилик саноати корхоналарининг кооперациялашувига, ишлаб чиқаришни республиканинг аҳоли зич яшайдиган туманларида маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш;
замонавий технологияларни жорий этиш, янги буюмлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, тармоқ корхоналарини янгилаш ва техника билан қайта қуроллантириш учун тўғридан-тўғри хорижий сармояларни кенг жалб этиш;
бозор ислоҳотларини ўтказишда, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этишда компания корхоналарига ёрдам кўрсатиш.
3. «Ўзбекистон ССР Енгил саноат вазирлиги негизида Ўзбекистон енгил саноат моллари ишлаб чиқариш давлат уюшмаси («Ўзбекенгилсаноат»)ни ташкил этиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 6 майдаги ПФ-202-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда ушбу Фармонни ижро этиш юзасидан қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 1 июль,
ПФ-3102-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 6-7-сон, 118-модда)