LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддаси давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципини жорий этди.
Давлатнинг Асосий Қонуни суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритишини эълон қилди.
Фақат мустақил суд ҳокимияти ҳар бир фуқаронинг ваколатли ва холис судда ишни ошкора кўриш орқали ўзининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкинлигига кафолат бўлиб хизмат қилади.
Мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 10-моддасида ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида мустаҳкамланган.
Суд ишлари билан танишиш суд ҳокимияти тўғрисидаги қонунларга, асосан риоя қилинаётганлигини, аммо уларнинг фаолиятида раҳбарий тушунтиришлар беришни талаб қилувчи айрим масалалар вужудга келганлигини кўрсатди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарор қилади:
1. Суд ҳокимияти — бу судларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари устуворлиги принципига сўзсиз риоя қилиш асосида жиноий, фуқаролик, хўжалик ишларини ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича ваколатидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 114-моддасига мувофиқ суд ҳокимияти ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Суд ҳокимияти ҳужжатларини бажармаслик ёки тегишлича бажармаслик Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавобгарликни юзага келтиради.
2. Судлар Конституциянинг 44-моддаси мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқий низо хусусиятига эга бўлган ҳар қандай масалаларни, шу жумладан, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоятларни ҳал қилиш ҳуқуқига эгадир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Конституциянинг 16-моддасига мувофиқ бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат унинг нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.
3. Қонунга мувофиқ суд муҳокамасини қандай бўлмасин чеклашларга, бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатиш, таҳдид қилиш ёхуд суд фаолиятига мансабдор шахс ёки фуқаронинг қай тарафдан ва қандай масалада бўлмасин аралашишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Судлар тўғрисида»ги Қонунда судьяларга юксак мақом берилди, улар Республика Президенти томонидан тайинланади ёки унинг тақдимига биноан Олий Мажлис томонидан сайланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Давлат ҳокимиятининг бирон-бир идораси судга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни юклаши мумкин эмас.
4. Судьядан иш бўйича у ёки бу қарорни қабул қилишга доир тушунтиришлар талаб қилишга ҳеч ким ҳақли эмас.
Бунда шуни назарда тутиш лозимки, суд қарорининг бекор қилинганлиги ёки ўзгартирилганлиги фактининг ўзи судьялардан тушунтиришлар беришни талаб қилиш учун асос бўлмайди.
5. Мансабдор шахсларнинг судга у ёки бу ишни ҳал қилиш юзасидан тавсияларини ифода этиб, ёзма ёки оғзаки равишда қилган мурожаатлари кўрилмай қолдирилиши лозим. Суд томонидан ҳал қилинадиган шикоят ва аризаларни давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа муассасаларнинг назоратга олиши қонунда кўзда тутилмаган. Суд қарорлари устидан шикоят беришга ҳуқуқи бўлган шахслар доираси ва уларни кўриб чиқиш тартиби процессуал қонунларда қатъий белгилаб қўйилган.
6. Оммавий ахборот воситалари кўрилаётган ишлар бўйича ўз хабарларида суд қарори қандай бўлиши лозимлиги ҳақида фикр билдиришга ёки бошқача усуллар билан ишда иштирок этаётган бирон-бир шахснинг фойдасини кўзлаб судга таъсир ўтказишга ҳақли эмаслар. Бунда шуни унутмаслик керакки, Конституциянинг 26-моддасига ва «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ жиноят содир эганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча, у айбсиз ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Мустақиллик принципи судларга ҳуқуқ беради ва шу билан бирга улардан суд муҳокамасини адолатли ўтказишни ҳамда тарафларнинг ҳуқуқларига риоя қилишни талаб қилади.
Жиноят-процессуал қонунда мустаҳкамланган судда ишларни юритишда ўзаро тортишув принципига мувофиқ прокурор суд процессида тарафлардан бири ҳисобланади ва процесснинг бошқа тарафлари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланади.
8. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, судьялар маслаҳатлашувининг сир тутилиши ва уни ошкор қилинишининг тақиқланиши судьялар мустақиллиги, уларнинг беғаразлиги ва холислигининг энг муҳим кафолатидир.
Судьянинг тарафлар вакиллари, шунингдек, бошқа шахслар билан ишларни муҳокама қилиши унинг беғаразлигини шубҳа остига қўяди ва шунинг учун бунга йўл қўйилмайди. Судья фақат маслаҳатхонада ишни муҳокамасида қатнашганда уни мазмунан ҳал қилишга доир фикрини билдиради. Судья, шунингдек, муайян ишни ҳал қилиш бўйича бирон бир кишига маслаҳат беришга ва ўз фикрини билдиришга ҳақли эмас, чунки келгусида бу иш унинг ҳал этиш доирасида бўлиб қолиши мумкин.
9. Тушунтирилсинки, Республиканинг туман, шаҳар, вилоят, ҳарбий, хўжалик судлари ва Қорақалпоқистон Республикаси Олий суди юқори судларга фақат процессуал жиҳатдан бўйсунадилар.
Туман, шаҳар, вилоят, ҳарбий, хўжалик судларининг судьялари шу судларнинг раислари ва уларнинг ўринбосарларига, Олий суднинг ва Олий хўжалик судининг судьялари эса тегишлича Олий суднинг Раиси ва унинг ўринбосарларига, Олий хўжалик судининг Раиси ва унинг ўринбосарларига фақат ишларни ташкиллаштириш масалалари бўйича бўйсунадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қайд этилган мансабдор шахслар суд ишлари бўйича судьяларга йўлланма беришга, судьяларни интизомий тартибда жазолашга ҳақли эмаслар.
Умумий судлар судьялари қонунга мувофиқ малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Олий малака ҳайъатига шикоят қилиш ҳуқуқига эга, шу сабабли малака ҳайъатининг қарори қонуний кучга кирмагунча судьяни интизомий тартибда жазоланган деб ҳисоблаш мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Судья фақат ўзи томонидан била туриб қонуннинг бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган масъулиятсизликка йўл қўйилган ҳоллардагина интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳолатларга судьяларнинг малака ҳайъатларигина баҳо бериши мумкин.
10. «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ умумий юрисдикция судларини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш ҳамда уларнинг фаолияти учун зарур шароитлар яратиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги низоми белгиланган тартибда тасдиқланадиган махсус ваколатли орган томонидан, хўжалик судларига нисбатан эса бундай фаолият Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Қонун судьяларни сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг аъзоси бўлишларини ҳамда бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллашларини тақиқлайди. Лекин, судьялар ассоциацияларга бирлашишлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Судьяларнинг дахлсизлиги суд мустақиллигининг муҳим кафолатидир, дахлсизлик қонунга мувофиқ унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорт ва алоқа воситаларига, унинг хат-хабарларига, унга тегишли мулклар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир.
Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин. Судья Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ёки Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Судлар ишларни ва материалларни кўришда Конституциянинг 53-моддасига кўра, давлат томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши принципига оғишмай риоя этишлари шарт. Шуни назарда тутиш лозимки, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Шунинг учун судлар ишларни кўришда давлат органлари ва мансабдор шахслар мулкдорнинг ҳуқуқларини қанчалик ҳимоя қилаётганлик ва уларга риоя этаётганликларини аниқлашлари, асоссиз текширишлар, тафтишлар ва ҳоказо фактларга тегишли муносабат билдиришлари ҳамда бундай ноқонуний ҳаракатлар натижасида мулкдорга етказилган зарарни айбдор мансабдор шахслардан ундириш чораларини кўришлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Суд ҳокимияти умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, судлар ҳар бир иш бўйича қонунийликни ва фуқароларнинг ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлашлари ҳамда уларнинг ҳар қандай бузилишига зудлик билан муносабат билдиришлари шарт.
Барча суд тартибларига, шу жумладан, ҳар бир фуқаронинг ҳимоя ҳуқуқига оғишмай амал қилинмоғи лозим. Фуқароларни асоссиз жиноий жавобгарликка тортиш, ноқонуний ҳибсга олиш ва ҳибсда сақлаш, жисмоний ёки руҳий зўравонлик ишлатиш ёки ишлатишга таҳдид қилиш билан боғлиқ ҳар бир ҳолат тегишли равишда баҳоланиши лозим.
Тушунтирилсинки, бундай ғайриқонуний усулларни қўллаб олинган ҳар қандай далиллар юридик кучга эга эмасдир.
Шу билан бирга судлар жазонинг муқаррарлиги принципига қатъий амал қилишлари, хавфли жиноятчиларга нисбатан қонуннинг бутун кучини татбиқ этишлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. Судья томонидан зиммасига юклатилган вазифани, нуфузни ва судга ҳурматни шакллантирувчи юксак ахлоқ-одоб меъёрларига риоя қилинмасдан туриб, суд ҳокимиятини ва судья ваколатларини амалга ошириш мумкин эмас.
Судья суд ҳокимиятининг шаъни ва мустақиллигини мўътабар тутиши, ҳалол ва беғараз бўлиши, қонунга риоя этиши ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, ҳар қандай ножўя ҳаракатлар ёки шундай бўлиб кўриниши мумкин бўлган ҳаракатлардан ўзини тийиши, ўзининг судьялик лавозими нуфузидан шахсий манфаатлари ёки бошқа шахсларнинг манфаатлари йўлида фойдаланишдан ўзини сақлаши, ҳуқуқ соҳасида ўзининг касб малакасини ошириб бориши, суд процессида тарафларга сабр тоқатлилигини ва обрўсини кўрсатиши, шахсий ҳаётда юксак ахлоқий қоидаларга амал қилиши шарт.