Анча миқдордаги зарар | — | базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар. |
Бошқа ҳуқуқий таъсир чораси | — | жазо ҳисобланмайдиган, лекин ушбу Кодексда назарда тутилган чора (вояга етмаган шахсларга нисбатан қўлланиладиган мажбурлов чоралари, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари). |
Валюта операциялари | — | валюта қимматликларига мулк ҳуқуқининг бировга ўтиши билан боғлиқ операциялар, шу жумладан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда чет эл валютасидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси пул бирлигидан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш билан боғлиқ операциялар; валюта қимматликларини чет элдан Ўзбекистон Республикасига келтириш ва жўнатиш, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикасидан четга олиб чиқиш ва жўнатиш; халқаро миқёсда пул ўтказиш операциялари. |
Валюта қимматликлари | — | чет эл валютаси; чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар — фонд бойликлари (акция, облигация ва бошқалар); чет эл валютаси билан тўланадиган тўлов ҳужжатлари (чеклар, векселлар, аккредитив ва бошқалар); ҳар қандай кўриниш ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар — олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳига кирувчи металлар (палладий, иридий, радий, рутений ва осмий), шундай металлардан ясалган заргарлик ва бошқа рўзғор буюмлари ҳамда уларнинг резгилари бундан мустасно; хом ашё ёки ишлов берилган ҳолатдаги табиий қимматбаҳо тошлар — олмос, ёқут, зумрад, сапфир, александритлар, шунингдек марваридлар, шундай тошлар ҳамда уларнинг резгиларидан ясалган заргарлик ва бошқа рўзғор буюмлари бундан мустаснодир. |
Гиёҳвандлик воситалари | — | гиёҳвандлик воситалари рўйхатларига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар, таркибида гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган препаратлар ва ўсимликлар |
Гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари | — | кимёвий тузилиши ва хоссаларига кўра гиёҳвандлик воситаларига ўхшаш бўлган, улар сингари руҳиятга фаол таъсир этадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар |
Гиёҳвандлик воситаларидан, уларнинг аналогларидан ёки психотроп моддалардан қонунга хилоф равишда фойдаланишдаги кўп миқдор | — | тегишли давлат органининг хулосасига мувофиқ белгиланади. |
Гиёҳвандлик воситаларидан, уларнинг аналогларидан ёки психотроп моддалардан қонунга хилоф равишда фойдаланишдаги озгинадан кўпроқ миқдор | — | тегишли давлат органининг хулосасига мувофиқ белгиланади. |
Давлат иштирокидаги ташкилот | — | 1) устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат ташкилоти; 2) тўлиқ ёки қисман давлат органи ёки давлат ташкилоти томонидан ташкил этилган ёки таъсис этилган нотижорат ташкилоти. |
Давлат сири | — | ошкор этилиши республика ҳарбий иқтисодий салоҳиятининг сифат ҳолатига салбий таъсир этиши ёки Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар. |
Давлат сирлари | — | давлат томонидан қўриқланадиган ва махсус рўйхатлар билан чеклаб қўйилган ўта муҳим, мутлақ махфий ва махфий ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва бошқа маълумотлардир. Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари: давлат, ҳарбий ва хизмат сирига бўлинади. |
Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулот | — | тарихий, илмий, бадиий қимматга ёки ўзга маданий қимматга эга бўлмаган, зўравонлик ёки шафқатсизлик содир этишга ундайдиган материаллар ва нарсалар |
Кўп бўлмаган зарар | — | базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар. |
Кўп миқдордаги зарар | — | базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар. |
Кўпчилик учун хавфли усул | — | ўт қўйиш, портлатиш, сув бостириш ва одамлар халок бўлиши ёки кўп миқдорда зарар етказиш хавфини туғдирадиган бошқа усуллар. |
Мансабдор шахс | — | доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс, худди шунингдек халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс. |
Одамлардан фойдаланиш | — | бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланиш ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шакллари, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш. |
Олдиндан аён бўлиш | — | қонунда баён этилган хулқ-атвор ва шарт-шароитларга муносабат ва бу муносабатнинг шахс улардан хабардорлигидан далолат бериши. |
Олдиндан тил бириктириш | — | жиноят иштирокчилари ўртасида жиноят содир этиш ёки жиноий фаолият билан шуғулланиш тўғрисида бундай ҳаракатларни амалга оширишдан аввал келишиб олиш. |
Прекурсорлар | — | прекурсорлар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддалар |
Порнографик маҳсулот | — | бадиий қимматга эга бўлмаган ва илмий, тиббий ёки ўқув мақсадлари учун мўлжалланмаган, одам жинсий аъзоларининг ёхуд одам томонидан ҳақиқатда содир этилаётган ёки шунга ўхшатилган жинсий алоқанинг тавсифини ёхуд фото, видео тасвирини ёки бошқа тасвирини ўз ичига олган материаллар ва нарсалар |
Психотроп моддалар | — | психотроп моддалар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар |
Радиоактив материаллар | — | қурилмада ёки буюм таркибида ҳар қандай физик ҳолатда ёинки бошқа кўринишда турган ион нурлари тарқатувчи манбалар, радиоактив моддалар ёки ядро материаллари. |
Тамом бўлган жиноят | — | муайян жиноят таркибининг барча зарур аломатларини ўз ичига оладиган ижтимоий хавфли қилмиш. |
Тамом бўлмаган жиноят | — | шахсга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ёки жиноят қилишдан ихтиёрий равишда қайтиш туфайли охирига етказилмай қолган жиноят. |
Хизмат сири | — | ошкор қилиниши Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳаларига доир маълумотлар. |
Хизматчи | — | давлат органида, тижорат, нотижорат ташкилотида меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи, мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган шахс. |
Хўжалик юритувчи субъект | — | мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар. |
Чет эл валютаси | — | 1) тегишли чет эл давлатининг муомаласида бўлган ва қонуний тўлов воситаси ҳисобланган, шунингдек, муомаладан чиқарилган ёки чиқарилаётган, лекин Ўзбекистон Республикасининг пул белгиси билан алмаштирилиши лозим бўлган банкнот тарзидаги чет эл пул белгиси; |
Яқин қариндошлар | — | қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари. |
Ўзбекистон Республикаси фуқароси | — | қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси юридик мақомига эга бўлган шахс. |
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйин | — | ўйин ташкилотчиси (ўйин муассасаси) томонидан бир ёки ундан ортиқ иштирокчилар билан тасодифга (воқеага) ва (ёки) ўйин иштирокчисининг қобилияти, эпчиллиги ва бошқа сифатларига боғлиқ ютуқ тўғрисида тузилган, таваккалчиликка асосланган битимга мувофиқ ўйин ташкилотчилари ва иштирокчиларининг хатти-ҳаракатлари мажмуини назарда тутувчи ўйин, шу жумладан тотализаторлар, казино, шунингдек ўйин автоматларидан фойдаланиладиган ўйин. |
Ғаразгўйлик ниятлари | — | содир қилинган жиноятдан моддий ёки бошқача мулкий йўсиндаги фойда олиш ёхуд моддий харажатлардан қутилишга интилишда ифодаланган ният. |
Ҳаракатсизлик | — | шахснинг норматив ҳужжатларда бажариши шарт қилиб белгиланган муайян ҳаракатларни бажармасликда ифодаланган ижтимоий хавфли, онгли ва суст хулқ-атвори. |
Ҳарбий жиноятлар | — | ҳарбий хизматчилар, шунингдек ҳарбий машқни ўташ даврида ҳарбий хизматга мажбур шахслар томонидан ҳарбий хизматни ўташнинг белгиланган тартибига қарши қилинган жиноятлар. |
Ҳарбий сир | — | ошкор қилиниши Ўзбекистон Республикаси мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги ва Қуролли Кучлари учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳарбий йўсиндаги маълумотлар. |
Ҳокимият вакили | — | давлатнинг бирон-бир ҳокимият органининг номидан иш кўриб, муайян вазифаларни доимий ёки вақтинча амалга оширувчи ва ўз ваколатлари доирасида кўпчилик ёхуд барча фуқаро ёки мансабдор шахслар учун мажбурий бўлган ҳаракатларни содир этиш ёки фармойишлар бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс. |
Ҳужжат | — | ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган факт ва воқеаларни тасдиқловчи, лозим даражада тузилган ва зарурий реквизитлари (штамп, имзо, муҳр, сана, тартиб рақами) мавжуд бўлган ёзма ҳужжат. |