ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ДАНҒАРА ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Данғара тумани бўйича 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 апрелга қадар суғориш ишлари учун ажратилган сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги 5-сон Қарори ижроси доирасида 2025-2026 йилнинг куз-қиш даври давомида туман сув етказиб бериш хизмати Давлат муассаса ҳисобидаги жами 87.04 км узунликдаги суғориш учун мўлжалланган каналларнинг, жумладан, Оқтепа сой канали 4.1 км, Бостонбува канали 3.4 км, Оқжар канали 5.5 км, Қора кўрпасой 2.3 км, Қиялисой канали 3.2 км, Турксарой 5.5 км, Турк канали 2 км узунликдаги қисмини механизм билан тозалаш графигини ишлаб чиқилиб, белгиланган муддатда ишларни якунлаш чоралари кўрилган.
Данғара туман Сув етказиб бериш хизмати давлат муассаси ҳисобидаги каналларда 93 дона гидротехник ҳамда 82 дона сув ўлчаш иншоотларни таъмирлаш ишлари бажарилди.
Тумандаги 213 та фермер хўжаликлари ҳисобидаги 752 км ички ариқлар, шундан, 657.6 километр узунликдаги қисмида қўл кучи ёрдамида, 94.4 км узунликдаги қисмида эса механизм билан тозалаш ишлари бажарилган ҳамда 20 дона сув олиш қулоқлари, 45 дона гидротехник иншоотлар, 34 дона сув ўлчаш иншоотлари таъмирланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21-октябрдаги «Сув ресурслари йўқотилишининг олдини олиш ҳамда ирригация тармоқларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 660-сон қарори ижроси доирасида Қўргонча, Чомоч-2, Ғумойли, Сарой ариқлари 11.8км. узунликдаги қисмини реконструкция қилиш бўйича ишларни амалга оширилди. Ушбу ишларни бажарилиш натижасида сув йўқотишлари 26 фоиздан 14 фоизга камайишига, ҳар йили 8,3 млн м³ сув тежалишига, 1,6 минг гектар экин ер майдонларининг сув таъминотини яхшиланишига, пахта ҳосилдорлигини 8-10 центнерга, ғалла ҳосилдорлиги 15–20 центнерга, 344 минг кВт электр энергия тежалишига эришилади.
Белгиланган режа бўйича сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишлари бажарилган. Шундан, томчилатиб суғориш 415 гектар, ёмғирлатиб суғориш 191 гектар, дискет суғориш 86 гектар экин ер майдонларига жорий қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори билан, Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси 38-бандига асосан, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (кейинги ўринларда-сув солиғи) ставкаси 1 куб метр сув учун 107 сўм этиб белгиланган.
Қарорда 2024 йилдан бошлаб, Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 25 мартга қадар вегетация даври учун ва 25 сентябрга қадар куз-қиш даври учун сув манбаларининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳудудлар кесимида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлаш, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1-октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарорида кўрсатиб ўтилган сувни ҳисоб-китоби ва ҳисоботини юритиш тартибига асосан, туман Қишлоқ хўжалиги бўлими билан келишилган ҳолда ҳудуддаги барча сув истеъмолчилар ҳамда деҳқон хўжаликларини 2026 йил сув мавсуми учун қишлоқ хўжалиги экинлари турлари тасдиқланиб, шу асосида ҳар бир сув истеъмолчилари, сув манбалар, иқтисодиёт тармоқлари кесимида сувдан фойдаланиш режалари ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори ижросини таъминлаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув-текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида ҳамда туман Сув йетказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори С.Тожибоевнинг ҳисоботини атрофлича муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6- ва 24-моддаларига мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгаши қарор қилади:
1. Туман Сув йетказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори С.Тожибоевнинг туманда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисоботи қабул қилинсин.
2. Сирдарё-Сўх Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг 2026 йил 26 мартдаги 01/07-290-сонли, Данғара тумани ҳокимининг 13 майдаги 01-20-72/1-сонли ҳамда туман Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директорининг 2026 йил 9 октябрь кунги 145-сонли хатлари инобатга олинсин.
3. Мазкур масала халқ депутатлари туман Кенгашининг «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси йиғилишида муҳокама қилиниб, туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритиш тўғрисидаги қарори асос учун қабул қилинсин.
4. Туман Сув этказиб бериш хизмати томонидан 2025-2026 йилнинг куз- қиш даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сон қарорининг тумандаги ижроси ҳамда соҳада амалга оширган ишлари қониқарли деб баҳолансин.
5. Туман Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори С.Тожибоев томонидан туман бўйича 2026 йил вегетация даврида суғориш ишлари учун ажратилган сув лимити тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
6. Данғара тумани ҳудудидаги фермер хўжалиги ва бошқа йўналишидаги сув истеъмолчиларининг 2026 йилнинг суғориш даври учун сув лимити, фермер хўжалиги йўналишида 2026 йилнинг суғориш даврида сув олиш лимити, аҳоли томорқа экин ер майдонларини 2026 йилнинг суғориш даврида сув олиш лимити, балиқчилик йўналишидаги фермер хўжаликларини 2026 йилнинг суғориш даврида сув олиш лимитлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (Ш.Шокиров) ва туман Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори (С.Тожибоев)ларга:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сонли қарори асосида ишларни ташкил этиш;
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш;
сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш;
ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув хажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш;
амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисоботларни ўз вақтида бериб бориш вазифалари юклатилсин.
8. Мазкур қарор Фарғона вилояти Сирдарё-Сўх Ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига юборилсин.
9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси раиси (О.Эргашев) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси К. ДАДАБОЕВ
Фарғона вилояти, Данғара тумани,
2026 йил 20 ноябрь,
VI-30-74-11-155-K/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.