ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Қурилиш объектларининг шартномавий жорий нархларини ҳисоблашда пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори, 21.10.2026 йилдаги 583-сон

Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда объектларнинг бошланғич қийматини аниқлашда:

қурилиш соҳасидаги ишчи-ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори республика бўйича 1 киши/соат учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (МҲТЭКМ) 5 фоизида (ижтимоий солиқ тўловларини ҳисобга олган ҳолда) белгиланади;

пудрат ташкилотларининг ишлаб чиқаришга доир бошқа харажатлари тўғридан-тўғри харажатлар суммасининг 2,5 фоизи, тоғли, чўл, етиб бориш қийин бўлган ҳудудлардаги объектларда 5 фоизи миқдорида белгиланади;

пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари смета қийматининг (тўғридан-тўғри харажатлар) 20 фоизи ҳамда зарур фойда 7 фоизи миқдорида белгиланади.

Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича:

пудрат ташкилотларининг бошқа харажатларини ҳисоблаш, текшириш ва тасдиқлаш жараёнлари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими (МАТ) орқали электрон шаклда амалга оширилади;

пудрат ташкилоти ташкил топганига бир календарь йилдан ошмаган ва баланс кўрсаткичлари, молиявий ҳисоботлар ва ҳисобот кўрсаткичлари топширилмаган ҳолларда бошқа харажатлар смета қийматининг 10 фоизи ҳамда зарур фойда 7 фоизи миқдорида қабул қилинади.

Ишлаб чиқаришга доир бошқа харажатлар учун ажратилган маблағлар ҳақиқатда бажарилган ишлар ҳажми ва қийматидан келиб чиққан ҳолда молиялаштирилади.

Тендер (танлов) асосида расмийлаштириладиган шартномаларда шартнома даврида пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдорига ўзгартириш киритилишига йўл қўйилмайди (солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритилган ҳоллар бундан мустасно).

Пудрат ташкилотларининг бошқа харажатлари миқдори тўғрисидаги маълумотлар пудрат ташкилотлари кесимида “Шаффоф қурилиш” МАТда эълон қилиб борилади.