ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Олий таълимда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 29.09.2026 йилдаги ПФ-209-сон

Фармонга кўра, 2027/2028 ўқув йилидан ОТМларда иш берувчи корхоналарнинг буюртмалари асосида ва битирувчини ишга қабул қилиш шарти билан дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлашнинг тизими жорий этилади. Бунда,
 
дуал таълим шаклига қабул амалга ошириладиган бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда қабул параметрлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда ОТМ томонидан белгиланади;
 
дуал таълим шаклига қабул иш берувчи корхона буюртмасига мувофиқ тўлов-контракт асосида ҳар йили 1 октябрга қадар амалга оширилади.
 
Дуал таълим ОТМ, корхона ва талаба ўртасида тузиладиган шартномага асосан ташкил этилади:
 
корхона зиммасига талабага ўқиш даври давомида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда ойлик иш ҳақи тўлаш;

талабанинг зиммасига битиргандан сўнг камида 2 йил мазкур корхонада ишлаб бериш мажбуриятлари юкланади.

Фармонга кўра, дуал таълим шаклида таҳсил олаётган Ижтимоий реестрга киритилган талабаларга ижтимоий стипендия тўланади.

Муҳандислик иши, ишлаб чиқариш ва ишлов бериш, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги таълим соҳалари бўйича дуал таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини 2-курсдан бошлаб давлат гранти квоталари доирасида давом эттириш имконияти яратилади.
 
Талабанинг дуал таълим шаклида таҳсил олган даври унинг умумий меҳнат стажини ҳисоблашда инобатга олинади.
 
2027 йил 1 январдан дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш истагини билдирган корхоналар учун талабаларга бириктириладиган мураббийларни тайёрлаш махсус курсларини ташкил этилади.

2027/2028 ўқув йили якунидан бошлаб дуал таълим шакли бўйича ОТМ ва буюртмачи корхоналарнинг самарадорлик рейтинги юритилади.
 
Энг юқори натижа кўрсатган 3 тадан ОТМ ва корхоналар рейтингдаги ўрнига мос равишда 1, 2, 3 миллиард сўмдан рағбатлантирилади.

2027 йил 1 январдан корхоналарга қуйидаги йўналишларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ҳар бир талаба учун тўланган иш ҳақи харажатларининг 50 фоизи ўқув йили якунида субсидия шаклида қопланади:

муҳандислик иши;
ишлаб чиқариш ва ишлов бериш;
архитектура ва қурилиш;
қишлоқ хўжалиги таълим соҳалари.

Корхоналарга дуал таълим шаклига қабул қилган талабалар сонига мутаносиб равишда “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги” платформасида қўшимча баллар берилади.

Корхоналар томонидан ОТМ ҳудудида дуал таълим шакли учун амалиёт базасини ташкил этиш фаолиятини амалга ошириш учун олиб келинган жиҳозлар, ускуналар, лаборатория жиҳозлари учун божхона божи ставкаси 2030 йил 1 январга қадар 1 фоиз этиб белгиланади.
 
Дуал таълим дастури бўйича амалий машғулотлар учун корхоналар томонидан харид қилинган ўқув ускуналари ва жиҳозларга нисбатан 3 йил муддатга тезлаштирилган амортизация қўллаш ҳуқуқи берилади.