Фармонга кўра, кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий эълон қилиниши белгиланди (бундан жиноят иши доирасида, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, фуқаролар мурожаатлари, ҚҚСни қоплаш (қайтариш) ва тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишлар мустасно).
Мораторий амал қилиш даврида:
кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ноқонуний ҳисобланади ва ушбу ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) томонидан “Самарали назорат” тадбири ўтказилади. Бунда:
назорат органларининг охирги 3 йиллик текширув материаллари жойига чиққан ҳолда тўлиқ ўрганиб чиқилади;
ўрганиш якунлари бўйича назорат органлари томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар бўйича ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўрилади;
текширув ўтказиш тартиби бузилган ҳамда ноқонуний текширувлар аниқланган ҳолларда фаолияти текширилган тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.
Фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб:
2028 йил 31 декабрга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида ўрта ва йирик тадбиркорлар томонидан ўз фаолиятини аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда солиқ ва йиғимларни тўғри ҳисоблаш ва тўлаш бўйича ташаббус тарзидаги аудитдан ўтказиш ҳамда аудиторлик хулосасини солиқ органи томонидан тан олиш механизми жорий этилади. Бунда:
аудит ўтказилган давр учун солиқ органлари томонидан
солиқ аудити ўтказилмайди;
аниқланган хато ва камчиликлар 30 кун муддатда бартараф этилганда тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жарималар қўлланмайди;
мазкур эксперимент доирасида аудит ўтказиши мумкин бўлган ташкилотлар реестри Солиқ қўмитаси томонидан юритилади ва расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади;
аудиторлик хулосасини тан олиш оқибатида тўланмай қолган солиқ ва йиғимлар аниқланган ҳолатлар бўйича аудиторлик ташкилоти жавобгар бўлади;
тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 1 йил давомида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади, бундан камерал солиқ текшируви мустасно;
тадбиркорлик субъектларига молиявий жарималар қўллашда “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади ва биринчи марта қоида бузган, лекин фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, ўзгалар мулкига зарар етказмаган тадбиркорларга жарима қўлламасдан, дастлаб камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади.
Фармонга кўра, 2026 йил 31 декабргача кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун қуйидагиларни назарда тутувчи “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси эълон қилинади:
иқтисодий амнистия эълон қилингунга қадар юзага келган солиқ қарзи (бундан пеня мустасно) 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланганда, ушбу қарздорлик бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади ва улар билан боғлиқ ижро ишлари тугатилади;
аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда тузатиш киритилиб, қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси 2026 йил 31 декабрга қадар тўлиқ тўланганда ушбу суммага нисбатан пеня ҳисобланмайди;
тадбиркорлик субъектлари солиқлар ва йиғимларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини банкка тақдим этмаганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилинади;
иқтисодий амнистия доирасида йўл қўйилган хатоларни мустақил равишда бартараф этганларнинг Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги баллари туширилмайди;
2026 йил 1 январга қадар шаклланган қуйидаги қарздорликлар ҳисобдан чиқарилади:
солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун қўлланган маъмурий жариманинг тўланмаган қисми;
қатъий белгиланган миқдордаги айланмадан олинадиган солиқни тўловчи субъектларга қўлланган молиявий жарималарнинг тўланмаган қисми;
аввал расмийлаштирилган меҳнат шартномалари Ягона миллий меҳнат тизимига киритилишига рухсат берилади ҳамда кечиктириб киритилганлиги сабабли жарима қўлланмайди.
Фармонга кўра, қуйидаги имтиёзларнинг амал қилиш муддатлари узайтирилади:
уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхона қуришга субсидиялар бериш муддати 2029 йил 1 январга қадар;
меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларининг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғи бўйича солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициентни қўллаш муддати 2030 йил 1 январга қадар;
туризм соҳаси субъектлари учун импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобуслар учун божхона божидан озод этиш муддати 2028 йил 1 январга қадар.
2027 йил 1 январдан:
Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган туроператорларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатган хизматларига ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланади;
юлдузли меҳмонхонага субсидия олиш учун унинг тоифасини тасдиқлашда хорижий компаниялар хулосаси талаб этилмайди.
Шунингдек, мазкур Фармон билан қиймати БҲМнинг 400 бараваридан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши белгиланди.
Илгари мазкур миқдор 25 миллион сўм деб белгиланган.