ONLINE TRANSLATE
Ҳужжат паспорти
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 14.08.2026 йилдаги ЎРҚ-1165-сон

Қонун билан иқтисодий судларнинг маъмурий бошқарув тизимини соддалаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.
 
Шунингдек, киритилган қўшимчаларга кўра, маъмурий судлар маъмурий ишларнинг муҳокамаси чоғида маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180 ва 181-моддаларидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиши белгиланди.
 
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси принципи киритилди.
 
Шу билан бирга, маъмурий судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди.
 
Унга кўра, маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида дастлабки эшитув ўтказилади.
 
Судья дастлабки эшитувни ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кундан кечиктирмай ўтказади.
 
Дастлабки эшитувни ўтказиш чоғида судья:
 
аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозларини аниқлаштиради;

аризадаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради;

аризачига зарур далилларни ҳамда жавобгарга фикрини ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар беради;

аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга дастлабки ҳуқуқий баҳо беради.
 
Дастлабки эшитув натижасига кўра аризани кўрмасдан қолдириш ёки келишув битимини тасдиқлаш ёхуд иш бўйича суд муҳокамасини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга маъмурий орган мансабдор шахсининг ёки унинг вакилининг судга келмаганлиги оқибатлари тўғрисидаги норма киритилди.
 
Унга кўра, маъмурий органнинг қарори ёки унинг мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризани (шикоятни) кўришда мансабдор шахснинг ёки унинг вакилининг суд мажлисидаги иштироки мажбурий ҳисобланади.
 
Ушбу аризани (шикоятни) кўришда мансабдор шахс ёки унинг вакили суд мажлисида иштирок этмаган тақдирда суд муҳокамаси кейинга қолдирилади.
 
Маъмурий орган мансабдор шахсининг ёки унинг вакилининг суд муҳокамасида иштирок этмаганлиги суд томонидан узрли деб топилмаган тақдирда, суд мансабдор шахсга нисбатан суд жаримасини қўллашга ҳақли.
 
Маъмурий орган мансабдор шахсининг ёки унинг вакилининг иштироки ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилинишига тўсқинлик қилмаган тақдирда, иш давлат органи мансабдор шахсининг ёки унинг вакилининг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.
 
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, қуйидагилар давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш асоcлари сифатида белгиланди:
 
агар жавобгарга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва жавобгарга нисбатан тақдим этилган талаб қонунга кўра тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш доирасида кўрилиши лозим бўлса, ариза кўрмасдан қолдирилганда;
 
дастлабки эшитув натижаларига кўра ариза кўрмасдан қолдирилганда.