Оила кодексига киритилган ўзгартиришларга, болага отанинг исми, ота ёки она томонидан миллий анъаналарга кўра бобонинг исми бўйича фамилия берилиши мумкинлиги белгиланди.
Илгари Кодексда отанинг исми фамилия сифатида берилиши назарда тутилмаган эди.
“Архив иши тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, электрон архив ҳамда нодавлат архивларни ташкил этиш тартиби белгиланди.
Электрон архивларнинг ўзига хос талаблари қуйидагилардан иборат:
электрон архив тизимининг аппарат-дастурий таъминоти мавжудлиги;
электрон архив фондлари ва ҳужжатларини яратиш учун зарур воситаларнинг, шу жумладан рақамлаштириш қурилмалари ва дастурларининг мавжудлиги;
электрон архив ҳужжатларини қидириш, бошқариш ва уларга ишлов бериш имкониятининг мавжудлиги;
электрон шаклдаги архив ҳужжатининг асл архив ҳужжати билан бир хиллигини таъминлаш;
электрон архив тизимининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этиш.
Миллий архив фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисмига киритилган архив ҳужжатларини, шунингдек давлат мулки бўлмаган бошқа архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга ошириш учун нодавлат архивлар ташкил этилиши мумкинлиги кўзда тутилди.
Шунингдек, Адлия вазирлигининг архив иши соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланди.
Қонун билан киритилган қўшимчаларга кўра, махфий ҳужжатлар 30 йил мобайнида сақланиши белгиланди.
Шунингдек, шахсий таркиб бўйича ҳужжатларни сақлаш муддатлари белгиланди. Унга кўра:
2019 йил 1 январгача иш юритуви якунланган шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар идоравий архивларда 75 йил мобайнида сақланади.
2019 йил 1 январдан эътиборан шакллантирилган шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар идоравий архивларда 50 йил мобайнида сақланади.
Шу билан бирга, лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими доирасида олишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланди.
Режим доирасида талабгор фаолиятини махсус электрон тизим ёки ЯИДХП орқали ваколатли органга бепул хабар берган ҳолда, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олмасдан амалга ошириши мумкин.
Режимнинг амал қилиш муддати 3 ой бўлиб, ушбу муддат давомида талабгор муайян фаолиятни (ҳаракатни) лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз амалга оширганлик учун жавобгарликка тортилмайди.
Талабгор “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режимининг амал қилиш муддати давомида:
ўз фаолиятини лицензия ёки рухсат бериш талабларига ва шартларига мувофиқлаштириш чораларини кўради;
тегишли лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни белгиланган тартибда олади ёхуд мазкур фаолиятни (ҳаракатларни) тугатади.