Фармонга кўра, “Инсон” маркази ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (Агентлик) тизимидаги одам савдосидан жабрланган шахсларга хизмат кўрсатувчи ихтисослашган муассасаларга, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларга одам савдосидан жабрланган шахсларни дастлабки идентификация қилиш ваколати берилади.
Дастлабки идентификация натижасида шахсга одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс мақоми 1 ойгача, якуний идентификация қилиш натижасида бериладиган одам савдосидан жабрланган деб тан олинган шахс мақоми эса кўпи билан 1 йилгача бўлган муддатга берилади.
Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан одам савдосидан жабрланган шахсларни якуний идентификация қилиш муддати 10 сутка этиб белгиланади.
2026 йил 1 сентябрдан:
Агентликнинг “1146” қисқа рақамли ишонч телефони орқали одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатларини Ўзбекистон ҳудудида қабул қилиш, мутахассислар томонидан уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ҳамда бошқа масалаларда маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш хизматлари кўрсатилади;
Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасаларида одам савдосидан жабрланганлик ҳолати бўйича мурожаатларни қабул қилиш, уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва моддий ҳамда бошқа масалаларда маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш хизматлари кўрсатиладиган ишонч телефонлари фаолияти йўлга қўйилади;
Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти ва “Самарқанд” халқаро аэропортларида Миграция жамғармаси ҳисобидан сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилган ҳолда Миграция маслаҳат бюролари ташкил этилади.
Фармонга кўра, одам савдосидан жабрланган эркаклар, чет эл фуқаролари ва махсус дастурлар асосида Ўзбекистонга олиб келинган репатриантлар фақат Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация марказига (ихтисослашган марказ) қабул қилинади.
Ихтисослашган ҳудудий марказларнинг одам савдосидан жабрланган шахсларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти ихтисослашган марказ томонидан мувофиқлаштириб борилади.
Одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахслар – 1 ой давомида, одам савдосидан жабрланган деб тан олинган шахслар эса кўпи билан 6 ой давомида ихтисослашган марказ ёки ихтисослашган ҳудудий марказлар хизматидан фойдаланади. Бунда:
шахслар уларга одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс мақоми берилган кундан эътиборан 1 ой ичида, одам савдосидан жабрланган деб тан олинган шахс мақоми берилган кундан эътиборан эса бир йил ичида ихтисослашган марказ ёки ихтисослашган ҳудудий марказлар хизматларидан фойдаланиш юзасидан мурожаат қилиши мумкин;
ихтисослашган марказ ёки ихтисослашган ҳудудий марказлар хизматларидан фойдаланган бир шахс дастлабки идентификация қилинганлиги ҳолати бўйича такроран ушбу марказларга жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.
Одам савдосидан жабрланган шахсларнинг ихтисослашган марказ ёки ихтисослашган ҳудудий марказларга келиб-кетиши билан боғлиқ транспорт харажатлари тегишли марказнинг тавсиясига асосан “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда қоплаб берилади:
ихтисослашган марказга келиб-кетиш учун – БҲМнинг 1 баравари миқдорида;
ихтисослашган ҳудудий марказларга келиб-кетиш учун – БҲМнинг ярим баравари миқдорида.