Фармонга кўра, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Балиқчиликни ривожлантириш маркази (Марказ) ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.
Сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирувчилар ва наслчиликка ихтисослашган балиқчилик хўжаликлари қуйидаги тартибда кафолатланган сув билан таъминлаб борилади:
Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари ҳар йили 15 январга қадар сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирувчилар ва наслчиликка ихтисослашган балиқчилик хўжаликлари тўғрисидаги маълумотларни Марказга киритиб боради;
Марказ ҳар йили 30 январга қадар балиқ етиштирувчилар ва наслчиликка ихтисослашган балиқчилик хўжаликларининг сувга бўлган буюртманомалари асосида йил давомидаги сувга бўлган эҳтиёжи бўйича маълумотларни ойлар ва субъектлар кесимида шакллантирган ҳолда Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этади;
Сув хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 мартга қадар шакллантирилган рўйхатга асосан сув манбаларини кўрсатган ҳолда сув олиш лимитларининг ойма-ой графигини тасдиқлайди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 августдан 2030 йил 31 августга қадар “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти томонидан Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан балиқчилик соҳасидаги тадбиркорлик субъектларига барқарорлик рейтингидаги тоифасидан қатъий назар:
Марказий банк асосий ставкасининг икки баробаридан ошмаган миқдорда миллий валютада ажратиладиган кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоиз банддан юқори, бироқ 10 фоиз бандгача бўлган қисми қоплаб берилади;
хорижий валютада ажратиладиган кредитларнинг 8 фоиз банддан юқори, бироқ 4 фоиз бандгача бўлган қисми қоплаб берилади;
миллий ва хорижий валютадаги кредитларнинг 50 фоизигача, бироқ 10 миллиард сўм эквивалентидан ошмаган қисмига кафиллик тақдим этилади.
Tижорат банклари томонидан халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан балиқчилик корхоналарини айланма маблағлар билан таъминлаш учун йиллик 18 фоиз ставкада гаров таъминоти асосида 9 ойгача имтиёзли давр билан 24 ойгача муддатга миллий валютада имтиёзли кредитлар ажратилади.